Ўсимликларнинг соғлом ривожланиши учун салбий таъсирга эга бўлган ширалар юмшоқ танли майда ҳашаротлар бўлиб, етук зотининг катгалиги 2,5 – 4 мм га тенг. Ширалар қанотсиз ва қанотлиларга бўлинади. Ўсимлик шираларини табиатда тирик туғувчи ҳамда тухум қўядиган қанотсиз урғочи, тирик туғувчи қанотли ҳашорат кўринишларида учратиш мумкин. Ширалар ҳароратга қараб 3-20 кун ривожланади. Мавсум давомида 20-26 та, беда шираси эса 12-15 тагача авлод беради. Урғочилари ёзда 18 кун яшаб, 150 тагача личинка туғади. Личинкалар ривожланиб тўрт марта туллайди ва бешта ёшни кечиради. Сернам, ёғингарчилик кўп бўлган баҳор об-ҳавоси ўсимлик шираларининг ривожланиши учун жуда қулай. Аммо ўта кучли ёмғирлар уларни қисман йўқотади. Об-ҳавоси қуруқ, юқори ҳароратли туманларда ўсимлик ширалари деярли ривожланмайди. Яшаш шароити ёмонлашганда: озиқа етишмаганда, шунингдек асосий ва оралиқ озиқабоп ўсимликлар алмашганида, ширалар жойдан-жойга кўчади. Яшаш жойи алмашганда оталанган тухумлар асосий ўсимликларда қишлайди. Улардан бир-иккита (қанотсиз) ширалар бўғини ривожланади. Иккинчи, учинчи бўғинларда қанотсизлар орасида тирик туғувчи қанотли урғочилари (авлод тарқатувчилари) пайдо бўлиб, улар-оралиқ экинларга учиб ўтиб бир қанча қанотсиз шира бўғинларини бошлаб беради. Кузда кўчиб юрувчилар орасида тирик туғувчи қанотли урғочилари пайдо бўлади. Асосий ўсимликларга қайтадиган бу шираларни жинс ташувчилар (ремигрантлар) дейилади.
Ўсимлик ширалари сўрувчи ҳашорат бўлиб, баргларнинг шираси билан озиқланади. Бунинг оқибатида ўсимлик поя ва илдизидаги заҳира углеводлар микдори кескин камайиб кетади. Қаттиқ зарарланган баргларнинг шакли ўзгариб қолади. Бундай ўсимликлар жуда суст ўсади. Зарарланган ўсимликларда ҳосил 15-20% гача камайиши мумкин.
Шираларга қарши курашишда агротеник тадбирлар муҳим аҳамиятга эга. Ўсимликларни барги орқали озиқлантириш, доимо бегона ўтлардан тозалаш керак. Шираларга қарши курашда биологик усул ҳам яхши самара беради. Шираларга қарши афидофаг йиртқичлар ва паразитлардан 46 тури рўйхатга олинган. Ширахўр қўнғизларнинг 18 тури, визилловчи пашшаларнинг 6 тури, олтинкўзларнинг 4 тури ва галлица пашшалари энг фаол ширахўр йиртқичлар ҳисобланади. Улар баъзан шираларнинг 90% гача қисмига зарар етказади. Шикастланган ширалар қораяди, шишади ва халок бўлади. Масалан, олтинкўзнинг 3-4 кунлик тухумларини 1:10-1:20 нисбатларда 5 кун оралатиб 3 марта чиқариш (зарурият бўлганда майдонларга олтинкўз тухумидан гектарига 500-1000 донадан чиқариш давом эттирилади) ҳам натижали бўлиши мумкин. Кимёвий кураш усулида тавсия этилган воситалардан белгиланган тартибда фойдаланиш лозим.
Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фарғона шаҳар ўсимликлар карантини инспектори Ўктамжон Ҳайитов



















