Қулупнай нисбатан нозик экин, бироқ у озиқ моддаларга бой, ҳаво ўтказувчан тупроқларда яхши ривожланиб, юқори ҳосил беради. Ўзбекистон шароитида қулупнай етиштиришнинг энг асосий шарти – экинни сув билан таъминлашдир.
Ўзбекистоннинг водий қисмидаги тез-тез ёғиб турадиган ёғингарчиликлар ҳам экин ўсиш давридаги намга бўлган талабни қондиролмайди. Шунинг учун суғориш агротехника комплексининг ажралмас қисми ҳисобланади. Суғоришдан мақсад тупроқ таркибидаги мавжуд сув билан унинг сувга бўлган талаби орасидаги фарқни тўлдиришдир. Зарур сув миқдорини ва суғориш сонини аниқлашда йирик мевали қулупнайнинг биологик хусусияти, тупроқ характери, ёғин-сочин миқдори, экин қалинлиги, нав ва унинг шаклланиш шароитлари ҳисобга олинади.
Ўсимликларнинг сувга бўлган талаби баргининг ҳолатига қараб аниқланади. Тупроқнинг нормал намлиги тупроқ нам сиғимига нисбатан 15-20% ни ташкил этиши лозим.
Ўсимлик ўсув давридан тиним даврига ўтаётганда намлик камайтирилади, бу тўқималарни тезроқ етилтириш учун қилинади. Тупроқ намлиги илдиз тизими жойлашган қисмда (30-40 см) аниқланади. Намуна белкурак билан кавлаб ёки қўл билан олинади. Кўпинча ер устки қисми қуруқ, чуқурроқ қисми эса етарли миқдорда нам бўлиши мумкин.
Ўзбекистон резавор мевалар тажрибасида, қулупнай ўсув даври мобайнида 13-24 марта суғорилади, бунда ҳар бир суғоришда гектарига 300 дан 800 м³ гача сув сарфланади. Фарғона водийсининг шағалли ерларида тез-тез, кам миқдорда суғорилади, шунга ўхшаш республика жанубидаги (Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё) вилоятларда ҳам ҳосил териш даврида сув берилади.
Республика шимолидаги оғир тупроқли ерларда, Қорақалпоғистон Республикасида, Тошкент вилоятида сийрак, лекин қондириб суғорилади.
Қор бўлмаган айрим қиш ойларида ва баҳор қуруқ келганида қўшимча равишда қишки ва эрта кўкламги сув берилади. Ўсув даврида ҳаммаси бўлиб 13-15 марта суғориш керак: биринчиси – мева туга бошлаганда (апрелнинг иккинчи ўн кунлигида); меваси пишганда (май, июнь) беш олти марта; гулкуртак ва новда чиқарганда тўрт-беш марта, ўсимликни қишга тайёрлаш даврида, кузги ёғингарчилик бўлмаса – уч марта сув берилади (бу сентябрь, октябрь ойларига тўғри келади).
Ёздаги иссиқ ҳарорат ва сувнинг кечикиб берилиши ўсимликнинг ўсиши ҳамда мева тугишига салбий таъсир этади, яъни мевалари майда бўлиб, ҳосил чўғига путур етади. Меваси етилаётган даврда уни теришни осонлаштириш учун пуштага бир эгат оралатиб сув берилади. Суғорилгач икки-уч кунда қатор ораси юмшатилади, тупроқнинг қуриб қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Акс ҳолда қуруқ кесаклар илдиз тизимини шикастлантириши мумкин.
Илдиз қисмида намлик бўла туриб қайта-қайта суғориш илдиз чиришига сабаб бўлиши мумкин.

















