Иссиқхона ва очиқ майдонларда учраши мумкин бўлган помидор ва бодринг ўсимлиги касалликлари ва уларнинг олдини олиш йўллари

Помидор ва бодринг ўсимлигида учрайдиган “фузариоз    сўлиш” касаллиги     ҳам иссиқхоналарда,  ҳам очиқ далаларда учрайди. Бунда зарарланган уруғ, уруғбарг ва ёш ниҳоллар бутунлай чириб кетади. Касаллик ўсимликнинг пастки барглари, кўпинча бир томондан сарғайиши ва ўсимликлар сўлғин бўлиб қолишидан бошланади. Сўлган барглар қурийди, бироқ тушмасдан, новдаларда осилиб қолади. Новдалар ҳам ўсимликнинг бир томонида сўлиши мумкин, кейинчалик бутун ўсимлик сўлади. Новдалар устида сариқ чизиқчалар пайдо бўлади. Зарарланган ўсимликлар сўлишдан олдин заифлашади ва бўйи жуда паст бўлиб қолади. Бу каслликни қозғатувчи замбуруғ иссиқсевар организмдир. Ўсимликларни тупроқ ҳарорати 21 даражадан 33дарагача бўлган ҳолатда кучли зарарлайди. Ортиқча азотли ўғит бериш касалликни янада кучайтиради. Қўзғатувчи ўсимлик тўқималарига томирлари орқали киради. Замбуруғнинг хламидоспоралари тупроқда 11 йилгача сақланиши, қўзғатувчи уруғ орқали ҳам ўтиши мумкин. Вегетация даврида касаллик тупроққа ишлов бериш қуроллари, суғориш жараёнида  ҳамда кўчатларни кўчириб экиш пайтида тарқалади. Касаллик ҳосилга кучли салбий таъсир қилади. Ўсиш даврининг ўрталарида енгил зарарланган ўсимликларнинг ҳосили 11-12 фоизга пасаяди. Касалликнинг олдини олишда тупроқни илдиз етган чуқурликкача, одатда 25 см гача, зарарсизлантириш муҳим аҳамиятга эга.  Фузариоз сўлишнинг жуда кучли ривожланиши кузатиладиган минтақаларда зарарсизлантирилган тупроққа чидамли навларни ёки пайванд қилинган помидор кўчатларини экиш тавсия қилинади. Уруғликни самарали фунгитсидлар билан дорилаш, алмашлаб экиш, ўсимлик қолдиқларини йўқотиш, экин яхши ўсиши ва ривожланиши учун зарур агротехника қоидаларига риоя қилиш, ўсимликларнинг қўшимча томирлари ривожланиши учун тупроқ устига мулча солиш, касал кўчат ва ўсимликларни юлиб олиб ташлаш, ортиқча азотли ўғит бермаслик, сўлишга чидамли навларни экиш унинг олдини олишда муҳим тадбирлардир.

Яна бир помидор ва бодринг ўсимлиги касалликларидан бири кладоспориоз яъни “қўнғир доғланиш” ёки “барг моғори”деб ҳам аталади. Кладиоспориоз бутун дунёда тарқалган ва у иссиқхоналардаги асосий касалликларидан биридир. Очиқ далаларда камроқ учрайди. Касаллик ўсимликнинг гуллаш, мева тугиш пайтларида бошланади ва асосан баргларини зарарлайди. Унинг биринчи аломатлари кўчатнинг пастки барглари устида сариқ ёки оч-яшил, ана шу баргнинг доғли жойлари остида ҳам рангсиз, сарғиш ёки оч-қўнғир доғлар пайдо бўлишидир. Барг остидаги доғлар яшил-қўнғир ёки кулранг-қўнғир тусли майин моғор билан қопланади. Касаллик тезда тепадаги баргларга ҳам ўтади. Кучли зарарланган барглар олачипор тус олади ва қурийди. Касаллик кучли ривожланганида помидорнинг гул ва мева бандлари, гулкосабарглари ва тугунчалари ҳам зарарланади ва улар кейинчалик тўкилиб кетади. Касалликнинг энг кучайган даври мева пишиш пайтига тўғри келади. Мевалар устида бўртган, қаттиқ, зайтун рангли, моғор билан қопланган доғлар пайдо бўлади. Зарарланган тўқималар устида замбуруғ миллионлаб конидиялар ҳосил қилади ва касаллик улар ёрдамида тарқалади. Конидиялар ҳаво оқимлари, сув томчилари ва ишчилар воситасида тарқалади. Улар ҳарорат 6 даражадан 34 дарагача ва намлик 75-98% фоизгача, ёруғлик кам ёки йўқ бўлган вақтда ўсади ва баргларни зарарлайди. Касаллик 20 даражадан 27 даражагача ҳаво ҳарорати ва 90 % дан юқори нисбий намликда жуда тез тарқалади ва ривожланади. Намлик 60% дан пастлигида ўсимликлар зарарланмайди. Аммо қуруқ ҳавога жуда чидамлилиги учун, хўжайин ўсимлик мавжуд бўлмаганида ҳам конидиялар 10 ойдан кўп вақт давомида ҳаётчанлигини йўқотмайди. Унга қарши курашда чидамли навлар яратиш ва қўллаш, иссиқхоналарда алмашлаб экишни йўлга қўйиш, ҳаво ҳарорати 24-25°С бўлишини таъминлаб туриш, намлик 65-70% дан ошиб кетмаслиги учун иссиқхоналарни тез-тез шамоллатиш, ўсимликларнинг пастки баргларини иложи борича эртароқ юлиб олиб ташлаш, керагидан ортиқ суғормаслик лозим.

Фарғона вилоайти ўсимликлари карантини ва ҳимояси бошқармаси ўсимликлар карантини инспектори Ботиржон Абдураҳимов