Боғларда қандай препаратлардан фойдаланиш мумкин ёки зарур ва январ,феврал ойларида дарахтларга озуқа берсак бўладими?

Канализ обуначилари, заҳматкаш боғбонларга ва боғдорчиликка алоқаси бўлган бошқа мутахассисларга куч-қувват тилаб қоламиз бошланган янги 2021 йилги мавсумда.

Бизга жуда кўп мурожаатлар келиб тушди ва шу муржаат ва саволларга бирма-бир жавоб беришда давом этамиз.

Жуда кўпчиликдан келиб тушган саволлардан бири бу ҳозир, яъни январ ва феврал ойларида озуқа берсак бўладими? Боғларда қандай препаратлардан фойдаланиш мумкин ёки зарур? Мана шу икки саволга жавоб беришга ҳараркат қилсак бугун.

[1] Январ ва феврал ойларида озуқа берсак бўладими?

Декабр, январ ва феврал ойлари тиним даври ҳисобланади, яъни оддий тилда айтганда дарахтлар ухлайдиган вақт. Бу даврда дарахтларда физиолигик жараёнлара, модда алмашинуви содир бўлмайди. Шу сабабдан озуқа бериш тавсия этилмайди. Берилган озуқалар, айниқса азотли озуқалар беҳуда кетади.

Дарахтлар асосан кеч кузда, тиним даврига киришдан олдин танасидаги барча озуқаларни йиғиб ер остига, илдизга жойлайди. Эрта баҳорда эса, ана шу йиғилган куч билан уйғонади. Шунинг учун, кеч кузда, дарахтлар барг тўкишидан таҳминан 15 кунлар олдин яхшилаб суғориб мавсум учун мўлжалланган оҳирги озуқани бериш керак. Шунда дарахтлар совуққа чидамлироқ бўлади ва эрта баҳорда соғлом уйғонади, яхши гуллайди ва ривожланади.

Агар кеч кузда етарлича тўйинтириб суғорилмаса, дарахт танаси қишда сувсизланади, пўстлоғи ва танаси ёрилади, қурийди ва нобуд бўлади. Бундай дарахтни эрта баҳорда уйғониши ва ривожланиши оғир бўлади.

Лекин, куз ойлари оҳири ва тиним даврида қуйидаги озуқаларни беришингиз мумкин, калий ва фосфорли озуқаларни. Кеч кузда шудгорлашдан ёки дарахт тагини юмшатишдан олдин беришингиз мумкин, ёки дарахт танаси атрофига сепиб қўйишингиз мумкин, агар оғдармаган бўлсангиз. Қиш қорлари ва ёмғирларида тупроққа сингиб, илдиз аторофида кристаллашиб қолади бу озуқалар. Одатда калий ва фосфор секин сингувчи ёки ювилиб кетиувчи озуқалар ҳисобланади. Тиним даврида дарахт улардан фойдаланмасада, эрта баҳорда уйғонганда заруриятга қараб илдизи атрофида кристаллашга фосфор ва калийни ўзлаштириб борди. Натижада барг чиқариш, гуллаш ва мева тугиш жараёнлари барқарорлашади.

Бошқа турдаги озуқаларни беришнинг ҳожати йўқ.Бошқа озуқаларни беришни, дарахт уйғонишни бошлагандан сўнг бошлашингиз мумкин. Шунда уларни дарахт яхши ва самарали ўзлаштиради.

[2] Тиним даврида (январ ва феврал ойлари) боғларга қандай ишловлар бериш мумкин ёки зарур?

Тиним даври жуда кўп агрономик тадбирлар учун тўғри келмайди. Сабаблари: А) Шохларни кесиш (дарахтларга шакл бериш) учун ҳаво совуқ бўлади. Агар шохлар совуқда кесилса, кесилган жойланда музлаш ҳосил бўлади, ёки ортиқча намлик сабабли кесилган жойландан бактериал ёки вирусли касалликлар муаммоси юзага келади. В) Тупроққ ишлов бериш қийин (агар мавсум қуруқ келмаган бўлса), ортиқча ёғингарчилик сабабли. Тупроқ лойлигида ёки намлиги юқорилигида унга ишлов бериш уни пресланишига ва сув ўтказувчанлик ҳусусиятини ёмонлашишига сабаб бўлади. Ва яна бшқа бир қанча сабаблар тиним даврида ортиқча агрономик тадбирларни амалга оширишга тўсқинлик қилади.

Шундай бўлсада қуйидаги бир нечта амалларни бажариш мумкин:

[1] Қишда дарахтларнинг пўстлоғи куйиши ва ёрилишининг олдини олиш учун уларнинг танасини (ердан 1 метргача бўлган масофани) оқлаш мумкин. Ҳа, қишда ҳам, яъни совуқда пўстлоқ куяди ва ёрилади. Сабаби, қуёш нурларидан ҳимоялаш учун барглар бўлмайди, ва ерга тушган қуёш нурлари (айниқса қор ёққанда) икки ҳисси куч билан қайтиб ҳимоясиз танага урилади ва пўстлоқ куяди. Бу дарахтни нобуд бўлишига сабаб бўлади.

Қишда қуёш нурлари куйишидан зарарланишга мисоллар

 

Дарахтларни оқлаш бўйича баъзи мисоллар:

[2] Агар боғингиз қуён ва шу каби кемирувчи ҳайвонлар ёки қорамол яйлов сифатида боқиладиган жойда бўлса, унда дарахт танасини ҳимоя қилиш ҳам жуда зарур. Тиним даврида атрофда ўт ўлан бўлмагани сабабли ҳайвонлар ва кемирувчилар дарахтлар пўстлоғини кемиришга жуда ўч бўлади.

Дарахт танасини ҳимоя қилишга баъзи мисоллар:

[3] Тиним даврида ҳам баъзи зараркунандалар, битлар ва каналарга қарши курашиш мумкин. Бу асосан феврал ойи оҳиригача ёки оҳирги ҳафтасигача мумкин, яъни дарахтларга ИСО эритмасини сепиш сепиш. Бугунги кунда ИСО эритмасининг тайёрини ҳам сотиб олиш мумкин. Агар тайёрини топиш имкони бўлмаса уй шароитида тайёрлашингиз мумкин.

Савол: тиним даврида ИСО (олтингургут ва оҳак қоришмаси) дан фойдаланиш мумкинми? Ва бу нимага қарши қўлланилади?

Жавоб: Албатта мумкин ва фойдаланиш тавсия қилинади. Фақат куртат очилишидан (ҳаракатга келишидан) олдин, акс ҳолда ривожланаётган куртаклар куйиб нобуд бўлиши мумкин! Тиним даврида сепиладиган ИСО қишлаётган зараркунандалар тухумлари ва личинкаларини назоратга олишда жуда самарали натижа беради.

Савол жуда ўринли. Юқорида бир тилга олинганидек тиним даврида ИСО суюқлиги сепиш орқали сиз айтаётган каналар уруғларини назоратга олишингиз мумкин. Пўстлоқ остидаги уруғларини баъзида бир оз қийин бўлади назорат қилиш, бунинг учун сепилаётган препарат юқори босимда ишлай олиши шарт. Шунда эритманинг майда зарралари пўстлоқнинг ёриқларига ҳам кириб боради. ИСО билан пестицид қўшиб сепиш шарт эмас, агар ИСОни тўғри тайёрлаган бўлсангиз.

ИСОни дарахт тўлиқ уйқуга кирмасидан олдин ва куртаклар уйғонишни бошлаганда сепиш масалаҳат берилмайди, чунки у ҳали амалдаги куртак ва новдаларни куйдириши мумкин.

Савол: ИСО (олтингургут ва оҳак қоришмаси) қандай тайёрланади? Ғалла ва пахта далаларда қўлланилаётган ИСО дан фойдаланса бўладими?

Жавоб: Афсуски пахта ва ғалла экинларида қўлланилиши тавсия қилинадиган ИСО ни мевали дарахтларга таъсир асосли ўрганилмаган. Шундай бўлсада бундай ИСОдан мевали боғларда фойдаланишдан эҳтиёт бўлишни тавсия қиламиз, чунки унинг таъсир кучи кучли бўлганлиги сабабли куртакларга салбий таъсир қилиши мумкин. Бир йўли кичикроқ ҳажмда синаб кўришингиз мумкин. Аксинча, буни эътиборга олган ҳолда, мевали боғлар учун тавсия қилинадиган ИСО (олтингургут ва оҳак қоришмасидан) фойдаланиш тавсия этилади. Қуйида мана шундай ИСОни тайёрлаш йўриқномасини юклаб олишингиз мумкин.

Loader Loading...
EAD Logo Taking too long?

Reload Reload document
| Open Open in new tab

[842.32 KB]

[4] Агар тупроқ лой бўлмаса, боғингиз атрофидаги дринаж ва сув келтирувчи ариқларни тозалаш ва қазиш мумкин.

[5] Яна бир тиним давридаги амаллардан бири, янги мавсумга тайёргарлик кўриш: боғда ишлайдиган техника ва қурилмаларни, асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва ишга созлаш. Амал бошланганда зарур бўлган бирламчи воситалар, ўғитлар, кимёвий препаратлар ва бошқа унсурларни ўз вақтида ҳарид қилиш.

Кўриниб турибда тиним даврида ҳам жуда кўп ишларни бажариш мумкин. Шундай муҳим ишларнинг баъзиларини юқорида санаб ўтдим.

Умид Сайфудинов

Манба: fruitmaster