Мошнинг екиш муддати ва меъёрларининг ҳосилдорлик ва дон сифат кўрсатгичларига таъсирини ўрганиш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1025-сонли қарорига асосан ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида
209 минг гектар мошнинг маҳаллий селекцион навларини ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда тўғри жойлаштириб, 284 минг тонна ҳосил
етиштирилган.
Республикамизда аҳоли сонининг мунтазам равишда ортиб бориши ҳисобига озиқ-овқат, сабзавот ва ем-хашак маҳсулотларига бўлган талаб ҳам кескин равишда ортиб
бормоқда. Бу эса ўз навбатида суғориладиган ерлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишни тақозо этади.
Бунга эришиш учун эса қишлоқ хўжалиги экинларини тўғри танлаш ва уларни етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.
Суғориладиган ўтлоқи-ботқоқ тупроқлар шароитида мошнинг «Наврўз» ва «Дурдона» навларининг ўсиши, ривожланиши, юқори дон ҳосили ва сифатини таъминлайдиган мақбул экиш муддати ва меъёрларини аниқлаш ва илмий асослашдан иборат.
Мош навларининг ҳосилдорлигига экиш муддати ва меъёрига боғлиқлигини ўрганиш; тажрибалардан олинган маълумотларни статистик таҳлил килиш ва тадқиқ қилинган тадбирларнинг натижалари асосида мош навларини дон сифатига таъсирини ўрганиш.
Илмий тадқиқот ишларида олиб борилган фенологик кузатувлар ва биометрик ўлчовлар “Методика Государственного сортоиспытания сельскохозяйственных
культур” ва “Дала тажрибаларини ўтказиш услублари” (ЎзПИТИ, 2007) асосида ўтказилган.
Шунингдек, олинган натижалар Б.А.Доспеховнинг “Дала тажрибалари услублари” бўйича Microsoft Excel дастури ёрдами асосида математик статистик таҳлил килинди ва ҳисобланди.
Тадқиқот иши Шоличилик илмий-тадқиқот институти тажриба майдонларида 2016-2018 йиллар мобайнида олиб борилган. Шоличилик илмийтадқиқот институти Тошкент вилоятининг жануби-шарқий қисмида, Чирчиқ воҳасида, Тошкент шаҳридан 15 км узоқликда, Чирчиқ дарёсининг чап қирғоғида жойлашган. Географик ўрни жиҳатидан институт координаталари Гринвич шкаласида 69º18 шарқий узунлик ва 41º20 шимолий кенгликда чегараланади. Жойнинг рельефи текис, тажриба олиб бориладиган далалардаги тупроқ дарё бўйидаги ҳудудлар тупроғига мос, ҳудуднинг тупроқ қатлами ўтлоқи ботқоқ тупроқдан иборат.
Тажриба ишларида мошнинг «Наврўз» ва «Дурдона» навларидан фойдаланилди. Тажриба тизими бўйича мош навлари тўртта муддат, яъни май ойининг биринчи декадаси, июн ойининг учинчи декадаси, июл ойининг биринчи ва иккинчи декадаси ва учта меъёрда асосий ҳамда такрорий экин сифатида экиб ўрганилди. Илмий тадқиқот ишлари дала ва лаборатория усулида олиб борилган. Лаборатория усулида уруғлик сифати ва ҳисобли ўсимликлар таҳлил қилинган. Дала тажрибалари тўрт қайтариқда, тўрт ярусда, вариантлар рендомизация усулида жойлаштирилган. Пайкаллар 4 қаторли, улардан ўртадаги 2 та қатор ҳисобли, четдаги қаторлар ҳимоя қаторлари, қатор оралиғи 60 см, экиш схемаси 60х10 см, узунлиги 20 м, юзаси 48 м2. Ҳисобли ўсимликлар сони 25 та.
Мош навлари бўйича ҳосилдорликни таҳлил килганда шуни қайд этиш лозимки, экиш муддати ва меъёрига боғлик равишда ҳосилдорлик кўрсаткичлари ўзгариб боради,
яъни буни бизнинг тадқиқотимизда кўриш мумкин. Экиш муддати ва меъёри мақбул даражада бажарилганда ҳосил ортишини, бу эса навлар биологиясига, ташқи
мухит омилларига бўлган муносабатига, етиштириш агротехникасига боғлиқлигини кўриш мумкин. Навлар қанча кеч муддатларда экилса, уларнинг ҳосилдорлигига, яъни
ўсимликнинг ўсиши ва ривожланишига, ҳосил органларининг шаклланишига таъсир килади.
Ўрганилган технологик тадбирлар мош навларининг ҳосилдорлигига таъсир кўрсатган. Ўртача уч йилги тажрибалардан олинган “Наврўз” навнинг ҳосилдорлиги энг кам меъёрда экилганда 23,8 ц/га ни ташкил қилган.

Экиш меъёри 300 минг дона бўлганда ҳосил 2,4 ц га ёки 6,7% га ошган. Экиш меъёри 400 минг дона бўлганда ҳосил биринчи вариантга нисбатан 7,6% га камайганлиги
аниқланди. Наврўз нави такрорий 20 июнда гектарига 200 минг дона уруғ экилганда ҳосил 6,3% ошган. Экиш меъёри 300 минг/га бўлганда ҳосил 9% га ошганлиги кузатилган (1-жадвал). Экиш меъёри 400 минг дона бўлганда ҳосил 1,7 ц/га ошган, ёки бу 7,7% ни ташкил қилади. Экиш муддати кечиктирилиб, 1 июлда экилганда экиш
меъёри камроқ бўлганда ҳосил олдинги экиш муддатига нисбатан 2,4% га камайган, экиш меъёри ўртача 300 минг дона уруғ экилганда олдинги муддатга нисбатан 2,7% га камайганлиги кузатилган. Энг юқори экиш меъёрида гектарга 400 минг дона уруғ экилганда 3,8% га камайган.
Охирги экиш муддати 10 июлда 200 минг дона уруғ экилганда 21,2 ц/га ҳосил олинган, бу олдинги экиш муддатига нисбатан 14,2% га, 300 минг дона уруғ экилганда 23,9% ва 400 минг уруғ экилганда 19,3% га камайган. “Наврўз” нави май (25,4 ц/га) ва июнда ойида (26,3 ц/га) 300 минг/га дона уруғ экиб юқори ҳосил олинган.
Дон-дуккакли экинларга баҳо берилганда, асосан дон таркибидаги оқсил модда ҳисобга олинади. Оқсилнинг шаклланиши ташқи омилларга боғлиқ бўлиб, ҳаво ҳарорати ошганда оқсил миқдори ҳам ошади. Шунинг учун баҳорги экиш муддатига нисбатан такрорий 20 июнда экилганда оқсил миқдорининг ошганлиги аниқланган (2-жадвал). Уч йилда ўртача олинган маълумотлар бўйича “Наврўз” нави баҳорда экилганда оқсил миқдори экиш меъёрлари бўйича 26,1-23,3%, такрорий 20 июнда экилганда 27,8-24,3% бўлиб баҳоргига нисбатан 1,7-1,0% га ортиқ бўлгани, 1 июлда экилганда оқсил миқдори баҳоргига нисбатан 0,3-0,5% га юқори бўлгани аниқланган.
Мош навлари 10 июлда экилганда оқсил миқдори барча экиш меъёрларида баҳорги экишга нисбатан камайганлиги аниқланган. Экиш меъёрлари ҳам оқсил миқдорига
таъсир қилиши, бу озиқа майдонининг камайиши билан боғлиқ. Экиш меъёрлари ошганда оқсилнинг камайиши экинзорда микроиқлимнинг ўзгаришига боғлиқ. Экин
қалин экилганда ёруғлик камаяди. Оқсил ҳосил бўлиши учун ёруғлик ва етарли ҳарорат талаб қилинади. Бизнинг фикримиз бўйича қалин экилган вариантларда оқсилни камайиши ёруғликнинг етарли бўлмаганига боғлиқдир Хулосалар. 1. “Наврўз” навининг дон ҳосили такрорий 20 июнда экилганда баҳорги экиш муддатига нисбатан

экиш меъёрлари бўйича 1,5-0,9-1,7 ц/га ошган. Мош навлари июл ойида экилганда ҳосил 2,1-2,9 ц/га ва 8,1-9,1 ц/га камайган. “Наврўз” навидан май (25,4 ц/га) ва июнда (26,3 ц/га) 300 минг дона уруғ экиб юқори ҳосил олинган.
2. Экиш муддатлари ва меъёрлари мош таркибидаги оқсилга таъсир кўрсатиб, экиш меъёри ошган сари оқсил миқдори камайган. Мош навлари такрорий 20 июнда
экилганда оқсил миқдори баҳоргига нисбатан «Наврўз» навида 1,7-1,0% га, Июль ойида мош навлари экилганда оқсил миқдорининг камайиши аниқланган.

Хусанжон ИДРИСОВ, кичик илмий ходим, Шоличилик илмий-тадқиқот институти.

Манба: «AGRO ILM» 2021 йил, 2-илова (72)-сон