Олма (Malus Mill.) Ўзбекистонда энг қадим замонлардан бери экиб ўстириладиган мевали дарахт турларидан бири ҳисобланади. Одамлар асрлар мобайнида олманинг табиий шароитда ўсадиган турларидан ўзлари учун фойдали белгиларига эга бўлганларини танлаш орқали маҳаллий селекция ишларини олиб борганлар.
Шу тарзда олмаларнинг маҳаллий навлари пайдо бўлиб, улар шу ернинг иқлим шароитларига яхши мослашган. Бу навлар узоқ йиллар давомида мева бериб, совуққа, иссиққа, қурғоқчиликка яхши чидаган. Кейинчалик яхши сифатларга эга бўлган, серҳосил навлардан олинган олма мевалари фақат қишлоқлардан ташқари шаҳар аҳолисининг барча талабларига мос келиб, хуш кўриб истеъмол қилинган.
Афсуски, кейинги йилларда олманинг бундай навлари кескин камайиб кетди. Уларнинг кам сонли тупларини фақатгина тоғолди, тоғли минтақаларда яшовчи кишиларнинг
боғларидан излаб топиш мумкин. Бу ерда меваси яхши сифатларга эга бўлган, ҳосилдорлиги анча яхши бўлган навлар мавжуд. Уларни фермер ва деҳқон хўжаликларига қарашли бўлган боғларда оммавий равишда кўпайтириш учун тавсия
этиш мумкин [4].
Маҳаллий яхши навлар [3] – энг аъло навли серҳосил навларнинг муҳим тугамас манбаи. Улардан янги навларни яратишнинг асоси сифатида фойдаланиш мумкин. Энг яхши маҳаллий навларни кенг кўламда етиштириш Республикамиздаги олмалар ассортиментини кенгайтиради ва юртимиз аҳолисини шифобахш, мазали озиқ-овқат маҳсулоти билан янада кўпроқ таъминлаш имкониятини беради.
Тадқиқот объекти. А-КХ-2021-472 “Олманинг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий “Қанд олма”, “Бойсун олма”, “Шойи олма”, “Муз
олма”, “Ҳазорасп” навларини тиклаш ва оналик боғларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа доирасида 2021 йилдан бошлаб юқоридаги маҳаллий навларни излаб топиш ва шу навларни тиклаб, она боғларини яратиш бўйича тадқиқот ишлари бошланди.
Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Сурхондарё ва Хоразм илмий-тажриба станцияси хўжалик бўлимларида
тажриба олиб борилди. Сурхондарё вилояти Денов тумани тупроғи бўзтупроқ, Хоразм вилояти Урганч тумани тупроқлари қумлоқ, бўзаллювиал тупроқлардан ташкил топган бўлиб, туманда жойлашган илмий-тажриба хўжалик бўлимларида кўчатларни пайвандлаш ва парваришлаш ишлари ҳамда бир қатор томорқа ҳовлиларда она боғлар парвариш қилинди.
Денов тумани Сангардак қишлоғида Қосимов Ж. томорқасида мавжуд “Шойи (Чарсак) олма”, Бойсун тумани Қорабўйин қишлоғида Абдурахим Мирзаев томорқасида
мавжуд “Бойсун олма”, институтнинг Хоразм илмий тажриба станцияси хўжалигида “Муз олма”, “Қанд олма” ва “Ҳазорасп” олма навлари ўрганилди.
Тадқиқот услублари. Дала тажрибалари, биокимёвий лаборатория таҳлиллари, шунингдек, ишлаб чиқариш синовлари мевачиликда умумқабул қилинган қуйидаги услубий қўлланмалар асосида олиб борилмоқда: дала тажрибалари ва навларнинг агробиологик хусусиятлари Х.Ч.Бўриев, Н.Ш.Енилеев ва бошқаларнинг «Мевали ва резавор мевали ўсимликлар билан тажрибалар ўтказишда ҳисоблар ва фенологик кузатувлар методикаси» [1], Е.Н.Седов ва Т.П.Огольцовалар таҳрири остида чоп этилган «Программа и методика сорто-изучения плодовых, ягодных и орехоплодных
культур» [2].
Тадқиқот натижалари. Тадқиқот ишларида нафақат она боғлари яратиш бўйича ишлар олиб борилади, балки, томорқалардан топилган мавжуд олма навларининг ҳўжалик
биологик хусусиятлари ҳам ўрганилади. Ўрганилаётган олма навлари халқ селекцияси (эркин чангланиш) натижасида пайдо бўлиб, танлаш орқали ажратиб олинган. Мавжуд халқ селекцияси натижасида ҳосил бўлган навлар мевасини тавсифи қуйида келтирилган.
Бойсун олма. Мевалари асосий ранги сарғиш яшил, тўлиқ пишганда 95% гача тўқ қизил тусга киради. Мева пўстида оқ нуқталар кўп. Айрим олма меваларида қизил ҳоллари мавжуд. Ўлчами: ўртача катталикда, мева баландлиги 5,4 см, эни 6,2
см, оғирлиги ўртача 101,0 г. Энг йирик мевалари 133-166 г гача етади. Шакли – юмалоқ, ясси юмалоқ, юмалоқ овалсимон. Рельефи: текис, ўртача бир текис. Мева банди калта, 6-7 мм узунликда, йўғон, кучсиз тукланган. Кенглиги ўртача; чуқур,
зангсиз. Мева гулкосаси. Ўлчами катта; очиқ. Мева гулкосаси чуқурчаси ўртача; чуқурлиги ҳам ўртача; рельефи – силлиқ.
Гулкоса ости бўшлиғи (трубка). Шакли – воронкасимон; кенглиги – тор; чуқурлиги – чуқур; Меванинг юқори қисмининг шакли – ботиқ; Юракчаси. Жойлашиши – мева юқорисида; ўлчами – катта; шакли – юмалоқ, ясси юмалоқ. Уруғ камераси.
Ҳар камерасида 2 тадан, баъзан биттадан уруғи бор. Ўлчами – кичик; шакли – ёпиқ.
Мева эти. Ранги – оқ, сарғиш-оқ; бўшлиғининг ранги – эт билан бир хил; консистенцияси – туташ; тиғизлиги – юмшоқ (18 январдаги ҳолати); ширадорлиги – ўртача; қандлилиги – ўртача; нордонлиги (кислоталилик) – кучсиз; хушбўйлиги –
ўртача. Қумолоқланган, қаттиқ ҳужайралар (грануляция).- йўқ. Уруғи. Шакли, ўлчами – кичик; ранги – тўқ жигарранг. Таъм хусусияти. Мағзининг таъми – ширин; таъм баҳоси – яхши. Меваниниг истеъмол йўналиши – хўраки.
Шойи (Атлас) олма. Мевалари асосий ранги сарғиш пушти, тўлиқ пишганда 70-80% қисми оч қизил тусга киради. Бўйлама атлассимон қизил кичик тарамлари мавжуд. Мева пўстида оқ нуқталар кўп. Ўлчами: ўртачадан катта, мева баландлиги 7,4 см, эни 7,0 см, оғирлиги ўртача 157,1 г. Энг йирик мевалари 159-211 г гача етади. Шакли – юмалоқ, ясси юмалоқ, юмалоқ овалсимон. Рельефи: бир текис. Воронкаси (мева
банди чуқурчаси). Мева банди узунлиги 10-11 мм узунликда, ингичка, кучли тукланган. Кенглиги – ўртача; чуқур, зангсиз, айрим мевалари ўртача зангли. Мева гулкосаси. Ўлчами – катта; очиқ. Мева гулкосаси чуқурчаси. Кенглиги – ўртача; ўртача
чуқур; рельефи – силлиқ. Гулкоса ости бўшлиғи (трубка).
Шакли – воронкасимон; кенглиги – ўртача; чуқурлиги – саёз; Меванинг юқори қисми. Шакли – юмалоқ, ботиқ; Юракчаси. Жойлашиши – мева юқорисида; ўлчами – катта; шакли – ясси юмалоқ. Уруғ камераси. Ҳар камерасида 2 тадан, баъзан биттадан уруғи бор.Ўлчами – ўртача; шакли – ярим очиқ. Мева эти. Ранги – оқ, кремсимон; бўшлиғининг ранги – эт билан бир хил; консистенцияси – туташ; тиғизлиги – юмшоқ
(18 январдаги ҳолати); ширадорлиги – ўртача; қандлилиги – ўртача; нордонлиги (кислоталилик) – ўртача; хушбўйлиги – ўртача. Қумолоқланган, қаттиқ ҳужайралар (грануляция).- йўқ. Уруғи. Ўлчами – ўртача; ранги – тўқ жигарранг. Таъм хусусияти. Мағзининг таъми – ширин; таъм баҳоси – аъло. Мевасининг истеъмол йўналиши – хўраки.
“Ҳазорасп” олма. Мевалари асосий ранги сарғиш – яшил, тўлиқ пишганда сариқ рангга киради. Ўлчами: ўртача катталикда, мева баландлиги 5,8 см, эни 6,9 см, оғирлиги ўртача 127,7 г. Энг йирик мевалари 129-158 г гача етади. Шакли – юмалоқ, юмалоқ овалсимон. Рельефи: ўртача бир текис.
Воронкаси (мева банди чуқурчаси). Мева банди узунлиги 7-8 мм узунликда, кучсиз тукланган. Кенг, чуқур, зангсиз. Мева гулкосаси. Ўлчами – ўртача, очиқ. Мева гулкосаси чуқурчаси.
Кенглиги ва чуқурлиги – ўртача; рельефи – силлиқ. Гулкоса ости бўшлиғи (трубка). Шакли – конуссимон; кенглиги – тор; чуқурлиги – саёз. Меванинг юқори қисми. Шакли – юмалоқ; Юракчасининг жойлашиши – мева марказида; ўлчами – катта; шакли – шолғомсимон. Уруғ камераси. Ҳар камерасида 2 тадан, баъзан биттадан уруғи бор. Ўлчами – катта; шакли – ярим очиқ. Мева эти. Ранги – сарғиш-оқ; бўшлиғининг ранги – эт билан бир хил; консистенцияси – туташ; тиғизлиги – юмшоқ (18 январдаги ҳолати); ширадорлиги – ўртача; қандлилиги – ўртача; нордонлиги (кислоталилик) – нордон эмас; хушбўйлиги – ўртача. Қумолоқланган, қаттиқ ҳужайралар (грануляция).- йўқ.
Уруғи ўлчами – ўртача; ранги – оч жигарранг. Таъм хусусияти. Мағзининг таъми – ширин; таъм баҳоси – яхши. Меваниниг истеъмол йўналиши – хўраки.
Хулоса. Маҳаллий олма навларининг юртимизнинг кескин континентал иқлим шароитларига ва тупроғига мослашганлиги, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини ҳамда мева сифатининг аъло эканлиги, яхши сақланувчанлиги
маҳаллий олма навларини етиштиришнинг афзаллик жиҳатларини кўрсатади.
Дилрабо НАЗАРОВА, Хилола БОБОЕВА, Академик М.Мирзаев номидаги БУваВИТИ
илмий ходимлари.
Манба: АГРО ИЛМ – ЎЗБEКИСТОН ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ Maxsus son – 2 [86], 2022



















