Буришган пўстлоқхўр (Scolytus rugulosus Muell.) нинг тарқалиши, зарари, биоэкологик хусусиятлари
Буришган пўстлоқхўр – (Морщинистый заболонник – Scolytus rugulosus Muell.). Шимолий Кавказда (Ставрополь, Майкоп, Армавир) ва Қрим, Кавказ, Ғарбий Европа, Кичик Осиё ва Шимолий Америкада тарқалган.
Биоэкологик хусусиятлар. Буришган пўстлоқхўр кичик ҳажмдаги зараркунанда бўлиб, имагосининг узунлиги 2,3-2,8 мм. Танаси қорамтир, ҳар томонга қараб ўсган калта туклар билан қопланган. Пешонасининг кенгайган жойида ажинлари бор. Қанот устлиги қўнғир, оёқлари ва мўйловлари сарғиш жигар рангда. Урғочиси жуфтлашиш учун дарахт пўстлоғини кемириб йўл очади. Уруғлангандан кейин пўстлоқдаги кичик чуқурчаларга 20 кун давомида тухум қўйиб чиқади. Одатда қўйилган тухумлар сони 30 тадан ошмайди, аммо баъзи урғочилари 100 тагача тухум қўяди. Тухум қўйиб бўлгач урғочи пўстлоқдаги тешикча ичига киради ва бошқа ҳашаротлар кирмаслиги учун тешикча оғзини беркитиб ўша ерда нобуд бўлади. 6-10 кундан сўнг личинкалар пайдо бўлади. Личинкаларнинг танаси оқ, бош қисми жигар рангда бўлади. Катта ёшдаги личинканинг узунлиги 2,5 мм га етади. Личинкалар пўстлоқ ва луб қавати орасини кемириб узун йўллар очади. Личинкалар июлнинг бошида ғумбакка айланади ва ғумбаклик даври 10-15 кунни ташкил этади. Июлнинг охири ва августнинг бошларида қўнғизлар пайдо бўлади ва бошқа дарахтларни зарарлашни бошлайди. Бу қўнғизлар ҳам тухум қўйишни бошлайди ва тухумдан чиққан личинкалар тўлиқ озиқланишни якунлаб қишловга кетади. Буришган пўстлоқхўр бир, Қримда эса икки марта авлод бериб кўпаяди.
Зарари. Буришган пўстлоқхўр асосан совуқ ёки иссиқ об ҳаво таьсирида кучсизланиб қолган, пўстлоғи механик шикастланган дарахтларга зарар келтиради.
Кураш чоралари:
Агротехник кураш: қуриган шох, пўстлок ва дарахтларни кесиб йўқотиш, купайишининг олдини олиш, тарқалишига йул қўймаслик, ўз вақтида зарарланган дарахтлар ва шохларни кесиш, дарахтларни ўғитлаш, тагини юмшатиш, суғориш ва ҳ.
Кимёвий кураш: зараркунанда оммавий кўпайиб кетиш ҳолати кузатилганда қўнғизларнинг учиш даврида, Эль-Торо 25% сус.к., Талстар 10% эм.к., Децис 2,5 % эм.к., Имитрин 20% эм.к., Актара 25 % с.д.г. каби кимёвий препаратлар билан ишлов бериш мумкин.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий тадқиқот институти, лаборатория мудири қ.х.ф.ф.д., катта илмий ходим. З.Н.Нафасов, илмий ходимлари М.Муминов, Н.Аллаяров



















