Қорамолларда учрайдиган бруцеллёз касаллиги сабаблари, олдини олиш ва даволаш чоралари

БруцеллёзBrucellosis сурункали кечувчи инфекцион касаллик бўлиб, ҳайвонларда бола ташлаш, йўлдош ушланиб қолиш, эндометрит, қайта туғиш фаолиятининг бузилиши билан характерланади.
Касалликнинг иқтисодий зарари. Хўжаликдаги зотли бўғоз сигирларда оммавий бола ташлаш кузатилади, сут маҳсулдорлиги кескин камаяди, карантин қўйиш ва хўжаликни соғломлаштириш тадбирларига катта маблағ талаб қилинади. Касаллик инсонларга юқади, ундан келадиган иқтисодий зарарни сўм билан ифодалаб бўлмайди.
Касалликнинг қўзғатувчиси ва унинг чидамлилиги. Касаллик қўзғатувчиси Вruсеllа авлодига мансуб бўлиб, унинг 6 та тури мавжуд.
Маълумотларга кўра
Вr. melitensis Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида қўй-эчки ва қорамоллар орасида кенг тарқалган ва эпизоотик, эпидемиологик вазият мураккаб. Касаллик 70,9% ҳолатда қўй-эчкилар, 73,7% ҳолатда қорамоллардан алиментар, 45% ҳолатда қўй-эчки ва қорамоллардан алиментар ёки контактда бўлганда юқади.
Касаллик қўзғатувчиси физик ва кимёвий таъсирларга чидамсиз. 60 °С да 30 дақиқада, 70 °С да 5-10 дақиқада, 90-100 °С да дарров фаолсизланади. Сутда ва қаймоқда 4-7 кун, кийим-кечакда 14 кун, пишлоқ, сарёғ, бринза ва тузланган терида 67 кун, тузланган гўштда 3 ой, музлаган гўштда ва жунда 5 ой фаол сақланади. Тупроқ, сув, гўнг ва хашакда 4 ой ўз фаоллигини сақлайди.
Дезинфекцияловчи воситалардан 1% ли хлорли оҳак, 10-20% ли оҳак эритмаси, 3% ли лизол, 3-5% ли карбол кислота, 2% ли ишқор, 1-2% ли формалин қўлланилса, яхши натижа беради.
Касалликнинг сабаблари ва тарқалиши. Барча қишлоқ хўжалик ҳайвонлари касалликка мойил. Касаллик қўзғатувчи манбаи бўлиб касал ҳайвонлар улар қўзғатувчини ташланган ҳомила ва унинг суюқлиги, жинсий аъзоларидан оққан шиллиқ моддалари, кўз, бурун, оғиз шиллиқ пардалари, сут, сийдик, ахлати орқали ташқи муҳитни зарарлайди. Касаллик қўзғатувчиси сигир елинида 7-9 йил давомида сут билан ажралади.
Бундан ташқари касаллик юқиш омили сифатсиз озуқа, сув, яйлов, тўшама, ҳайвонларни парвариш қилишда ишлатиладиган инвентар (курак, шоха, супурги ва бошқа)лар ҳисобланади.
Касалликнинг тарқалишида ёввойи ҳайвонлар, кемирувчилар ва ҳашаротлар ҳам катта роль ўйнайди.
Касалликнинг кечиши. Касалликнинг ривожланишида организмнинг физиологик ҳолати, иммунореактивлиги, қўзғатувчининг юқумлилик даражаси ва организмга тушган миқдорига ҳамда касал ҳайвон турган шароитга боғлиқ.
Қўзғатувчи организмга тушгач, лимфа тугунлари ва паренхимали аъзоларга боради. Касалликни ривожланишида 3 та босқич мавжуд: 1- латенция
(регионал инфекция), генерализация (организмга тарқалиш) ва 2-латенция.
Регионал инфекция даврида қўзғатувчи жойлашган жойга мослашиб клиник белгилар деярли сезилмайди, аммо ҳайвон касаллик ташувчи ва тарқатувчи бўлиб хизмат қилади. 

Генерализация босқичи бўғозлик, резистентликни пасайиши, ҳайвонни сақлаш ва озиқлантиришни ёмонлашиши эвазига вужудга келади. Кўпинча бўғозликнинг 2-даврига тўғри келади ва касал ҳайвонда бактеремия, ёрқин клиник белгилар кузатилади. Бунда тана ҳарорати кўтарилади. 3-4 ҳафтадан кейин қўзғатувчи елин ва лимфатик тугунларга ва бачадонда кўпайиб, ривожланади. Қўзғатувчи ривожланиш жараёнида ўзидан токсин ажратади. Натижада некротик яллиғланиш жараёни рўй беради. Оқибатда бола ташлаш кузатилади.

Бу босқичда орхит, бурсит, тери остида абсцесси, йўлдош ушланиб қолиши ва эндометрит ривожланади (30-расм).

 

Касалликнинг клиник белгилари. Касалликнинг яширин даври 14 кундан 30 кунгача вақтни ташкил этади. Агар бўғоз ҳайвонлар бўлмаса белгисиз (латент) ва сурункали кечади, касаллик серологик ва аллергик текширишлар орқали аниқланади.
Айрим ҳайвонларда эндометрит эвазига мастит, тухумдонларни яллиғланиши, маҳсулдорликнинг камайиши, иситма, кучли ориқлаш, қисир қолиш, бепуштлик кузатилиши мумкин.
Патологоанатомик ўзгаришлар. Кўп ҳолларда сигир ташлаган ҳомиланинг боши, оёғи ва танаси шишган бўлади. Сигирларда мастит, тухумдонда кисталар, артрит, бурсит
кузатилади. Касал буқаларда йирингли некротик орхит ва эпидидимит аниқланади.
Патологик материал сифатида ташланган ҳомила, унинг пардаси, жигар, талоқ, уруғдон, лимфа тугунлари, бачадон шохлари, котелидон консервация қилинмасдан лабораторияга тезда йўлланма хат билан жўнатилади. Патологик материални ўша куни юбориш имконияти бўлмаса, уларни (ҳо
миладан ташқари) 40% ли глицеринда консервация қилиш талаб этилади.
Патологик материал билан бир вақтда лабораторияга аборт кузатилган ҳайвондан серологик текшириш учун қон зардоби ва сут юборилади. Сутни консервация қилиш учун 10% ли формалиндан фойдаланилади. 5-10 мл сутга 1 томчи 10% ли формалин солинади.
Ташхиси. Касалликка ташхис клиник белгилар, эпизоотологик маълумотлар ва лаборатор текширишлар асосида қўйилади. Касалликни лаборатор ташхисида серологик, бактериологик, аллергик ва полимераза-занжирли реакция (ПЗР) текширишлар қўлланилади (31-расм).

 

Даволаш. Касалга чалинган моллар даволанмайди ва гўштга сўйилади, чунки даволаш эпизоотик жараённи тўла тўхтатмайди ҳамда иқтисодий самарасиздир.
Касалликни олдини олиш ва қарши курашиш чоралари.
Соғлом хўжаликларда ветеринар врачининг рухсатисиз бошқа хўжаликлардан ҳайвонларни киритмаслик, келтирилган ҳайвонларни 30 кун карантинда сақлаш ва уларни бруцеллёзга серологик текшириш, чорва биноларида режали равишда дезинфекция, дезинсекция ва дератизация тадбирларини ўтказиш, ҳайвонларни сақлаш ва озиқлантириш шароитларини яхшилаш ҳамда ҳайвонларни паст вирулентли, аммо иммуноген бактерия штаммларидан тайёрланган вакциналарни қўллаш тавсия этилади. Бунда бутун дунёда тан олинган Вr.abortus-19 штаммидан тайёрланган тирик қуритилган вакцинадан (шт.19) фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Бузоқлар 5-6 ойлигида шт.19 вакцинаси билан бутун дозада эмланади, 1 ойдан, яна 12 ойдан сўнг, яъни 18 ойлигида қон зардоби АР да текширилади. Манфий натижа олинган моллар кичик дозада (2 мл да 3 млрд микроорганизм таначалари мавжуд) шт.19 вакцинаси билан эмланади. Шу усулда эмланганда қорамолларда иммунитет 5 йилгача давом этади (34-расм).

Хўжаликда ҳайвонлар орасида бруцеллёз лаборатор аниқланган тақдирда туман (шаҳар) бош ветеринария врачи далолатномаси асосида ҳоким қарори билан ушбу ҳудуд бруцеллёз бўйича носоғлом, деб эълон қилинади ва унга карантин ўрнатилади.
Дезинфекция учун 5% ли фаол хлорли оҳак, 2 -3% ли ўювчи натрий эритмаси, 2%ли формальдегид тавсия этилади. Гўнг биотермик усулда зарарсизлантирилади.

Манба: » Қорамол касалликлари» 

Тузувчилар: Қ.Ж. Шакиров – Тошкент давлат аграр университети “Умумий
зоотехника” кафедраси доценти, қ.х.ф.д. А.И. Амиров – Тошкент давлат аграр университети “Умумий зоотехния” кафедраси ассистенти.
Тақризчилар: С.И. Мавланов – Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат
қўмитаси, инновацион фаолият, фан ва таълим соҳасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, в.ф.д.
Лойиҳа иштирокчилари: У.Ф. Файзуллаев, М.С. Ҳайитбоев.

Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ