Аҳоли хонадонлари ва фермер хўжаликларида дағал хашаклардан сомон, дони олинган маккажўхори сўтаси, табиий ўтлар, қамиш, янтоқ, қизилмия, шўра ва бошқа дағал ўт ларни қайта ишлаб молларга беришга тайёрлаш иқтисодий
жиҳатдан самарали усулдир.
Дағал озуқаларни тайёрлашнинг қуйидаги усуллари мавжуд.
Физикавий усул – дағал хашакни майдалаш, намлаш, буғлаш.
Биологик усул – озиқни ўз-ўзидан қиздириш, силос тайёрлаш ва ачитиш.
Кимёвий усул – бунда озуқага ишқор, кислота ва бошқа кимёвий препаратлар билан ишлов берилади.
Физикавий усул.Қирқилиб майдаланган сомонни моллар тўлиқ ейди ва арзонга тушади. Майдалаб қирқилган сомоннинг узунлиги қорамоллар учун 4-5 см, от ва қўйлар учун 2-3 см бўлиши керак.
Майдаланган сомонни намлаш учун иссиқ шўр (100 кг сомонга 1,5-2,0 кг тузни 20-30 иссиқликда 80-100 л сувда эритилади) сув, барда ишлатилади. Намланган сомонни қўл билан сиқиб кўрилганда ундан сув оқмаслиги керак, уни дарҳол молларга бериш керак бўлади, акс ҳолда хоналар иссиқ бўлса тез ачиб кетади, совуқда эса яхлаб қолади. Намланган сомонни илдизмевалар, силос, бардалар билан қўшиб берилса, унинг ейилиши ва ҳазм бўлиши яхшиланади.
Сомонни димлаш усулида сомонни катта идишларга ёки ўраларга қаватма-қават қилиб солиб, сув билан биртекис намланади (100 кг сомонга 80-100 л сув) ва босилади, туз сепилади ёки бошқа озуқалар қўшилади. Сомон билан тўлдирилган идиш ёки ўра усти яхшилаб беркитилади ва буғ юборилади. Димлаш қопқоқ устидан буғ чиқа бошлагач, тағин 30-40 минут давом этади. Шундан сўнг уни совитиш учун 6-8 соат қолдирилади ва молларга берилади.
Биологик усул. Кейинги йилларда сомонни гидролиз қилиш ва хамиртуруш қўшиш билан ишлов бериш кенг қўлланилмоқда. Бунда бирмунча қанд моддаси ҳосил бўлади,
қуруқ ўсимлик массасидан 5-20% турли хил қандлар олиш мумкин. Сомонни гидролиз қилиш ва уни оқсил билан бойитиш натижасида тўйимлилик 2,5-3 марта ошади.
Сомонга ишлов беришнинг иккинчи қисмида гидролизланган сомон ёки бошқа дағал озуқани қандга айлантиришдан фойдаланиб озуқавий ачитқилар ўстиришдир.
Гидролизланган озуқалардан соғин сигирларга 21-22 кг бериб боқилганда унинг семириш даражаси 105 фоизга, сут миқдори 18-20% га ошади.

Сомонни ўз-ўзидан қиздириш усули. Бу энг қулай, осон, харажат талаб этмайдиган усулдир. Бунда майдаланган сомонни идишларга ёки хандақларга (эни 1,5 м, чуқурлиги 1,5 м, узунлиги эҳтиёжга қараб 4 хонали хандақларга) намлаб солинади. Сомонни ҳар бир хонага 25-30 см қалинликда солинади, ҳар бир 100 кг сомонга 65-70 л сув билан намланиб, яхшилаб аралаштирилади. Сомонни ўз-ўзидан қизишини тезлатиш мақсадида ҳар жойидан 30-40 л қайноқ сув қуйилади ва яхшилаб зичланади. 3-4 кун ўтгач, сомондаги ачиш натижасида у қизий бошлайди ва унинг ҳарорати 40-50 °С га боради.
Кимёвий усул. Бу усулда ишлов беришдан асосий мақсад лигнин, кремний кислоталарини қисман парчалаб, уларнинг қаршилигини камайтиришдир. Кимёвий моддалар таъсирида (ишқорда суюлтирилганда) пектин моддалар эрийди, тўқималар устидаги қобиқ бироз юмшайди. Ишқор билан ишлов берилганда кавш қайтарувчи моллар органик моддаларни 68-72% гача, клечаткани 80-82% гача, азотсиз экстрактив моддаларни 55-60% гача ҳазм қилади. Ишлов берилмаганда эса 45% органик моддаларни, 53-58% клечаткасини ва 40% азотсиз экстрактив моддаларни ҳазмлайди.
Оҳактош билан ишлов бериш. Бунинг учун кальций оксиди камида 90% ни ташкил этадиган юқори сифатли оҳактош керак бўлади. 1 тонна сомонга ишлов бериш учун 90 кг сув қўшиб тайёрланган “оҳакли сут” ёки 2,0-2,5 метр куб сувда суюлтирилган 30 кг сўндирилмаган оҳактош керак бўлади.
Майдаланган сомон оҳакли сутга 5-10 минут давомида солиб олинади ва тахталар устига ёйилади, тахталардан сизиб чиққан эритмани яна қайтадан тахталар устига ёзилган сомонга бир-неча марта сепилади. Ишлов берилган сомон 1 кун қолдирилади ва молларга берилади.
Аммиакли сув билан ишлов бериш. Аммиакли сув қўлланилганда 1 кг сомондаги протеин миқдори 5-8 г дан 20-30 граммгача ошади. Аммиакли сув сомон оғирлигига нисбатан 3% ҳисобида ёки 25% аммиакли сувни 120 литри 1 тонна сомонга ишлатилади. Идишларда ёки сомонли хандақларни усти беркитиб ишлов берилган шароитда иссиқ кунларда 5-6 ва ҳаво ҳарорати совуқроқ бўлганда 8-10 кун плёнка остида сақланади. Сўнгра усти очилади, аммиак ҳиди кўтарилгандан кейин молларга берса бўлади.
Манба: » Сифатли озуқалар тайёрлаш» Тузувчилар: Н.Р. Рўзибоев – Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти Оҳангарон бўлими бошлиғи, қ.х.ф.д.
Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ




















