Картошка етиштириш учун қандай сидератларни эккан яхши?

Сидератлар тупроқ тузилиши ва таркибини яхшилайди, фойдали моддалар билан уни бойитади.

Сидератларнинг турига қараб уларни кузда ёки музламалар қайтиши билан эрта баҳорда экиш мумкин. Ер юмшатилиб, картошка экиладиган жойга аввал сидератлар экилади. Картошка экиладиган вақтгача экин майсаланиб олишга улгуриши керак. Картошка экишдан икки ҳафта олдин сидератлар ўрилиб, ер билан қўшиб ағдариб юборилади.

Картошка етиштириш учун қуйидаги сидератларни эккан яхши:

1.     Энг кенг тарқалган ва мақбул вариант дуккакли экинлардир: нўхат, ловия, вика. Биринчидан, уларнинг илдизларида тугунчали бактериялар мавжуд бўлиб, улар тупроқда азотни тўпланишини таъминлайди. Ҳеч қайси бошқа сидератлар тупроққа бунақа миқдорда азот бермайди. Иккинчидан, дуккаклилар фосфорга бойдир, чириш орқали уни тупроққа беради. Шунинг учун дуккаклиларни нафақат сидератлар сифатида, балки асосий экин билан биргаликда эгатлар атрофига (периметри бўйлаб) экиш ҳам тавсия этилади.

2.     Хантал (горчица) тупроқни калий билан бойитишга ёрдам беради. Бу экин тез кўклайди ва совуққа чидамлидир. Агар сизни ҳудудингизда ҳали ҳақиқий баҳор келмаган ва такрорий совуқлар келиши эҳтимоли бўлса, у ҳолда сидерат сифатида хантал сепиб қўйган яхши. Асосий экин экилгунига қадар хантал майсаланиб олишга улгуради ва уни ер билан ағдариб ташлагандан сўнг чириш орқали тупроқ унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, хантал – симқуртга қарши жуда яхши курашиш воситасидир. Агар ўтган йили сизни ҳосилингизга симқурт яхшигина зарар келтирган бўлса, баҳорда хантал экинг. Шунингдек у ерни янада юмшоқроқ қилиб, эгатни бегона ўтлардан ҳимоя қилади.

3.     Фацелия ҳам яхши сидерат ҳисобланади. У ҳам симқуртни чўчитади ва тупроқ нордонлигини кетказади (камайтиради).

4.     Турп бегона ўтларнинг кўпайиб кетишини олдини олади. 1-1,5 ойдан кейин турп анча қуюқ яшил массани ўстириб, ерни бегона ўтлардан ва қуриб қолишдан ҳимоя қилади. Чириш жараёнида эса тупроқни озиқлантиради. Ундан ташқари турпни илдизлари анча узун бўлганлиги учун турпдан кейин тупроқ юмшоқ ва енгил бўлиб қолади.

5.     Картошка даласи учун яна бир кенг тарқалган сидерат экинлар бошоқлилар ҳисобланади. Жавдар, буғдой, сули тупроқ тузилишини анча яхшилайди: уни юмшоқ қилади. Ундан ташқари бегона ўтларни кўпайиб кетишини яхши тўхтатади ва тупроқни юза қисмида озиқлантирувчи моддаларни ушлаб туради. Агар битта «лекин» деган жойи бўлмаганида ҳаммаси ажойиб бўларди. Бошоқли экинлар симқуртни ўзига жалб қилади ва унга озиқ бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун картошка эгатларига фақат бошоқлиларни сепишни тавсия қилмас эдик.

Менимча энг мақбул ечим – сидератлар қоришмасидир. Масалан, мен кўпинча қоришма қўлланаман: сули, фацелия, хантал.

Манба: sadoezh.ru dehqon.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!