Ўзбекистон Республикаси ҳудудларига Волгабўйи ҳудудларидан Россия (Европа қисмида) шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси 2023 йил 9 январь куни кириб келди.
Бу даврда мева дарахтлари ва ток туплари тўлиқ физиологик тинчлик даврида бўлди. Мева ва ток ўсимликлари октябрдан апрелгача тиним даврида бўлади. Органик ва
мажбурий тиним даврлари бўлиб, мева ва ток органик тиним даврини ноябрь-декабрда, мажбурий тиним даврини январ-мартда ўтайди [1, 2, 3]. Мажбурий тиним даври баҳорда куртаклар уйғонгунгача давом этади. Тиним даврида метаболизм (моддалар алмашиниши) жараёни тўлиқ тўхтамай, балки ўсимлик ҳужайраларида мураккаб физиологик ва биокимёвий жараёнлар давом этади. Тиним даврида крахмал анчагина тўпланган бўлиб, кейинчалик паст ҳарорат таъсирида (5-6 ºС) улар моносахарларга айланади [1, 4, 5].
Натижада ҳужайра ширасининг қуюқлиги (концентрatsiяси) кўпайиб новдаларнинг совуққа чидамлилиги ошади. Ҳарорат 0 ºС гача пасайганда ўсимликнинг чиниқиши янада кучаяди.
Крахмал гидролизи билан бир вақтда ҳужайраларда эркин сувлар миқдори камайиб, бириккан сувлар миқдори кўпаяди.
Бу ҳам мева ва токнинг паст ҳароратга чидамлилигини оширади [1, 2, 3, 4, 5].
Мева турларидан жийда, ўрик, олхўри, чиллонжийда -28º-30 ºС, нок, беҳи, гилос, ёнғоқ, бодом -26º-27 ºС, олма, шафтоли-21º-25 ºС ва анор, анжир, хурмо ва ток -15º-18 С совуққа чидайди (жадвал).
Мевали боғларни совуқдан зарарланиш даражаси асосан тупроқ унумдорлиги, пайвандтагнинг совуққа чидамлилиги, навлар, ернинг шўрланиш даражаси ва ўтказилаётган агротехник тадбирлар боғлиқ бўлади. Мевали боғларнинг совуққа
чидамлилиги ва чидамсизлилиги дарахтларнинг қишки тиним даврига киришишига боғлиқ. Агар ўсимликларни тиним даврига кириши узоқ давом этса, навларни совуққа чидамлилиги паст, тиним даврига ўтиши тезроқ бўлса совуққа чидамлилиги баланд бўлади. Ўз вақтида тиним даврини ўтаса новдалар тўлиқ етилади, бу новдаларда фойдали моддалар тўлиқ таъминланиб совуққа чидамли бўлиш даражаси ошади. Доимий нам, қаттиқ, қумли ва унумдорлиги паст тупроқларда ёш ва ҳосил берадиган новдалар тўлиқ пишиб етилмайди ва натижада совуққа чидамлилиги пасайиб кетади.
Шунингдек, шўрлик даражаси баланд, қумоқ, қуруқ, унумдорлиги паст тупроқларда новда ўсуви пасаяди ва кам миқдорда фойдали элементлар билан қишгача бори-
ши туфайли совуққа чидамлилик даражаси камаяди. Кўп ҳолатларда ҳайдалмаган бегона ўтлар билан қопланган боғларга совуқ кўпроқ таъсир қилади. Минерал ва маҳаллий ўғитлар билан таъминланган, зарарли ҳашарот ва касалликларга қарши кураш ишлари ўз вақтида ўтказилган боғларда совуққа чидамлилик даражаси юқори бўлади.
Боғ ва токзорларда нам туплаш мақсадида суғориш мева ва токнинг тиним даври (декабр-феврал)да 1-2 марта 1200-1500 м3/га миқдорда ўтказилади. Бу тупроқни музлаб қолишдан сақлайди, мева турлари ва токнинг совуққа чидамлигини оширади.
Мевали боғлар новдаларини нотўғри кесиш, хусусан ўз вақтидан эртароқ ёки муддатидан олдин кесиш совуққа чидамлилигини пасайтиради. Шуни эътиборга олиш лозимки, баъзида етилган меваларни дарахтда то қишгача қолдириш ҳам совуққа чидамлилигини пасайтириб юборади. Чунки дарахт танасидаги моддалар мевани сақлашга сарфланади ва пировардида ҳосил камайиб кетишига олиб келади.
Мевали дарахтларнинг танасини оқлаш кўп ҳолларда совуқдан ҳимоялаш ва қуёш нурини тўғридан-тўғри тушишини пасайтиришнинг энг яхши усули ҳисобланади. Бу тадбир ҳисобига мевали дарахтни уйғониш даври, яъни тиним даври узаяди. Кўп ҳолларда мева териш даврида йўғон шохлари синади ва тиним давригача синган шохлар кесиб олинади ва албатта кесилган жойларини, яъни 2 см. дан ошган ҳолларда
мойли бўёқ ёки алиф билан суртиб чиқиш совуқдан зарарланишини камайтиради.
Мевали дарахтларни ёшартириш ишларини бирданига эмас, балки 2–3 йилда амалга ошириш зарур. Чунки бирданига ёшартириш дарахтнинг қуришига ёҳуд совуққа чидамлилигини пасайтириб юборади.
Агар мевали дарахтлар тана қисми ёки қалин шохларининг танаси шилинса, совуқ таъсирида ёрилиб, захм пайдо бўлса, захланган қисмини тозалаб 3% мис купороси, 3% Бордо суюқлиги билан тозалаб ювиб, оҳакли бўтқа суртиш керак.
Мевали боғларни вегетatsiя даврида 2–3 маротаба азотли ўғитлар, маҳаллий ўғитни шарбат усулида, фосфорли ва калий ўғитларни 40–50 см чуқурликда дарахтнинг илдиз қисмига яқин масофада чуқур қазиб берилса, куз пайтида фойдали элементлар билан тўйинган ҳолда тиним даврига тез тайёр бўлади.
Шафтоли, олча ва ўрик дарахтлари совуқдан зарарланса, буни қайта тиклаш қийинроқ, олма ва нокка нисбатан совуқдан зарарланган дарахтларни эрта баҳорда кесиб ташламасдан, парвариш қилинса, тирик қолган камбе қаватлари ҳисобига
яхши ҳолатга келтириш мумкин.Субтропик мевали боғлар кўп йиллардан, яъни 2007 йилдан буён ҳаво ҳароратининг -25–27°С га пасайишининг ҳисобига дарахтларнинг устки қисми совуқдан зарар кўрмоқда. Сабаби иқлим ўзгариб, юртимизга совуқ ҳаво оқими кириб келмоқда. Бу совуқ таъсирида асосан анор, анжир, хурмо каби субтропик экинлар нобуд бўлмоқда.
Мевали дарахтларни эрта баҳор совуқларидан ҳимоялашда мевали дарахтлари эртароқ уйғонмаслиги учун тупроқ ва оҳакнинг 1/3 аралашма билан бўяш ҳамда мева боғларига тиним даврида яхоб суви бериш мевали дарахтлар уйғонишини 5–6 кунга кечиктиради ва эрта баҳордаги совуқдан ҳимоялайди.
Манба: “AGRO KIMYO HIMOYA VA O‘SIMLIKLAR KARANTINI” Илмий-амалий журнал №1. 2023
Файзиев Жамолиддин Насирович, қ.х.ф.д., Обиджанов Дилшод Ахмед Хужа ўғли, қ.х.ф.н., Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти.



















