ОЧИҚ ДАЛАДА ШИРИН ҚАЛАМПИР ВА БАҚЛАЖОН УЧУН ЕР ТАНЛАШ, ЭКИШ ВА ЎҒИТЛАШ БЎЙИЧА ТАВСИЯЛАР

Ширин қалампир ва бақлажон ўсимлиги бўз, ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқларда яхши ўсади. Сизот сувлари юзада жойлашган, шунингдек, шўрланган тупроқлар унчалик ярамайди.
Карам, бодринг ва пиёз энг яхши ўтмишдош экин ҳисобланади. Тупроқ ҳарорати +14..+16°С дан, ҳаво ҳарорати эса +28..+30°С дан паст бўлмаслиги лозим. Тупроқ намлиги 80-85% бўлиши керак. Тайёр бўлган ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини ҳар бирининг узунлиги ўртача 16-18 см дан ва улардаги барглари сони 5-6 тадан бўлган даврида очиқ майдонларга экилади.
Ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини апрелнинг 2-ва 3- ўн кунлигида экиш тавсия этилади.

Кўчатларни 70×30 см ёки 70х40 см тизимида, ер ости сувлар яқин бўлган ерларда 90×25 см тизимида экилади.

Ерни экишдан олдин тайёрлаш, экиш ва парваришлаш жараёнлари помидор экининикига ўхшаш. Тупроқ ҳолатига қараб, гектарига 15 т гўнг, N-160, P-120, K-80 кг солиш тавсия этилади.

Азотни карбамид ёки сульфат аммоний, фосфорни аммофос, калийни эса, калий хлор кўринишида бериш керак. Минерал ўғитлар қуйидагича солинади: карбамид — гектарига 330 кг, аммофос — 261 кг, калий хлор-160 кг. Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда бу ўғитнинг миқдори гектарига 760 кг бўлади. Ўғитлар қуйидаги муддатда берилади:
Кузги хайдовдан олдин: аммофос- гектарига 196 кг, калий хлор – 120 кг.
Биринчи озиқлантиришда – кўчатлар тутиб олгандан сўнг улар тез ўса бошлаган даврда: аммофос — гектарига 64,8 кг, калий хлор — 40 кг, карбамид — 165 кг ёки сульфат аммоний — гектарига 380 кг берилади.
2-озиқлантиришда ўсимликнинг ялпи гуллаш ва мева тугишининг бошланиш даврида: карбамид гектарига — 235 кг ёки сульфат аммоний — 380 кг бериш керак.
Бўз тупроқларда ширин қалампир етиштиришда гектарига 20 т гўнг берилганда тупроққа N-200, P-150, K-100 кг солиниши тавсия этилади.

Манба: @agrobloger

Дўстларингизга ҳам улашинг!