Гилос меваларини ёмғирда ёрилиши

Турли меваларнинг ёмғирдан кейин ёрилиш хусусияти бор. Гилос мевалари эса бундай ёрилишга жуда ҳам мойилдир. Дунёнинг кўплаб гилос етиштирадиган ўлкаларида меваларни ёмғирда ёрилиши энг катта муаммолардан бири ҳисобланади. Ёғингарчилик кўп бўладиган мавсумларда меваларнинг ёрилиши 90% гача етиши мумкин. Ёрилиш даражаси 25% ортиқ бўлганда меваларни териш ўзининг иқтисодий самарасини бермаслиги мумкин. Бундан ташқари ёрилган мевалар чириш касалликларига мойил бўлиб ҳосилнинг катта қисми йўқотилиши мумкин. Мевалар шарбат учун етиштириладиган боғларда ёрилиш натижасида меванинг оғирлигини кескин камайиши
ҳосилдорликни паст бўлишига олиб келади.
Мевалар ёрилишига асосий сабаб бу меваларнинг қисқа вақтда катта миқдордаги сувни этига сўрилиши натижасида юз беради. Қўшимча равишда илдиз орқали олинадиган намлик ҳам мевалар ёрилишига олиб келади. Демак, ёрилишга 2 та сабаб, бевосита ёмғирни мевага тегиши ва илдиздан сўриладиган сувни мевалар ичига киришидир. Меваларнинг ёмғир теккан қисми одатда ёрилади, яъни банди томони. Илдиздан сўрилган сув натижасида эса кўпинча юлдизчасимон ёрилишлар меванинг учки қисмида пайдо бўлади.

Ёрилиш турлари эса 3 хил бўлади. Биринчиси бу банди тарафдан айлана ёриқларни пайдо бўлиши. Иккинчиси мева учида айлана ёрилишлар ва учунчиси эса меванинг ён томонида чуқур ёриқларнинг пайдо бўлиши.Одатда мевалар пишишидан анча вақт аввал мева банди ва учки томонида жуда кичик ёриқлар пайдо бўлади ва улар теримга яқин битиб кетади. Гилос навларининг ёрилиш даражаси бир биридан кескин фарқ қилади. Ёрилишга мойил навлар ёмғир сувини жуда тез сўриб олади ва мевалар секин катталашади. Ёрилишга ўртача мойил навлар эса ёмғир сувини секин сўриб олади ва мевалар секин катталашади.

Ёрилишга чидамли навлар эса ёмғир сувини секин сўриб олади. Ёрилиш асосан мева навининг етилиш даражасига ҳам боғлиқ.
Мева ёрилишига қуйидаги омиллар таъсир кўрсатади:

  •  Меванинг йириклиги. Йирик мева ёрилишга мойилроқ ҳисобланади. Бу жойда яна бир аҳамият берадиган жиҳати бор. Табиатан меваси йирик бўладиган навлар бор ва бир навнинг дарахтда турли йирикликдаги мевалари бор. Бир нечта текширувлар табиатан меваси йирик навларни меваси майдароқ навларга нисбатан кўпроқ ёрилишини кўрсатиб берди. Боғдаги бир навнинг ичидаги турли йирикликдаги меваларнинг ёрилиши навлар ўртасидаги ёрилишдан кўра кўпроқ аҳамиятлидир. Меваси кўп ва майдароқ бўлган дарахтда ёрилиш камроқ бўлган. Меваси кам ва йирикроғида эса кўпроқ мева ёрилган.
  • Меванинг қаттиқлиги. Гилос навлари орасида мева қаттиқлик даражаси ҳам бир биридан кескин фарқ қилади. Умуман олганда меваси қаттиқ навлар меваси юмшоқроқ бўлган навлардан кўра ёрилишга кўпроқ мойилдир.
  • Меванинг ривожланиш босқичи. Меваларнинг ривожланиш босқичи ёрилиш билан бевосита боғлиқдир. Гилос мевалари ривожланиш бочқичининг 3-босқичидан кейин теримгача ёрилишга мойил ҳисобланади. Мева теримга яқинлашган сари
    ёрилишга чалинувчан бўлиб бораверади.
  • Кальций сепиш. Меваларга озуқа сифатида ишлов бериладиган кальций мевалар ёрилишини олдини олишга катта ёрдам берибгина қолмай балки мевалар қаттиқлигини оширади ва мева бандини узоқ муддат яшил қолишига ёрдам беради.

Гилос навларини ёрилишга мойил эканлигини аниқлаш учун қуйидаги тестни ўтказиш керак.
Ҳар бир навдан теримга яқин вақтда 50 дона ёрилмаган мева териб олинади. Хона ҳароратида бўлган дистилланган сувга 2 соат тўлиқ солинади (чўктирилади). Мевалар тўлиқ сувнинг тагида бўлиши керак. Икки соатдан сўнг мевалар олинади ва ёрилиш сони ҳамда фоизи аниқланади.

Гилос навларини ёрилишга мойил эканлигини аниқлаш учун қуйидаги тестни ўтказиш керак. Ҳар бир навдан теримга яқин вақтда 50 дона ёрилмаган мева териб олинади. Хона ҳароратида бўлган дистилланган сувга 2 соат тўлиқ солинади (чўктирилади). Мевалар тўлиқ сувнинг тагида бўлиши керак. Икки соатдан сўнг мевалар олинади ва ёрилиш сони ҳамда фоизи аниқланади.

Манба: Замонавий интенсив гилос боғлари [Матн] / Ш. Аброров. – Тошкент : Baktria press, 2018. – 148 б.