Қовун зараркунандалари ва уларга қарши курашиш

Ўзбекистонда кўп учрайдиган ва катта зарар келтирадиган қовун касалликлари: ризоктониози, фузариоз сўлиш, ун-шудринг ва бошқалардир. Зараркунандалардан оққанот, қовун пашшаси, полиз шираси, ўргимчаккана, кемирувчи кўкқурт кабилар қовун ҳосили камайишига сабаб бўлиши мумкин.
Оққанот зараркунандаси Ўзбекистонда оққанотнинг 2 тури кенг тарқалган. Ушбу ҳашарот қовун, тарвуз, қовоқ ва бошқа экинларни жиддий зарарлайди.
Агротехник кураш чоралари:
Қовун уруғларини алмашлаб экиш, қатор ораларига сифатли ишлов бериш, кўллатиб суғормаслик керак. Оққанот сонини камайтириш мақсадида сариқ экранлардан фойдаланиш зарур. Энкарзия паразитини 1:20, 1:10, 1:5 нисбатда қўллаш мумкин.
Кимёвий кураш чоралари: агарда оққанотларнинг миқдори кўп бўлганда қуйидаги препаратлардан бирини қўллаш тавсия этилади: (бупрофезин) аппловуд, саффлауд апплауд 25% н.кук. – 0,5 кг/га; (пирипроксифен) адмирал 10% эм.к. – 0,5 л/га; (ацетамиприд) комилот, нестер, энтоспилан, моспилан 20% н.к. – 0,3 кг/га; (имидаклоприд) багира, вулкан, командор, конфидор 20% эм.к. – 0,3-0,4 л/га.

Ўргимчаккана зараркунандаси Ўргимчаккана ҳаммахўр зараркунанда ҳисобланиб, у 250 дан ортиқ ўсимликларни зарарлаб, қовун ҳосилининг 50% га яқинини йўқотиши мумкин. Зараркунанда мева ва барг ҳужайрасининг ширасини сўриб озиқланади.
Вақтида кураш тадбирлари ўтказилмаса барглар ва мевалар тўкилиб кетади. Ўргимчаккананинг катталиги 0,3-0,6 мм келади. Личинкасида 3 жуфт, нимфа ва имаголарида 4 жуфт оёқлари бўлади.
Каналарнинг ривожланиши ёзда ҳар 8-12 кунда ўтса, кузда ва баҳорда 19 кунгача давом этади. Бир йилда 18-20 марта насл беради (Успенский, 1970). Урғочи зотлари иссиқхоналар, парникларда ўсимлик қолдиқларида якка-якка ҳолда ёки тўп-тўп бўлиб қишлайди.
Кимёвий кураш чоралари: омайт, 57% к.эм. — 1,5 л/га (етук зотига, личинкасига); ниссоран, 10% н.кук. – 0,1 кг/га (тухумига); флумайт, 20% сус.к. — 0,2 л/га (етук зотига, личинкасига); ортус, 5% сус.к. – 0,75 л/га (етук зотига, личинкасига); вертимек, 1,8% эм.к. – 0,3-0,4 л/га (етук зотига, личинкасига) қўллаш зарур.

Қовун пашшаси Қовун пашшаси май ойининг иккинчи декадасидан уча бошлайди. Она пашшалар қишловдан чиққандан сўнг 3-4 кун ўтгач, оталаниб тухум қўяди. Республикамиз шароитида 3-4 та насл бериб ривожланади. Қовун пашшаси полиз экинларининг ўсиш даврида оналик гули, тугунча ҳамда меваларига тухум қўйиб, тухумлардан чиққан личинкалари мевалар ичига кириб зарарлаши натижасида, олинадиган ҳосил истеъмолга яроқсиз холга келади.
Полиз меваларининг қовун пашшаси билан зарарланганлигини ташқи кўринишидан аниқлаш қийин.
Мева ичидаги личинкаларга қарши кимёвий кураш ўтказиш самара бермаслигини ҳисобга олган ҳолда, пашшаларга қарши курашни олиб бориш зарур.
Агротехник кураш чоралари: Ўсимлик қолдиқларидан тозалаш, чуқур шудгор қилиш, қатор ораларига сифатли ишлов бериш, кеч кузда суғориш ва ерларни яхоблаш, пашша кузатилган далаларга қовунни қайта экмаслик
тавсия этилади.
Кимёвий кураш чоралари: Биринчи ишловни ўсимликнинг гуллаш давридан бошлаб, 3-4 марта пуркалади. Препаратлардан: Карбофос 50% к.э – 2 кг/га, Фуфанон 57% к.э – 1 кг/га, Пилигрим 24,7% к.э – 0,2 кг/га, Нестор 20% н.кук – 0,3 кг/га, Энджео 24,7% сус.к.-0,3л/га меъёрида алмашлаб пуркаш тавсия этилади. Препаратларнинг бирортасини 300 литр сувга аралаштириб ишлов бериш тавсия қилинади.
Кимёвий ишлов берилган далаларга 2-3 кун ўтказиб ўсимликни стрессдан чиқариш ва ривожланишини тезлаштириш учун таркибида гумин, фульво, гибберелл ва озиқа моддалар комплекси (N,P,K) микроэлементлар таркибида бор ўсимликларнинг ўсишини бошқарувчи препаратларнинг бирортаси билан ишлов бериш мумкин.
Манба: М.У.Халимова, «Қовун ва тарвуз етиштириш» китоби (Агробанкдан 100 китоб тўплами)