АЗОТ, ФОСФОР ВА КАЛИЙ ЭЛЕМЕНТЛАРИНИНГ САБЗАВОТ ЕТИШТИРИШДАГИ АҲАМИЯТИ

Азот сабзавотларнинг вегетатив аъзолари, поя ва барглари ўсишига ёрдам беради. Карам, салат, исмалоқ ва бошқа барги учун ўстириладиган сабзавотлар азотга, айниқса кўп муҳтождир. Лекин азотнинг ҳаддан ташқари кўп бўлиши сабзавот ўсимликларининг палаги ғовлашига, гуллаш ва мева тугиши секинлашувига олиб келади, натижада ҳосил камайиб кетади ҳамда сабзавотнинг сифатига ҳам салбий таъсир этади. Карам тез ва кучли ўсиб, карам бошлари ёрилиб кетади, картошка туганакларининг ичи говак бўлиб қолади ҳамда ундаги крахмал миқдори камаяди, қовунларда ширадорлик пасаяди. Илдизмевалар, картошка, пиёз ва бошқа сабзавот маҳсулотлари узоқ саҳлашга яроқсиз бўлиб қолади.

Фосфор ўсимликларнинг палаги ўсишини сусайтиради, уруги, туганаклари, пиёз бошлари, илдизмевалари тез пишиб етилишига ёрдам беради.

Фосфор мевалар таркибида қуруқ моддаларни кўпайтиради, крахмал ва шакар миқдорини оширади. Помидор, бақлажон, шолгом, редиска ва салат фосфорга талабчан бўлади. Уруғини олиш учун ўстириладиган барча икки йиллик сабзавотлар ҳам фосфорга талабчандир.

Калийни сабзавот экинлари жуда кўп ўзлаштиради. Калий кул таркибига киради ва ўсимликларда углеводлар ҳосил бўлишида катта аҳамиятга эга. Ўсимликларни калий билан яхши озиқлантириш механик элементлар (луб) ҳосил бўлишига ёрдам беради ва пояларнинг мустаҳкамлигини оширади. Экинга калий етишмаса, ўсимликлар азот ва фосфорни ёмон ўзлаштиради, уларнинг вирусли ва замбуругли касалликларга чидамлилиги пасаяди. Картошка, лавлаги ва сабзи тупроқда калий кўп бўлишини талаб этади.

Манба: @agrobloger

Дўстларингизга ҳам улашинг!