ШУ КУНЛАРДА МЕВАЛИ БОҒЛАРДА БАЖАРИЛИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН ТАДБИРЛАР

Ҳосилли кузги ва қишки навларидаги боғларда қатор ораларини суғориш учун бир-биридан 80 см оралиқда 4–5 та 22–24 см чуқурликда ариқлар олиниб, сув 24–36 соат давомида тупроқ яхши захлагунича жилдиратиб оқизиб қўйилади. Оғир соз тупроқларда битта суғориш меъёри 700–800 м3/га, тошлоқ тупроқларда 400–500 м3/га. Дарахтлар тупидаги асосий ва бачки новдалари қалинлашиб кетса, намлик бўлишига сабаб бўлиб, замбуруғли касалликларнинг ривожланишига олиб келади. Бачки новдаларни олиб ташлаш тадбири албатта бажарилиши зарур. Жорий йилда қиш ва баҳор ойлари илиқ келганлиги боис боғларда касаллик ва зараркунандаларнинг ривожланиши кузатилмоқда.

Ҳосилли боғларда олма, нок, олхўри қурти ва нок шира бургасига қарши июнь ойи бошларида 10–15 кун оралатиб боғларга кимёвий ишловлар берилади. Ушбу тадбир ҳосилли боғларда мевахўр куртакларнинг 2-наслига қарши бўлиб, олмалар гуллаб бўлгандан сўнг 40–45 кун ўтгач бажарилади.

Ушбу муддатларда ҳосилли олма, нок, олхўри боғларида қуйидаги препаратлардан бири қўлланилади: “Карбофос” (100 л сувга 200–300 г ҳисобида) ёки “Циперфос” (100 г) ёки “Децис”, “Каратэ”, “Талстар”, “Циракс” (30–40 г.) ёки “Фуфанон” (100 г), олма қуртига қарши “Вектра” (30 г) ёки “Сапроль” ва “Топсин” (100 г).

Эртапишар олма навларига кимёвий препаратлар билан ишлов берилмайди.
Июнь ойи бошларида ёғингарчилик бўлса шафтоли ва олхўри дарахтларини клястероспориоз, барг бужмалоқлиги ва ун шудринг каби замбуруғли касалликларга қарши Бордо суюқлигининг 1 фоизлиги ёки намланувчи олтингугурт билан такрор пуркаса бўлади. Дарахтларга кимёвий препаратларни қўллаш билан бир қаторда дарахтлар атрофини юмшатиш, уруғли мева дарахтларининг тана ва она шохларига тутқич белбоғлар боғлаб, бир ҳафта-ўн кун ичида тушган қуртларни йўқотиш, тушган меваларни териб олиш каби тадбирлар ҳам бажарилиши керак.

Манба: @agrobloger

Дўстларингизга ҳам улашинг!