Уй шароитида (томорқада) картошка етиштириш бўйича тавсия

Аҳамияти. Картошка – озиқ овқат, ем-хашак ва техник аҳамиятга эга универсал экиндир. Уни иккинчи нон деб юритилади. Картошкадан 500 дан зийод турли мазали таомлар тайёрланади. Картошка туганаги-қайта ишлайдиган спирт, крахмал, декстрин, глюкоза, каучук ва бошқа саноат тармоқлари учун хом ашё ҳисобланади. Картошкадан олинадиган спирт тиббиётда, крахмал эса қоғоз, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатларида алмашинмайдиган, тенги йўқ хом-ашйодир.

Экиш учун тавсия этиладиган навлар. Картошканинг Ўзбекистон Республикаси Давлат реэстрига 63 та нави киритилган. Эртапишар навлардан: Латона, Фреско, Ред Скарлет, ўртаги-эртаги: Кондор, Марфона, Романо, Курода, Санте, Диёра, ўртапишар: Тўйимли, Умид, Кўк сарой, Серҳосил, Аладин, Аринда, Арнова, ўртаги–кечки: Ақроб, Мондиал, Диамант, Пикассо ва бошқаларни экиш тавсия этилади.

Уруғ танлаш. Картошкадан юқори ҳосил олиш, ҳосил сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлаш учун уни ундирилган туганакларидан экиш керак. Ундирилган туганакларни баҳорги муддатларда экиш ундирилмаган туганакларни экишга қараганда ҳосилдорликни 12–15%га ошириб, 10–15 кун эрта пишишига имкон беради. Маҳаллий шароитда тайёрланган уруғлар ундириш хоналарига экишдан 30–35 кун олдин, четдан келтирилган уруғликлар 20–25 кун илгари қўйилади. Ундириш хонасида ёруғлик ва 18–22оC даража иссиқ ҳарорат яратилиши лозим. Уруғликлар майда йириклигига қараб (40–60, 60–80, 80–100 г) саралаб, ундириш хонасининг полларига, сўкчакларга (стеллаж) 2–3 қатламдан оширмай ёки 12–20–25 кг сиғимли яшикларга қўйиш лозим. Оғирлиги 100 г дан катта бўлган туганакларни экиш учун икки-уч бўлакка бўлиниб экилади. Картошка ҳосилдорлигини оширишда экиладиган уруғлик туганакларнинг йириклиги, шакли ва бошқа белгиларига эътибор бериш муҳим тадбир ҳисобланади.

Ер тайёрлаш. 1 сотих ерга 250–300 кг (10 сотихга 2,5–3 т) тоза, чириган гўнг солинади. Тупроқ белкуракда 18–20 см чуқурликда юмшатилади ёки кетмон билан чопилади. Катта кесаклар майдаланади ва ер текисланади. Туганакларни экиш учун қатор оралари 70-90 см бўлган эгатлар олинади.

Экиш муддати ва схемаси. Картошка баҳорги муддатда жанубий вилоятларда 15-феврал – 1-март, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 25-феврал – 10-март, шимолий минтақаларда 10–20-март оралиғида экилади. Ёзги муддатда жанубий вилоятларда тезпишар навлар 10–20-июл; ўртапишар навлар 5–20-июл; кечпишар навлар 20–30-июн; марказий минтақада жойлашган вилоятларда тезпишар навлар 10–20-июл, ўртапишар навлар 10–30-июн, кечпишар навлар 10–20-июн оралиғида экилади. Шимолий ҳудудларда тезпишар навлар 20–30-июн, ўртапишар навлар 15–25-июн, кечпишар навлар 5–10-июн оралиғида экилади. Картошка туганаклари (уруғлиги) 5–8 см чуқурликка экилади ва ҳар 1 сотих 30–35 кг уруғлик сарflанади. Картошка олдиндан тайёрлаб қўйилган майдонга қўлда кетмон билан 70х30 ёки 90х25 см схемада экилади.

Парваришлаш. Туганаклар тўлиқ униб чиққунча об-ҳаво ва ер шароитига кўра 1–2 марта суғорилади. Суғориш натижасида бегона ўтлар ҳам жадал ўсиб чиқа бошлайди. Уларни йўқотиш мақсадида суғоришдан 3–5 кун ўтгач, қатор оралари ва эгатларнинг устки қисмига қўлда кетмон билан енгил чопиқ қилинади. Улар ердан тўлиқ униб чиққандан кейин 20–25 кун ўтгач, ўсимликларга биринчи комплекс ишлов берилади. Қатор оралари 15–16 см чуқурликда, ўсимликдан 10–12 см ҳимоя масофаси қолдирилиб юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланади. Шундан сўнг ўсимликларни биринчи марта азотли ўғит (50%) билан озиқлантириб, кейин қондириб суғориш тавсия этилади.

Иккинчи комплекс ишлов биринчи ишловдан 25–28 кун ўтгач ёки ўсимликлар ёппасига ғунчалайдиган даврда амалга оширилади. Картошка баҳорда экилганида ўсув даври ҳавонинг салқин ва тупроқнинг сернам пайтига, ҳосил тўплаш даври эса ёзнинг айни қизий бошлаган вақтига тўғри келади. Шунинг учун ҳам эртаги картошкани ҳосил тўплаш (туганаклаш) пайтида ҳар 5–6 кунда 1 сотих 4–4,5 м3 меъёрда суғоришни талаб қилади. Кечки картошка ўсув даврида 8–10 кун оралатиб бир меъёрда суғорилади. Ҳосилни йиғиб-териб олишга 2–3 ҳафта қолганда сув бериш тўхтатилади.

Ўғитлаш. Картошканинг миинерал ўғитларга бўлган талаби юқори. Шу боис бу экинни ўстиришда 1 сотих майдонга соф ҳолда 2,2 кг азот, 1,7 кг фосфор, 1,1 кг калий бериш керак.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Картошка ўсимлигини колорадо қўнғизи ва картошка куяси кўп зарарлайди. Колорадо қўнғизи пайдо бўла бошлаганда уни қўлда териб чиқиш тавсия этилади. Қўнғизлар кўпайиб тухум қўя бошлагандан кейин кимёвий препаратлар қўлланилади. Бунда 10 сотих майдонга Карате 5% к.э. (10 мл), Моспилан 20% н.к. (20–25 мл), Суми-алфа 5% к.э. (50 мл) препаратлари 60–70 литр сувда яхшилаб аралаштирилиб пуркалади. Картошка куясига эса Кораген 200 к.э (хлорат-ранилипрол) -0,15-0,20 л/га (10 л сувга 1,5-2 мл) ва Эмафос 42% к.э. (эмамектин бензоат+хлорпирифос) — 0,6-0,8 л/га (10 л сувга 6-8 мл) қўллаш тавсия этилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Картошка туганаклари 25–30 см чуқурликда шаклланади, шунинг учун кетмон ёрдамида чуқурроқ ковлаб олинади. Ковлаш даврида тупроқ нам бўлиши лозим. Шунда картошкаларни бешикаст йиғиштиришга эришилади.

Иқтисодий самараси (нархлар 2017-йил ҳолатига). 10 сотих майдонга 300 кг уруғлик картошка 2500 сўмдан 750 минг сўм сарflанади. Умумий харажатлар 1 399 050 сўмни ташкил этади. Ҳосилнинг бир килограмми 2000 сўмдан сотилганда 4 млн. 460 минг сўм бўлади. Шунда 10 сотих майдондан 3 млн. 61 минг сўм соф фойда олиш мумкин.

Манба: «Томорқа — даромад манбаи» қўлланмаси

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!