Домой Боғбончилик ИНТЕНСИВ БОҒДОРЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВР ТАЛАБИ

ИНТЕНСИВ БОҒДОРЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВР ТАЛАБИ

Мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш,аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш долзарб масалалардан бўлганлиги сабабли давлатимиз раҳбарияти доим эътибор бериб, ғалла, мева-узум, сабзавот-полиз ва картошкачилик соҳаларини жадал ривожлантиришга катта сармояларни йўналтирмоқда.

Бозор иқтисодиёти шароитида боғдорчиликни ривожлантириш интенсив ва суперинтенсив технологияларга ўтишни тақозо қилади. Бу Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Интенсив боғларни афзаллиги бу дарахтларнинг танаси кичик бўлганлиги учун улар билан ишлаш қулай. Бундай боғларда танасига ёруғлик тушиши, ҳаво айланиши яхши бўлганлиги учун, дарахтлар эрта мевага киради, ҳар йили мева берадива мевасини сифати юқори бўлади. Мевасини териш ҳам қулай, айниқса симбағазга олинган боғларда,бунда иш унумли бўлиши билан бирга терилган маҳсулотнинг товар сифати ҳам юқори. Ҳозирги пайтда мамлкатимизда  интенсив боғлар майдони 44 минг гектардан зиёдни ташкил этмоқда. 2019 йилда 6 минг гектар интенсив боғ ва 8 минг гектар токзорлар барпо этилди.

Боғ турини танлашда асосий кўрсаткич — маълум худудда иқтисодий самарадорлиги юқори бўлган боғ ва барча омилларни ҳисобга олиниши шарт.

Шунинг учун замонавий интенсив боғ турини танлаганда махаллий шароитдан келиб чиқиш лозим. Тупроқ таркиби, сув таъминоти, майдоннинг релъефи, ишчи кучининг мавжудлиги, марказий коммуникацияларга нисбатан жойлашиш масофаси(темир йўл, марказий автомобиль трассаси ва хоказо),сақлаш ва  қайта ишлаш корхоналариниг яқинлиги ва энг асосийси шу худудда қайси мева тури яхши ўсиб юқори ҳосил бериши, ҳаридоргирлиги ҳамда экспортбоплиги ҳисобга олинади. Боғдорчилик кластерларини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Бу боғларда қўлланиладиган парваришлаш тадбирлари оддий боғлардагидан фарқ қилади. Интенсив боғлардаги мевали дарахтлар 1-2 йилда ҳосилга киради, 1 гектар пакана боғларда туплар сони 2375-3100(симбағизда ўстирилгани 2500-3500) донани ва дарахтларнинг баландлиги 2,0-3,5 м ни ташкил қилади. Натижада меҳнат унумдорлиги юқори бўлиб, бир киши бир кунда 1500 кг мева теради, оддий боғда эса 300 кг. Кўчатлар касалликларга, зараркунандаларга, совуққа чидамлироқ бўлиб, меванинг шакли, ранги ва таъми жаҳон стандарт талабларига тўла жавоб беради.

Интенсив боғда паст ва пакана бўйли пайвандтагларга уланган дарахтлардан фойдаланилади. Симбағизли боғларда ўстирилаётган мева дарахтининг эни пакана вапаст бўйли дарахтларда мос равишда100 см. ва 150 см. ни ташкил қилиши лозим, шунда танасини қуёш нурлари яхши ёритади. Дарахтларнинг бўйи эса 3,5 м дан ошмаслиги керак. Қатор оралари 3,5-4,0 м. бўлганда дарахтлар таналари қуёш нури билан яхши таъминланган бўлади.

Академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти бу соҳада кенг кўламли тажрибалар ўтказган ва пайвандтагни навнинг ўсиш кучига ва улар танасига бериладиган шакллар усулига қараб дарахтларни интенсив боғда мақбул жойлаштиришнинг схемалари ишлаб чиқилган[4].

Саноатлашгани интенсив боғларда дарахт зичлиги пакана пайвандтагда 1 гектар боғда 1900-2900 гача боради. Буларда навни тўғри танлаш ва уларни ўсиш кучига қараб жойлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бу боғларда энг асосий омиллардан бири тўғри шакл бериш.Анъанавий усулда экилган симбағизли боғларда шакл оддий итальян усулида берилган бўлса, замонавий боғларда веретино(арчасимон) усулида амалга оширилади.

Интенсив мевали боғлар пайвандтаг турига қараб узлуксиз 18-20 йил ўсиб, ривожланиб ҳосил беради. Пакана боғлар маҳсулдор даври деярли икки баробар қисқа бўлса ҳам улар шу даврда уруғли боғ бутун умрида берадиган маҳсулотдан деярли 1,5-2 баробар кўп,сифатли ва таннархи арзон маҳсулот беради. Бу жараёнлар нормал кечиши учун ер тўғри танланиши ва кўчат экиладиган тупроқ жуда сифатли тайёрланиши керак.Агар боғ жўяклар орқали суғориладиган бўлса, олдиндан кўчат экиладиган майдон сув юриши учун яхшилаб текисланиши лозим. Шу мақсадда олдиндан геодезик ишлар олиб борилиб, лозим бўлса лазер қурилмали ер текислагичлар ёрдамида текисланади. Пакана ва паст бўйли мевали боғларга кўчат экиладиган майдонларни плантаж плуг билан камида 50-60 см чуқурликда ҳайдаш шарт. Фақат бу ишларни боғга кўчатни экишдан олти ой олдин, имкони бўлмаса, уч ой олдин ўтказиш керак(шу орада тупроқ ўтириб, майдон яна зичлашади). Бу ишлар ППУ-50 плуги ёрдамида амалга оширилади.Плантаж ҳайдовидан олдин боғга кўчат экиладиган майдонга ҳар гектар ҳисобига 50-60 тонна гўнг чириндисидан ва минерал ўғитлардан фосфор 180 кг/га, калий 90 кг/га ва азот ўғитининг аммоний формалигидан 120 кг/га, таъсир қилувчи моддаси ҳисобида бериш лозим. Ер қуруқ бўлса плантаж ҳайдовидан олдин суғориш лозим. Бу ишларни боғга кўчат экилишидан энг ками билан 2-3 ой олдин бажариш лозим. Хўжаликда чиринди масаласи танқис бўлса, боғга кўчат экиладиган майдонга сидерат ўсимликларини экиб, улар гуллаган даврида ҳайдаб ташланади. Сидератларни гуллаш даври ерни ҳайдаш даврига тўғри келадиган қилиб экилади. Интенсив мевали боғларни 2-3 йил бедазор бўлган ерларда ташкил қилиш яхши самара беради. Мевали боғларни ташкил қилишнинг энг мақбул даври бу куз(ноябрь, декабрь)[5].

Паст бўйли интенсив кўчатларни экиш техникаси худди кучли ўсувчи пайвандтагда ўсувчи кўчатларникига ўхшаш. Дарахтлар ёшлигида доим бир текис ўсишини таъмин этиш, доим назорат қилиб туриш боғбоннинг асосий вазифасига киради. Хорижда интенсив боғларни парваришлаш агротехникаси ва уни бажаришда қўлланадиган механизация воситалари яхши йўлга қўйилган. Мамлакатимизбоғбонлари интенсив боғни парваришлаш ва унинг мевасини териш технологияларини жадаллаштириш, боғдаги барча агротехник тадбирларни комплекс механизациялаштириш йўлида кенг тадқиқотлар олиб боришмоқда ва ижобий ютуқларга эришмоқда.

Қуёш нури дарахт танасидан яхши ўтиши учун мева деворининг баландлиги 2 м ва эни 1,3-1,5 м. дан ошмаслиги лозим. Бу ҳажмлар хўжалик талабларига хам мос келади, чунки барча жараёндаги ишларни, шу жумладан, мева теришни хам ерда туриб амалга оширса бўлади.

Соҳани тўлиқ механизациялаш  ва техника воситаларини қатор ораларига кириб бемалол ишлаши учун қатор орасидаги  бўш масофа камида 2 м. бўлганда ва дарахтларнинг эни 1,5 м. бўлса, демак қатор ораси 3,5 м. бўлиши лозим. Қатор оралари бундан кам бўлса, механизация ишлари дарахтлар устидан юриб ишлайдиган портал трактор ёрдамида амалга оширилади.

Боғга кўчат экиладиган майдон экишга тайёр бўлгандан сўнг боғнинг турига қараб режаланади. Эркин усулда шаклланадиган боғлар анъанавий усулда режаланади ва чуқурлари НКЯ-100 бурғусида ковланади. Кўчатларни экишдан олдин илдизлари махсус тайёрланган шатмоққа ботириб олинади (гўнг+тупроқ+фунгицид-окарицид+сув) ва илдиз бўғизи(уланган жой) тупроқ юзасидан 5-10 см юқори қилиб экилади. Экилган кўчатларнинг атрофи лагансимон қилиб очилади ва икки томонидан суғориладиган жўяклар билан бирлаштирилади. Суғорганда сув жўякдан лагансимон чуқурларга киради ва кўчатни ҳамма тарафлама намланишини таъмин этади. Лагансимон чуқур қилинаётганда дарахтнинг танаси 15-20 см баландликда кўммаланади.Суғориш экиб бўлиш билан бир вақтда бошланади. Экилган кўчатлар кузда экилса кесилмагани маъқул.

Замонавий пакана бўйли пайвандтагга уланган,  қатордаги дарахтларнинг ораси жуда яқин 0,6-1,2 м бўлган боғларни суғориш учун томчилатиб суғориш тавсия этилади. Бу илдиз тизимини ёйилишини чеклайди ва уларни танаси атрофида зич жойлашишга мажбур этади. Томчилатиб суғориш тизими орқали барча озуқани бериш (фериктация) амалга оширилади ва дарахт озиқани тупроқдан эриган ҳолда олади, бу илдиз тизимини маълум жойда шакилланишини таъминлайди. Томчилатиб суғорганда асосан томчи маълум ерга тушади ва унинг атрофини, чуқурлигини, тупроқ шароитидан келиб чиққан ҳолда маълум миқдорда намлайди. Томчи доимий намланган ерда дарахнинг сўрувчи илдизларини жамланишига олиб келади. Шу тариқа замонавий интенсив боғларда илдиз тизими тарқалишини керакли усулда бошқариш мумкин. Томчилатиб суғориш айниқса сув танқис, лалми ва адир  ерларда самарали бўлиб ерни текислашга эхтиёж қолдирмайди.Интенсив боғлардан эрта ва мўл  сифатли ҳосил ҳосил олиш учун жойдан, тупроқ ва сув шароитидан келиб чиқиб пухта ўйланган дифференциялашган агротехник тадбирларни ўтказиш лозим.Интенсив боғларда ишлов бериш жараёнлари осонлашади, сифати ортади ва иш жараёнларини механизациялаш юқори  даражада бўлади.

Қатордаги дарахтлар оралари ўт босмаслиги учун ёшига қараб 40-80 см кенгликда эрта баҳорда гербицидлар билан ишлов берилса анча самарали бўлади.

Замонавий интенсив боғлардаги дарахтлар қатор оралари чим ўт билан қопланган бўлса, уларни бўйи 20-25 см. га етганда махсус ўт майдалагич билан ўриб майдалаб, қатор орасига ташлаб кетилади. Келгусида у чириб, тупроқ таркибида чиринди миқдорини оширишга омил бўлади.Бир йил давомида ўтларнинг ўсишига қараб 2-4 марта ўрилади. Охирги ўрими иложи борича тупроқ қатламига яқинроқ қилибўриш мақсадга мувофиқ. Бунда зараркунанда ва касалликлар қишлаш маконини иложи борича камайтирган бўлади. Шу билан бирга дарахтлар қатор орасидаги тупроқни ҳар хил емирилишдансақлайди.

Интесив боғлар илғор агротехника усулларини (сув-озиқа режими, мевали дарахтларга махсус шакл бериш ва буташни) қўллашни ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини комплекс механизациялаштирилганлиги сабабли– саноатлашган боғга асос бўлиб, меванинг шакли, ранги ва таъми жаҳон стандарт талабларига тўла жавоб беради, меҳнат сарфи кам, маҳсулот таннарҳи паст бўлади.Интенсив боғдорчиликда кластерларни ташкил этиш соҳани жадал ривожлантиришга ҳамда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Исомиддин Тўланов, Қишлоқ хўжалигини механизациялаш

илмий тадқиқот институти, катта илмий ходими. iim.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!
x