Акация шираси қайси ўсимликка жиддий зиён етказади?

Ғўзага ширалардан бир неча тури зарар етказади. Акация шираси ғўзага май-июн ойларида энг кўп зарар етказади, у ғўзанинг ўсиши ва ривожланишини сусайтиради. Тирик туғувчи урғочисининг танаси ялтироқ қора бўлиб, бўйи 1,3-2,1 мм га боради. Мўйлови танасининг бўйидан калтароқ, сариқ тусли, қорамтир-қўнғир йўллари бор. Болдири сариқ, ундан юқорироқ қисми, сони, панжалари, найчалари қорамтир-қўнғир рангли. Тухум қўядиган урғочилари тўқ тусли бўлиб, ҳамма сегментларида қоп-қора томчи доғлари бор. Эркаги қанотли, қора бўлади. Личинкаси қўнғир, бирмунча мумсимон доғлари мавжуд. Акация шираси бедада ёки акацияда тухум фазасида қишлайди. Эрта баҳорда (март) бедапояда пайдо бўлган шира тўдаларини кўриш мумкин. Акация шираси беда дағаллашгунга қадар ривожланади, кейинчалик бошқа ўсимликларга, асосан акацияга ўтади. Акация шираси ғўзада ва бошқа дуккаксиз ўсимликларда камроқ (30 кун) яшайди. Аммо шу вақт мобайнида бу зараркунанда асосан юқориги новдаларда ва баргларда жуда кўпайиб кетиши, ўсимликнинг ўсув нуқталарини кучли шикастлаши мумкин. Шира ғўза баргларининг ширасини сўради. Бунинг оқибатида поя ва илдиздаги заҳира углеводлар микдори кескин камайиб кетади. Қаттиқ зарарланган баргларнинг шакли ўзгаради ва буралиб қолади. Бундай ўсимликлар жуда суст ўсади. Зарарланган ўсимликларда ҳосил 15-20% гача камайиши мумкин. Ғўза етилаётганида (август-сентябр) ширалар ўзларидан чиқарган суюқликлари билан толани ифлослайди ва ёпишқоқ қилиб қўяди. Бундай толаларда кўпинча қора шира (қора моғор) пайдо бўлади, у толаларни бузиб, пахтани кайта ишловчи машиналарнинг самарадорлигини пасайтиради.

Кураш чораларида ғўза қатор ораларига сифатли ишлов бериш, ғўза майсаларини барги орқали озиқлантириш (суспензия сепиш), бегона ўтлардан тозалаш каби агротеник тадбирлар муҳим ўрин тутади. Биологик курашда эса тавсия этилган энтомофаглардан белгиланган тартибда фойдаланиш ҳам яхши самара беради. Ғўзанинг 8-10 % барг пластинкаси ўсимлик битлари  билан 5-25%  қопланганда кимёвий курашилади. ИЗММ ортиб кеганда системали таъсир этувчи кимёвий препаратлардан тавсия этилган миқдорларда пуркаш лозим бўлади.

Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фарғона туман бўлими ўсимликлар карантини инспектори Ботиржон Абдураҳимов