Турли усулларда етиштирилган узум меваси таркибида қанд миқдорининг шаклланиши ва унинг сақланувчанликка таъсири

Республикамизда қишлоқ хўжалиги, хусусан, узумчилик тармоғини ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан аҳолини
сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан йил давомида таъминлаш, қайта ишлаш саноатининг талабини қондириш, маҳсулотларни сақлаш жараёнларин такомиллаштириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида
эътибор қаратиб келинмоқда.
Мамлакатимиздаги узумчиликка ихтисослашган ширкат хўжаликларини фермер хўжаликларига айлантириш, узум етиштиришга бўлган эътиборни янада кучайтириб, токзорлар ҳосилдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳамда узум маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш йўналишларини янада ривожлантириш, соҳага илм-фан ютуқларини кенг жорий этиб маҳсулотларни хорижий мамлакатларга экспорт қилиш ҳажмини орттириш, бугунги қишлоқ хўжалиги тизимининг пировард мақсадидир.
Ҳар қандай турдаги қишлоқ хўжалиги ўсимлиги сингари токзорларда етиштирилган узум маҳсулотларининг сифати ҳам у етиштирилган ҳудуднинг иқлим шароити, тупроқ таркиби, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширилганлиги каби бир қатор омилларга боғлиқдир.
Ток ўсимлигига таъсир кўрсатувчи ташқи муҳит омиллари келиб чиқишига кўра бир қатор гуруҳларга бўлинади: абиотик омиллар ― ёруғлик, иссиқлик, ҳаво, намлик, тупроқ, жойнинг рельефи, биотик омиллар ― бошқа ўсимликларнинг таъсири,
симбиоз, паразитизм, антропоген омиллар ― инсон омили, яъни ўсимлик ва тупроқ парвариши билан боғлиқ усуллар, жой танлаш, уни экишга тайёрлаш, экиш қалинлиги, ўғитлаш, суғориш, хомток қилиш, шакл бериш, ўстириш усуллари, касаллик
ва зараркунандаларга қарши кимёвий воситаларни қўллаш ва бошқалар етиштирилган ҳосил сифатига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи омиллар хисобланади.
Токнинг ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлиги ва ҳосил сифатига таъсир кўрсатувчи асосий омиллар бўлиб ёруғлик, иссиқлик, намлик ва тупроқ шароитлари саналади.
Узум маҳсулотларининг энг муҳим сифат талабларидан бири, унинг таркибидаги қанд моддаларининг миқдори билан баҳоланади. Узум меваси таркибидаги қанд моддаси унинг нав хусусиятларидан ташқари, етиштиштирш шароитларига ҳам боғлиқ эканлиги тажрибалар натижасида ўз тасдиғини топди.
Узум бошларида шакар моддаларининг тўпланиши фотосинтез суръатига тўғридан-тўғри боғлиқ хисобланади.
Фотосинтез жараёнига ёруғлик, ҳаво ҳарорати, ҳаводаги карбонат ангидрид концентрацияси ва намлик даражаси каби ташқи муҳит омиллари ўзининг катта таъсирини кўрсатади ва айнан шу ташқи омиллардан келиб чиқиб, ток парвариши
йўлга қўйилади.
Ёруғлик, ток ва бошқа ўсимликларнинг ўсиши учун муҳим омиллардан бири ҳисобланади, чунки у барча ўсимликларда фотосинтез учун энг муҳим таркибий қисм ҳисобланиб, баргларда органик моддаларнинг ҳосил бўлишида катта аҳамият
касб этади. Ток баргларида фотосинтез суръати барг юзасига тушаётган ёруғлик миқдорининг ортиши билан кучайиб боради. Ёруғлик кучи маълум бир даражадан ошганидан сўнг у фотосинтез суръатига ортиқ таъсир кўрсата олмайди ва бу ёруғликнинг тўйиниш нуқтаси (даражаси) деб юритилади.
Баъзи бир баргларда ёруғликка тўйиниш содир бўлса-да, бутун бошли ток ҳеч қачон қуёш нурига тўйинмайди. Бунинг сабаби қуёш нури токнинг барча баргларига бирдек етиб бормайди, қуйи қисмда жойлашган барглар юқори қисм соясида қолиб кетади. Юқори қисми зич ўсиб кетган токларда баргларнинг бир-бирини ўзаро тўсиб, салқин қилиб қўйиши салбий ҳолат ҳисобланади, чунки бу ҳолатда барг ўз спектридаги 90% ёруғликни ютиши мумкин бўлади.
Фотосинтез жараёни орқали ток меваларида шакар миқдорини кўпроқ тўпланишида ҳарорат омили ҳам жуда муҳим саналади.
Ток учун ҳаво ва тупроқ ҳароратининг аҳамияти катта. Айниқса, хўраки ва кишмишбоп узумларни етиштиришда фаол (актив) ҳарорат йиғиндиси муҳим саналади. Турли
муддатларда пишадиган узум навларини етиштириш, мўл ва сифатли ҳосил олишда ҳавонинг фаол ҳарорат йиғиндиси 2800-30000°С бўлиши ширинлик даражаси юқори бўлган узумларни етиштиришда бирламчи омил сифатида эътироф этилади.
Ҳарорат таъсирида фотосинтез жараёни учун зарур бўлган барг хужайраларидаги ферментатив реакциялар суръати ошади. Ток баргидаги фотосинтез учун энг яхши
ҳарорат 25°С ва 30°С даража ҳисобланади. Ҳароратнинг бу даражадан ошиши фотосинтез натижасида қанд моддаларининг синтезланишини секинлаштиради. Ҳаво ҳарорати 40°С даражадан ортиши фотосинтез самарадорлигини 25-40% га камайтиради. Юқори даражадаги ҳарорат токларда сувсизланиш рўй беришига олиб келади, натижада барглардаги газлар алмашинувини таъминлайдиган тешикчалар ёпилиб қолади, чунки бу тешикчалар фаолиятини токдаги сув миқдори назорат қилиб туради. Баргларга тушадиган ҳарорат 10°С даражадан тушиб кетиши фотосинтезнинг тўхтаб қолишига сабаб бўлади.
Шу нуқтаи назардан, ток новдасини ердан кўтариш усуллари ток баргининг етарлича ҳарорат ва ёруғлик билан таъминланиши орқали узум меваси таркибда углеводларни
кўпроқ шаклланишига таъсир этиши билан бир қаторда, хомток қилиш, кимёвий воситаларни қўллаш, ҳосилни териб олиш, шакл бериш сингари бир қатор агротехник тадбирларни амалга оширишда ҳам муҳим ўрин тутади.
Бугунги кунда республикамизда етиштирилаётган узум ҳосили воиш, ишком, ерток, I-симбагаз, V-симбағаз, Т-симбагаз, типидаги токзорлар ҳиссасига тўғри келади (1-расм).

Тадқиқот услуби ва материаллари: мева маҳсулоти таркибидаги шакар миқдори сақлаш жараёнларини сифатли ташкил этиш ҳамда қайта ишлаш жараёнларида олинадиган тайёр маҳсулот чиқишидаги энг асосий кўрсаткичлардан бири хисобланади.
Лаборатория шароитида маҳсулотларнинг шакар миқдори “Рефрактометер” жиҳози ёрдамида аниқланади (2-расм).
Тадқиқот натижалари ва уларнинг муҳокамаси: Ток етиштириш усулларининг узум меваси таркибида қанд моддасини синтезланишига таъсирини ўрганиш мақсадида турли шароитларида етиштирилган айни бир турдаги узум навининг меваси
рефрактометрик таҳлил этилди. Бунинг учун воиш, симбағаз ва ерток усулида етиштирилган ток ҳосили таркибидаги шакар миқдори таҳлил қилинди (1-жадвал).

Олиб борилган таҳлилар натижаси воиш усулида етиштирилган “Тойфи” узум нави меваси, таркибида энг юқори даражада (21.5) қанд миқдорига эга бўлишини кўрсатди.
Мазкур усулда фаол қуёш нури ҳароратидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган умумий юза миқдори катта бўлганлиги сабабли, фотосинтез жараёни жадаллик билан амалга ошишиш натижасида ток мевасида катта миқдорда қанд моддалари тўпланади.

Хулоса шуки, ток новдасини ердан кўтаришни ташкил этиш орқали, кимёвий воситаларни самарали қўллаш, ҳосилни териб олиш ва шакл бериш жараёнларини
осонлаштириш билан бир қаторда, узум меваси таркибида қанд моддаларни кўплаб тўпланиши ва бу орқали сақлаш жараёнларини ҳам сифатли ташкил этиш мукинлиги, фаол қуёш нурлари билан таъминланиш имконини берувчи, ток новдалари орасидан ҳаво оқимини осон айланиши мумкин бўлган воиш усулида етиштирилган ток ҳосилини лаборатория текширувлари орқали энг яхши натижага эга бўлиши тасдиқланди.

Бахтиёржон АБДУСАТТОРОВ, таянч докторант, Жаъфар ШАМШИЕВ, мустақил изланувчи, Бекзод ТОШМАТОВ, магистрант. Тошкент давлат аграр университети.

Манба: «AGRO ILM – O‘ZBEKISTON QISHLOQ VA SUV XO‘JALIGI» журнали №4. 2021