Бўғоз қорамолларнинг туғиш аломатлари ва туғруқ жараёни

Сигирлар туғишига 1-2 кун қолганда махсус тайёрланган хона (бокс)га ўтказилади. Унинг ўлчамлари 3х3х3 м ёки 9-10 м2 майдонни ташкил қилади. Ушбу хона олдинги сигирдан

кейин яхшилаб ифлосликлардан тозаланиб, ювилиб, дезинфекция қилиниб, 2-3 кун шамоллатиб қуритилади. Шундан кейин унинг полига (тахта ёки пишиқ ғишт) қалин (15-20 см) сомон ёки похол (шоли) тўшалади. Ҳар бир хонага бир бошдан сигир қўйилади.

Туғиш – бузоқ туғилиши ва йўлдош (ЭШ)нинг тушиши демакдир. Ҳомила она қорнида тўғри жойлашганда, унинг олдинги оёқлари устига калла олдинга қараб туради, у бачадон бўйнига йўналган бўлади. Ҳомиланинг нотўғри жойлашиши тахминан 5 фоизни ташкил қилади.

Туғиш аломатлари:

• елиннинг қизариб шишиши, катталашиши;

• тос мускулларининг бўшашиши;

• ташқи жинсий аъзодан бачадон бўйнини тўсиб турган шилимшиқни ажралиши.

Туғишда дастлаб бачадон бўйни кенгаяди, бу жараён катта ёшдаги сигирларда 2-3, ғунажинларда 4-6 соат давом этади. Бу даврда бачадон бўйни окцитоцин гормони ва “сувли қоп” таъсирида кенгаяди. Ҳомила пардасининг муддатидан олдин ёрилиши молни туғишини қийинлаштиради, яъни бачадон бўйнини кенгайиши рўй бермайди.

Шундан кейин бузоқ туғиш йўллари орқали ташқарига чиқади. Бузоқ туғилганда баъзан ҳомила пардасида бўлиши мумкин. Туғиш пайтида олдинги оёқ ва калла чиққанидан кейин тананинг бошқа аъзолари осон чиқади. Бу жараён 2 соат давом этиши мумкин. Туғиш пайтида бузоқни керак бўлмаганда олдинги оёқларидан тортиб сигирга ёрдам бериш хато ҳисобланади. Сигир табиий ҳолда ўзича туққани мақбул. Туғиш пайтида сигир безовталанади, калласини сарак-сарак қилиб орқага ўгирилади. Бу жараёнга кераксиз аралашиш туғишнинг табиий кечишига халақит беради. Баъзан ҳомила пардасида туғилса уни йиртиб, нафас олишга ёрдам бериш керак.

Манба: «Сутдор қорамолларни парваришлаш»

Тузувчи: Қ.Ж. Шакиров – Тошкент давлат аграр университети Ипакчилик ва тутчилик факультети, “Умумий зоотехника” кафедраси доценти, қ.х.ф.д.

Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ