Ўзбекистон ўсимликлар дунёсининг хилма – хиллиги ва улардан оқилона фойдаланиш

Инсон ҳаёт гултожи бўлса, унга ҳаёт берувчи яшил ўсимликлардир. Булар биргина инсон ҳаётидагина эмас, балки табиатдаги мавжуд барча қурт – қумурсқалардан тортиб то улкан умуртқали ҳайвонлар ҳаётида ҳам ғоят катта аҳамиятга эгадир. Чунки, уларсиз тирик организмнинг яшаши мумкин эмас. ўсимликлар бизни озиқ – овқат, кийим – кечак, дори – дармон, қурилиш материаллари учун хом ашё, ёқилғи, чорва моллари учун ем – хашак; чорва моллари эса бизга гўшт, сут, тери, ёғ каби инсон учун зарур бўлган маҳсулотларни етказиб беради,  қолаверса, тирик организм учун ҳаётий зарур ҳисобланмиш ҳавони ҳам тозалаб етказиб беради. Мутахассисларнинг аниқлашича, бир гектардаги ўрмонзор кунига 280-300 кг карбонат ангидриддан фойдаланиб, инсон учун керакли органик моддалар (ёғ, оқсил, витаминлар ва µоказо) тўплашдан ташқари 180-220 кг гача нафас олиш учун соф ҳаво-оксигенни етказиб берар экан. Бундан ташқари, улар деярли барча минтақалардаги тупроқ қопламини сув ва шамол эрозиясидан, қолаверса ўзлари ўсаётган жойлардаги тупроқнинг сув режимини ҳам бир меъёрда сақлаб турадилар.

Кейинги йилларда матбуотда, радио ва теле дастурларда дунёнинг кўпчилик мамлакатларида, шу жумладан, бизнинг Республикамиз табиатида экологик танглик, ерларимизни экологик инқирозга учраётгани тўғрисида маълумотлар берилмоқда. Бу албатта кўпчиликни ташвишга солиши аникдир.

Таниқли олим академик А.Г.Бабаевнинг  маълумотига кўра, планетамизнинг деярли 30% ҳудуди қурғоқчил минтақада жойлашган бўлиб, унинг 145 млн.гектари суғориладиган, 170 млн.гектари лалмикор ва 3,6 млрд.гектари табиий ўтлоқлар ва яйловлардан иборатдир. Бу минтақада Ер юзида яшовчи халқларнинг деярли 1 млрд. аҳолиси истиқомат қилиб, шу ҳудудда тирикчилигини ўтказар экан. Лекин кейинги 50 йиллар давомида, бу минтақада антропоген ва техноген омиллар таъсирида серҳосил ерларнинг маълум бир қисми инқирозга учраб, ҳосилдорлик пасайиб кетаётир. Мисол тариқасида 1989 йил 13 мартда «Правда востока» газетасида босилган собиқ СССР Олий Советининг махсус комиссияси Бухоро вилоятининг шимолий қисмида жойлашган Учқудуқ, Томди, Конимех ва Ромитан, Пешку туманининг «Қизил равот», «Жангелди» қоракулчилик хўжаликларининг яйловларини текшириб кўришганда жами бўлиб 7 млн. гектар яйловни Орол денгизининг қум-тузи босиб фойдаланишга яроқсизлиги аниқланган. Демак Орол фожиаси, шу кунга келиб республикамиз ҳудудларида оғир экологик тангликни олиб келгани исботланди. Умуман олганда республикамиз бўйича ҳозир деярли 10 млн. гектар табиий яйловлар инсон ёрдамига муҳтождир.

Бизларнинг кейинги 2003-2004 йилларда комиссия кўрсатган ҳудудларда махсус олиб борилган кузатишларга қараганда, бу ўтлоқларнинг ҳозирги аҳволи деярли 15 йил вақт ўтишига қарамасдан илгари ҳолатига келган эмас. Чунки, бу жойларда илгари тарқалган кўп йиллик ва бир йиллик майин озуқабоп ўсимликларнинг таркиби камайиб кетган. Сақланиб қолган бута ва бутачаларнинг сони ва сифати ҳам яхши эмас. Чунки, уларнинг ривожланиши, қолаверса гуллаб мевалашига шу даврда ҳаво оқими билан ёғилаётган қум-туз заррачалари тўсқинлик қилаётир. Бундан ташқари, ерости сувлари ҳам пасайиб кетган. Хуллас, бу пайкалларни фитомелиорация усули билан яхшилаш керак.

Агар Марказий Осиё флораси 8000 турдан зиёдроқ бўлса, шуларнинг ярмидан кўпроғини – 4500 турни республикамизга хос гулли ўсимликлар ташкил этади. Булар орасида 2000 дан зиёдроғи ем- хашак  (таркибида кўпчилик бута – дарахтлар, сув ўтлари, замбуруғлар, лишайниклар, мохлар  кирмайди), 1000 га яқини бол (асал) берувчи, 700 – доривор, 650 – эфирмойли, 530 – бўёқбоп, 450 – тери ошловчи, 350 – инсон  учун зарур озуқа берувчи ўсимликлар, 270 – манзарали гуллар, 200 дан зиёдроғи хушбўй зиравор, 100 га яқини сапонин сақловчи ва деярли шунча тур ёнғоқ данакли хилма – хил мевалардан иборатдир. Лекин бу мавжуд биологик хилма – хилликдан собиқ шўролар даврида ўтказилган сиёсат, айниқса қишлоқ хўжалиги соҳасининг ҳамда шу соҳага тегишли экологик омиллардан нотўғри фойдаланиши, инсонни табиатдан устун қўйилиши натижасида республика биологик ресурсларига жиддий зарар етказилди. Мисол тариқасида Орол денгизини қуриши ва унинг оқибатларини кўрсатиш мумкин.

Илгари биз кўпинча келажакни ўйламасдан, адир ва паст тоғ ёнбағирларини ҳайдаб дон ва бошқа экинлар экдик. Тез-тез бўлиб турадиган қурғоқчилик йилларидан кейин бу пайкаллар ўсимликсиз ташландиқ ерларга айланиб, шамол ва сув эрозияси таъсирида ҳар хил ҳажмда жарликларга айлантирдик. Бундан ташқари, шу ерларнинг кўрки ҳисобланган кўпчилиги сиз билан бизнинг тўйимли озуқамиз ҳисобланган ёввойи ёнғоқ, олма, нок, анор, хурмо, дўлана, писта, қатронғи, зира, тобулға, арча каби қимматбаµо бута ва дарахтларни кесиб юбориш натижасида уларнинг майдони йил сайин камайишига олиб келдик. Масалан, илгари Fарбий Ҳисор тоғи ва унинг Тўпаланг ва Сангардак дарёлари ҳавзаларида кенг тарқалган ёввойи анжир, анор, хурмо, писта, ёввойи узум, чилон жийда каби ноёб ўсимликлар ҳозир деярли йўқолиш арафасида турибдилар. Худди шундай ҳолат кўпчилик  ем- хашакбоп  ўтлар, доривор, бўёқбоп, эфир мойли, ошловчи,  манзарали, зиравор каби  фойдали ўсимликларнинг майдони ва уларнинг заҳираларини камайиб бориши ачинарлидир. Чунончи, ҳозир чорва моллари учун қимматбаµо ем – хашак ўсимликлардан ёввойи Гроссгейм бедаси (Medicago grosheimii Vass.), Гордягин қатрони (Grambe gordjaginii Spray. et M. Pop.), оқтов чалови (Stipa aktauensis Roshev.), Жиззах карраги (Cousinia dschisakensis Kult.), зиракўт (Onobrychis tavernieffolia Stocks. et Boiss.) ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Ёки бир вақтлар адир ва тоғларимизда кенг тарқалган сапонинли ва доривор беҳ- етмак, базулбанг, сувурўти, оқпарпи, омонқора, танидли Максимович чуҳраси, эфирмойли мармарак, Эрон зираси, ёввойи пиёзлардан – пиёзи анзур, Пском пиёзи, ёввойи саримсоқ, қолаверса баҳорда Ватанимиз чўли, адирлар ва тоғларида хилма-хил тусда алвон ёйиб инсон дилини хушнуд қилаётган ёввойи лолаларимизни айтмайсизми! Ўзбекистонда бу баҳор маликаларининг қизил, сариқ, тарғил, оқ рангли 20 дан зиёдроқ тури бўлиб, буларнинг майдони кун сайин камайиб кетаяпти.

Чунки, бу гулларнинг пиёзларига бизда ва хориж давлатлари мутахассислари орасида қизиқиш каттадир. Шу гуллар туфайли оламга ном чиқарган Голландия дурагай лолаларида бизнинг 20 зиёдроқ ёввойи лолаларимизнинг қони ҳам бўлса, эҳтимолдан холи эмасдир.

Республикамиз ўзининг барқарор ривожланиши учун мавжуд биологик хилма-хилликни сақлаш муҳимлигини назарда тутиб, 1995 йилда Халқаро Конвенцияга қўшилди. 2000 йилдан буён БМТ нинг Ривожлантириш   Дастури (ПРООН), Глобал экологик жамғарма Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорликда “Нурота – Қизилқум” биосфера резерватини яратиш лойиҳаси бўйича иш олиб бораётир. Яратилажак биосфера резерватининг умумий майдони бир миллион гектардан ошиқроқ бўлиб, у Самарқанд вилоятининг Пойариқ, Қўшробот, Навоий вилоятининг Нурота, Конимех ва Жиззах вилоятининг Фориш туманларини ўз ичига олади. Бу ҳудудларда дунёнинг бошқа жойларида учрамайдиган ноёб биологик хилма-хилликни, Нурота тоғ тизмаси ва Қизилқум чўлининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини, шу жумладан Қизилқум тоғ Северцов қўйи (Ovis polli severtzovi Nas.)- архарини, Қизилқум чўл газели – жайронини (Gazella subgutturоsa Guld.) сақлаб қолиш мақсадида яратилаётган ушбу биосфера резерватини келажакда ЮНЕСКО нинг “Инсон ва жамият” дастури асосидаги умумжаҳон қўриқланадиган ҳудудлар тизимига киритиш мақсадга мувофиқдир.

Республикамизда 15 минг турдаги ҳайвонлар, 4500 га яқин ўсимликлар рўйхатга олинган. Шулардан 184 турдаги ҳайвонлар, 301 турдаги ўсимликлар республикамиз “Қизил китоби” нинг кейинги нашрига киритилган. Бунинг учун республикамиз ҳудудида 9 та қўриқхона, 2 та миллий боғ мавжуд. Ушбу юқорида келтирилган ҳайвон ва ўсимликларни маълум бир қисми шу қўриқхона ва миллий боғ ҳудудида учрайди. Бундан қатъий назар, бу муҳим масала тўғрисида барчамиз бош қотиришимиз лозим. Республикамизда бу муҳим масалага жиддий эътибор бериб келаётган «Экосан» халқаро жамғармаси фаоллари мавжуд муаммолар ечими хусусида тавсиялар ишлаб чиқараётган бир пайтда атроф-муҳит, қолаверса бизнинг яшил дўстларимиз ҳисобланган хилма-хил ўсимликлар дунёсига ҳам бефарқ қараш керак эмас. Чунки, биз келгуси авлод олдида ўз бурчимизни бажаришимиз керак.

Хайдаров Жаҳонгир Абдураҳмонович. Фарғона вилояти «Ўсимликлар карантини» давлат инспекцияси. Данғара тумани 1 – тоифали агроном инспектори.