
Туғиш мавсумида бўғоз она қўйларни асраш шароитларига алоҳида эътибор бериш лозим. Бўғоз қўйларни туғишига 1-3 кун қолганда уларни елини катталашади, жинсий аъзолари қизариб, чўзилади, сағриси осилади. Туғишдан олдин она қўй безовталанди, қорин қисмини ялайди, тезтез ётиб туради, бемалол жой излайди, агарда бўғоз совлиқни озиқлантириш ва асраш шароитлари тўғри бажарилган бўлса, туғиш жараёни яхши ўтади. Жинсий аъзода йўлдоши кўриниб, ҳомила чиққунча бўлган вақт 30-40 дақиқа, биринчи марта туғаётган қўйларда бу жараён 50 дақиқа бўлса, ўз вақтида туққан хисобланади. Агарда юқорида кўрсатилган вақтдан 10-15 дақиқа ўтиб кетса, она қўйга ёрдам кўрсатиш лозим. Она қўй туққандан 1,5 соат ўтгандан кейин йўлдоши тушади, агарда 5-6 соатдан ўтиб кетса, ветеринарни ёрдамга чақиринг. Туғруқ ниҳоясига етгач ёки туғруқ пайтида киндик ўз-ўзидан узилиб кетади, қўйларнинг йўлдоши чиқиб кетиш вақти 0,5-3 соат. Йўлдош тушгандан сўнг бачадон ўз ҳолига кела бошлайди, қўйларда ушбу муддат 30 кун давом этади. Йўлдош тушгач, уни кўмиб ташлаш керак, баъзан она қўйлар ўз йўлдошини ейиши мумкин.
Қўзиларда киндик тозалаш наслнинг саломатлиги учун муҳимдир. Шунинг учун киндик 4 бармоқ пастдан кесиб боғлаб, йод билан дезинфекция қилиш керак.
Туққандан кейин совлиқнинг елин қисмидаги жунлар тозаланади, жинсий аъзолари иссиқ сув билан ювилади ва 2-3 соатдан кейин озгина (1-1,5 л ) илиқ сув жониворга ичиш учун берилади.
Манба: » ҚЎЙЧИЛИК» Тузувчи: Н.Р. Рўзибоев – Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти Оҳангарон бўлими бошлиғи, қ.х.ф.д
Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ




















