Қулупнай экинида учрайдиган зараркунандаларнинг тур таркиби, тизимли таҳлили

Ўзбекистонда етиштирилаётган резавор экинлар ичида эгаллаган майдони ва ҳосилдорлиги бўйича қулупнай биринчи ўринда туради. Қулупнай ва хўжағат сермеҳнат экин бўлиб, ишни оқилона ташкил этишни талаб қилади. Республикамиз
шароитида қулупнай етиштириш катта истиқболга эга. Мавжуд табиий- иқтисодий омиллар, агротехник тадбирлар, суғориш ҳамда ҳашарот ва касалликларга қарши кураш чораларини бирга қўшиб олиб борилганда, қулупнайдан юқори ва сифатли
ҳосил олиш мумкин [2].
Қулупнайнинг ҳозирги кунда 4000 га яқин навлари яратилган бўлиб, улар морфологик белгилари, биологик хусусиятлари ва ишлатиш йўналишлари бўйича бир-биридан фарқ қилади. Евросиё ва Америкада 50 тури маълум. Биринчи навлари 18-асрда Нидерландияда пайдо бўлган. Америкадан қулупнайнинг 2 тури – Виргиния ва Чили навлари Европага олиб келинган (2).
Қулупнай – ўсимлиги ёпиқуруғлилар типи (Angiospermae), икки жинслилар синфи (Dicotylodonae), раъногулдошлар оиласи (Rosaceae) тури (Fragaria L). мансуб. Қулупнай – ертут — раъногулдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўтсимон
ўсимлик, резавор экиндир [4].
Қулупнай ўсимлигида ҳозирги кунда Республикамиз шароитида асосий зараркунандаларининг қулупнай баргхўри, қулупнай узунбуруни илдиз кемирувчи тунламлар, бузоқбош ва қуйруқли бузоқбоши қўнғизлари, кузги тунлам, ундов тунлами, гамма тунлами, илдиз ширалари ҳамда шиллиқ қуртни зарар келтираётганлиги аниқланган (5).Юқоридагиларга кўра мамлакатимизда қулупнай зараркунандалари бўйича 2020-2022 йиллар тадқиқотлар олиб борилди. Тадқиқотлар Тошкент вилоятининг Қибрай тумани
“Қибрай Дурдходжаев Агро файз” фермер хўжалиги шароитида қулупнайнинг Виктория, Изабелла ва Чарли навларида олиб борилди. Қулупнай дала майдонларига 2020 йилнинг 10 августида экилган бўлиб, барча усуллар етиштириш агротехнологияларига риоя қилинди. Тадқиқотлар давомида қулупнайнинг ўзига ихтисослашган асосий зараркунандаларининг тур таркиби ва тарқалишини ўрганиш учун намуналар йиғиб келинди. Намуналар институт олимлари билан биргаликда мавжуд турли хил аниқлагичлар ҳамда интернет маълумотлари ёрдамида систематик таҳлил қилинди. Зараркунандалар тур таркиби систематик таҳлили Л.М.Копанева
(1984) аниқлагич ёрдамида олиб борилди.
Таҳлил натижаларига кўра, намуналарда бўғимоёқли жониворлар (Arthropoda) типининг ҳашаротлар (Insecta) синфига мансуб 3 та туркум, 7 та оилага мансуб 8 та тур ҳашаротлар ҳамда ўргимчаксимонлар (Arachnida) синфи, каналар (Acari) туркумига мансуб каналарнинг 1 тури ва моллюскалар (Mollusca) – типи, қориноёқлилар синфига мансуб моллюскаларнинг 2 тури аниқланди (1-жадвал).
Юқоридаги жадвалга эътибор берсак қаттиққанотлилар (Coleoptera) туркумининг баргхўрлар (Chrysomelidae) оиласига мансуб қулупнай баргхўри (Galerucella tenella L) учради.
Қулупнай баргхўри (Galerucella tenella L) баҳорда, апрелда уйғониб қулупнай ва хўжағат ўсимликларининг баргларини кемириб тешиб ташлайди.

Узунбурунлар (Curculionidae) оиласига мансуб қулупнай ва хўжағат узунбуруни (Anthonomus terreus Gyll) тур зараркунандаси учраши кузатилди. Қулупнай ва хўжағат узунбуруни (Anthonomus terreus Gyll) апрел ойларида уйғонган қўнғизлар наъматакнинг ёш ўсимталари билан қисман озиқлангач, қулупнайга учиб ўтади ва бу ўсимлик барг ва гулларини кемириб шикастлаши кузатилди.

Япроқсимон мўйловлилар – (Scarabagidae) оиласининг вакили май бузоқбошиси (Melolontha hypocastani) қуртлари қулупнайнинг илдиз қисмини кучли зарарлайди, ўсимликни нобуд қилади.

Қулупнайни тангача қанотлилар (Lepidoptera) туркумининг тунламлар (Noctuidae) оиласи вакиллари кузги тунлам (Agrotis segetum Den.et Schiff) ва гамма тунлами (Phytometra gamma L.) шикастлаши кузатилди.

Тенгқанотлилар-(Homoptera) туркуми ширалар (Aphididae) оиласи вакили бўлган илдиз шираси- (Eriosoma ulmi L) ҳам учраши ва оққанотлар-(Aleyrodidae) оиласига мансуб
иссиқхона оққаноти (Trialeurodes vaporariorum Westw.) зарар келтириши аниқланди.

Ўргимчаксимонлар (Arachnida) синфига мансуб каналар(Acari) туркумининг турли тирноқлилар (Tarsonemidae) оиласи вакили қулупнай канаси (Tarsonemus pallidus Banks) апрел ойларида қулупнай ўсимлиги билан бирга уйғонади. Зарарланган ўсимликларнинг ёш барглари ривожланмай буришиб қолади, ўсимликнинг умумий туси ўзгаради, «пакана» бўлиб қолади. Бунинг натижасида ҳосилдорлик кескин пасаяди.

Тадқиқот давомида қулупнай ва хўжағат экини экилган майдонларнинг барчасида моллюскалар (Mollusca) — умуртқасиз ҳайвонлар типи, қориноёқли моллюскалар
(Gastropoda) cинфи, (Agriolimacidae) оиласига мансуб дала шиллиқ қурти – (Agriolimax agrestis L) ҳамда тўрли шиллиқ қурт- (A. reticulatus Miill) ҳам учраб ўсимликнинг барглари ва меваларини зарарлаётгани кузатилди.

Шундай қилиб қулупнай экинлари агробиоценозида аниқланган зараркунандаларнинг асосий қисмини қаттиққанотлилар (Coleoptera) ҳамда тангача қанотлилар (Lepidoptera) туркуми вакиллари ташкил этади. Кейинги ўринда эса тенгқанотлилар (Homoptera) туркуми ва ўргимчаксимонлар (Arachnida) синфи каналар (Acari) туркуми вакиллари ҳамда моллюскалар (Mollusca) типи қориноёқли моллюскалар (Gastropoda) cинфи, Pulmonata туркумига мансуб зараркунандалар ташкил этмоқда.
Хулоса шуки, қулупнай экиладиган майдонларда кузатув ва доимий назоратни олиб бориш жуда муҳимдир. Чунки қулупнай кўп холларда тўғридан-тўғри истеъмол қилинади ва агарда кимёвий кураш чораларини ўринсиз ва ҳосил пишишига яқин қўлланилса салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Манба: “AGRO KIMYO HIMOYA VA O‘SIMLIKLAR KARANTINI” Илмий-амалий журнал №5. 2022