Республикамизда барча қишлоқ хўжалик экинларидан олинадиган ҳаётий зарур маҳсулотлар: оқсил, мой, углевод, дармондори ва бошқаларнинг яратилишида тупроқ
асосий таъминловчи восита ҳисобланади. Шунинг учун тупроқларимиздан фақат маҳсулот олишнигина мақсад қилмасдан, қонуният асосида унга қайтариш ҳисобига
тупроқларнинг асралишига, унумдорлигининг сақланишига эътибор қаратишимиз керак.
Бугунги кунда мамлакатимизда кузги бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида қишлоқ хўжалиги экинларини экиб маҳсулот олиш борасида бир майдондан икки марта дон ҳосили олишга ҳам эришилмоқда.
Такрорий экин сифатида дуккакли дон ва ем-хашак экинларининг экилиши тупроқ унумдорлигининг ошишида ва чорва ҳайвонлари учун тўйимли озуқа етиштиришда муҳим аҳамиятга эгадир.
Дуккакли дон экинлари илдизида азот тўпловчи ўсимликлар қаторига киради. Улар илдизида шаклланган туганак бактериялар орқали ўсув даври давомида ҳаводаги азотни ўзлаштириб, ҳар гектар майдонга 50-100 кг. дан ортиқ миқдорда биологик азот тўплаши аниқланган.
Дуккакли дон экинлардан бири ҳисобланган мош дон олиш учун экилганда бу экин тупроқни органик моддаларга ва биологик азотга бойитади. Натижада, тупроқ унумдорлиги ортади ва кейинги экинларнинг ўсиш ва ривожланишини яхшилайди,
ҳосилдорлигини оширади.
Мош экини мамлакатимиз тупроқларида ўстириладиган барча экинлар учун энг яхши ўтмишдош бўлиб ҳисобланади.
Мошнинг илдизларида табиий (нитрогинсиз) шаклланувчи ҳаводаги эркин азотни ўзлаштириб тупроқларимизда биологик азот кўринишида тўплаб берувчи туганакчалари жуда тез ва кўп шаклланади, агар мош экиладиган майдонларни
экишга тайёрлаш даврида гектарига ўртача 30-35 кг. дан азот ҳисобидаги минерал ўғитларни, гектарига 60 кг. дан фосфор ва 40-50 кг. дан калий ўғитига қўшиб тупроққа НРУ-0,5 ўғит сочувчи механизмлар билан берилиши керак. Бу берилган
азот мош ўсимлиги учун “старт” меъёрига айланиб, ўсимликни илдиз ва бошқа қисмларининг ўсишини жадаллаштириш билан бирга, мош ўсимлигининг илдизида пайдо бўладиган азот тўпловчи туганакларнинг шаклланишини тезлаштиради,
уларнинг сони кўпайишига олиб келади.
Мош учун қатор оралари ишланадиган экинлар, сабзавот, полиз экинлари, ғалла дон экинлари энг яхши ўтмишдош ҳисобланади.
Тупроққа ишлов бериш: Мошни экиш учун тупроққа асосий ишлов беришда, тупроқ олдинги экинларнинг қолдиқларидан яхшилаб тозалангач, мошдан олиниши мўлжалланаётган ҳосилдорлик, тупроқдаги РК миқдорига асосланиб балансланиб чиқарилган РК лик ўғитларни 100 фоизини тупроққа асосий ишловдан аввал берилиши керак.
Уруғни экиш: Мошнинг давлат реестрига киритилган “Победа-104”, “Радость”, “Наврўз”, “Каҳрабо”, “Дурдона”, “Турон”, “Зилола”, “Маржон” ва бошқа навларини экиш тавсия қилинади.
Уруғни экишда кўпроқ қатор оралари 60 см бўлган пневматик сеялкалардан СПЧ-6-8, янги замонавий пневматик типдаги сеялкаларидан фойдаланилади. Уруғ экиш меъёри
гектарига 20-25 кг. гача, уруғни экиш чуқурлиги 3-4 см қилиб белгиланади, тупроқда нам кам бўлса, чуқурроқ экилиши тавсия этилади. Мош ўсимлигининг туп сони 320-330 минг туп бўлиши керак. Бунинг учун 60 см х 5 см -1 схемада экилганда 333 минг дона кўчат ҳосил қилинади. Мошни, албатта, сеялкада экиш керак. Йирик уруғли навлар экилганда гектарига 30 кг гача уруғлик сарфланади.
Қуйидаги 1-жадвалда мош экинини 60 см ва 70 см қатор орасига экиш схемаларида уруғлик сарфи бўйича маълумот келтирилган.

Мош экилган тупроқлардаги намликнинг даражасига қараб, агар намлик ЧДНСга нисбатан 70 фоиздан кам бўлса, гектарига 500-550 м³ меъёрда уруғ суви берилиши керак. Шунда экилган уруғларнинг тўла униб чиқишига эришилади.
Ҳосилдорликни белгиловчи энг муҳим омиллардан бири майдонлардаги кўчатларнинг тўла бўлиши ҳисобланади. Мош ўсимликлари кўчат қалинлиги меъёрида бўлса, бир текисда поянинг пастидан кўп шохламасдан ўсади, барвақт ва бир текис етилади, кутилган ҳосил яратилади.
Ўсимликка ишлов бериш: Ўсимликларда биринчи 3 талик барг пайдо бўлиши билан қатор ораларини 6-8 см чуқурликда, иккинчи марта тўла гулга кираётганда 10-12 см чуқурликда культивация қилиш зарур. Бу тупроқларнинг ғоваклигини ошириб ўсимликларнинг яхши ўсишини таъминлайди. Тупроқдаги микроорганизмларнинг яхшироқ ишлашига шароит яратилиб, туганак бактерияларнинг фаолияти эртароқ бошланади ва дала бегона ўтлардан тозаланади, тупроқда нам сақланади.
Агар тупроққа экишдан аввалги ишлов даврида азотли ўғит берилмаган бўлса, ўсимликларни культивациядан кейин гектарига физик ҳолда 100-150 кг азотлик ўғит (селитра, карбамид ва х.к)ни бериш керак.
Бегона ўтларни қолдирмаслик учун дала кетмон чопиқ ёки ўтоқ қилинади. Кейинги ишлардан энг зарури ўсимликларни дастлаб ўргимчакканадан, кейинчалик турли хил қуртлардан ва қора ширадан ҳимоя қилиш мақсадида биологик ва кимёвий препаратлар билан ишлов берилади.
Сўрувчи ва кемирувчи зараркунандаларга қарши қуйидаги:
Моспилан 0,15 л/га, Карбафос 0,6-1 л/га, Дельтафос 1,0 л/ га, Аплауд 0,5 кг/га, Адмирал 0,5 л/га, Политрин-К 1,0 л/га, Калипсо 0,1 л/га, Вертимек 0,5 л/га, Фуфанон 1,0 л/га, Кораген 0,04-0,05 л/га, Аваунт 0,4-0,45 л/га миқдорида кимёвий
препаратларнинг бирини (кўрсатилган меъёрларига амал қилган ҳолда) тракторга тиркалган пуркагич билан гектарига 300 литр сув сарфланган ҳолда пуркалиши тавсия қилинади.
Мош тупларида дуккаклар кўриниши билан ҳар гектарига 500-600 м³ меъёрда суғорилади. Ортиқча сув берилиши ўсимликлар ўсув даврининг чўзилишига ва дуккакларнинг пишиб етилмай қолишига олиб келади. Катта меъёрдаги сув тупроқни зичлаштиради, микрофлораларга, ўсимлик илдизига ҳаво етишмаслигига олиб келади, бу ҳам ҳосилни камайтиради.
Мош дуккакларининг пишиш даври узоқ чўзилмайди, айниқса, кўчат қалинлиги яхши таъминланган далаларда мош дуккаклари бир текис, бир вақтда етилиб қораяди, пастки барглари сарғая бошлайди. Мош дуккакларининг 70-75 фоизининг ранги қорайганда, яъни пишганда уни ўришга киришиш керак. Тўлиқ, яъни 100 фоиз дуккакларни пишиши кутилса, пастки дуккакларнинг тўкилиши содир бўлиб, ҳосилдорликка зарар етади.
Ғалладан бўшаган майдонларга экилган мош юқорида келтирилган агротехник тадбирларга тўла амал қилинган ҳолда парваришланганда ҳар гектар майдондан 20-25 центнер миқдорида дон ҳосили олиш мумкин бўлади.
Равшанбек СИДДИҚОВ, қ.х.ф.д., РФА академиги, Абдували МЎМИНОВ, қ.х.ф.н., к.и.х.,
Зафаржон ЯҚУБОВ, лаборатория мудири, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти.
Манба: Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги журнали №6. 2022



















