Ғўзани чилпиш бўйича тавсиялар

Пахтачиликда июль ойида бажариладиган юмушлар ҳосил чўғининг юқори, эртаги ва сифатининг яхши бўлишини таъминлайди. Ушбу ойдаги энг долзарб ишлардан бири ғўзани оби-тобида суғориш ва чилпишдир.
Ҳудудларнинг тупроғи, механик таркиби ва гидромодуль минтақаларини ҳисобга олиб, суғориш муддати, меъёри ва сони қуйидагича белгиланади. Сизот сувлари чуқур жойлашган ерларда ғўзанинг гуллаш ва ҳосил тугиш даврида суғориш меъёри енгил таркибли тупроқларда гектарига 600–900, ўрта ва оғир тупроқларда 900–1000 м3 атрофида белгиланади.
Суғориш давомийлиги механик таркиби енгил тупроқларда ғўзанинг гуллаш даврида 10–12, ўрта ва оғир тупроқларда 12–14, ялпи гуллаш ва ҳосил тугиш даврида эса мос равишда 14–16 ва 16–18 соатдан ошмаслиги керак.
Таъкидлаш жоизки, ғўза сувга келган даврда гули тепага чиқиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Негаки, ҳарорат юқори бўлганда сув кеч берилса, ғўза чанқаб паст бўйли бўлиб, ривождан орқада қолади. Пахта даласини бегона ўтлардан тозаламасдан туриб суғориш ҳам маъқул эмас. Бунда бегона ўтлар берилган ўғитни тез ўзлаштириб, унинг самараси кескин пасаяди. Бегона ўтлар жадал ривожланиб, ғўзанинг ҳосил тўплашига салбий таъсир кўрсатади.
Тажрибалардан маълумки, ғўзани гуллаш даврида суғоришнинг кечиктирилиши ҳисобига 10–15 ц/га пахта ҳосили бой берилади. Fўзани суғориш кечаю-кундуз амалга оширилиши яхши натижа беради, айниқса, тунги суғориш сувни 20–25 % тежайди ҳамда ўсимликнинг ўсиб-ривожланиши учун мўътадил микроиқлим яратади.
Суғоришни шарбат усулида ўтказиш сувдан самарали фойдаланишда ва ғўзанинг минерал озиқани тўлиқ ўзлаштиришида муҳим ўрин тутади. Бунда гўнг ғўзага озиқа бериш билан бирга, мульча вазифасини бажариб, сувнинг ортиқча буғланишини камайтиради, тупроққа сингишини яхшилайди, намни яхши сақлайди.
Бунинг учун ҳар бир даланинг сув кирадиган жойига шарбат учун махсус хандак қазилиб, суғоришдан 5–7 кун олдин 1:1 нисбатда сув билан гўнг аралаштирилиб жижа тайёрланади, бунда компостдан ҳам фойдаланиш мумкин. Шарбат сувини бериш учун суғоришни якунлашдан олдин сув сарфи оширилиб, суғориш суви ушбу хандак орқали ўтказилиб, сувнинг ранги тўқ жигарранг тусга киргунча жижа аралаштирилиб турилади ва сув эгатлар охирига етганда тўхтатилади.
Суғорилган майдонлар тупроғи етилиши билан ғўза қатор ораларига зудликда ишлов бериш керак. Агар культивация кечикиб ўтказилса, тупроқ намлиги қочиб, ер ёрилиб кетади ва ишлов пайтида ғўза илдизи шикастланади, ўсиб-ривожланиши секинлашади, ҳосил нишоналари тўкилиб кетади. Ушбу ойда ғўзани чилпиш ҳам энг муҳим юмушлардан саналади.
Чилпишни ўз вақтида ва сифатли бажариш орқали, ғўзанинг ўсиб-ривожланиши жадаллашади, ҳосил элементларининг тўкилиши камаяди, гул ва кўсаклар сони ошади, кўсакларнинг пишиши 10–15 кунга тезлашади, ҳосилдорлик 6–8, ҳаттоки 10–12 центнергача ортади.
Республикамизда чилпиш асосан қўлда, баъзан механизм ёрдамида бажарилади. Лекин, кейинги йилларда кимёвий усулда Сожеан, Энтожеан, Далпикс каби препаратлар билан ҳам чилпиш ўтказилмоқда. Fўза яхши ўсиб, вегетатив массаси қанчалик катта бўлса, ўсимлик тупроқдан олаётган озиқа моддалари кўпроқ ўсув шохлари ва баргларга йўналади.
Шу боис генератив ҳосил органлари шоналар, гуллар ва кўсакларга озиқа камроқ етиб боради. Оқибатда ҳосил элементлари тўкилиб, кўсаклар тўлиқ шаклланмайди, очилиши кечикади, ҳосилдорлик камаяди ва толасининг сифати пасайиб кетади. Шу сабабли ғўзани ўз вақтида чилпиш талаб этилади, бу эса кўсаклар пайдо бўлиши ва етилишини тезлаштиради, эртаги, мўл ва сифатли ҳосил етиштириш имконини беради, кўсак қуртининг зарарини камайтириб, дефолиация самарадорлигини оширади.
Fўзани ўз муддатида ва сифатли чилпиш жуда катта меҳнат ва харажат эвазига етиштирилган ҳосилнинг сақлаб қолинишига ва унинг кўпайишига, сифатининг яхшиланишига, эртаги пахта салмоғининг ортишига олиб келса, аксинча унинг кечиктирилиши, сифатсиз ва эътиборсизлик билан чала ўтказилиши ёки ўтказмаслик оқибатида пахта ҳосили 20–25 % камайиб, пишиб етилиши 10–15 кунга кечикиб, кўсаклари кичрайиб, вазни ҳам камаяди, ғўза сербарг бўлиб, барглар кўпайиб ҳашаротларни ўзига кўпроқ жалб этади. Fўза пайкалларининг тупроғи, ғўзанинг ўсиб-ривожланиши ҳамда навларига қараб унумдор тупроқларда 13–14, ўртача унумли тупроқларда 12–13 ва унумдорлиги паст ерларда 11–12 ҳосил шохи тўпланганда чилпиш ўтказилади.
Fўзанинг устки ўсув нуқтаси қўлда чилпилганда ён шохлар ривожланиб, қаторларнинг бирлашиши юз беради. Бунинг олдини олиш учун 7–8 кундан кейин ғўзанинг ён шохларини ҳамда ривожланишдан орқада қолган бўйи паст тупларини яна чилпиш мақсадга мувофиқ. Қўлда чилпиш ўтказилганда ғўза бош поясининг энг учидаги 1–2 см қисми (бироз оқиш рангли бўлади) юлиб олинади.
Бунда ушбу қоидага риоя этилмай ғўзани уч қисми чуқур (5–10 см) чилпиб олинса, ғўзага салбий таъсир этиб, бир-иккита ҳосил нишонаси (шона ва гул) ҳам юлиб ташланади. Бу эса тўлиқ пишиб етилиши мумкин бўлган бир-иккита кўсакнинг бой берилиши демакдир.
Шу боис ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари ва мутахассислар қўлда чилпишни бошлашдан олдин далада ишловчилар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориши ва чилпиш жараёнида эса назоратни кучайтиришлари лозим.
Механик усулда чилпишда ғўзанинг учки ўсув қисми махсус мослама – культиватор олдига ўрнатилган агрегат билан кесилади, ён шохлари эса яна қайта чилпилади. Чилпишнинг кимёвий усули ғўзанинг ҳосил тўплаши ва мақбул ўсиши учун самарали ва қулайдир. Кимёвий чилпишда Сожеан, Энтожеан, Далпикс каби таркибида мепикват хлорид бўлган препаратлар юқоридаги тавсия этилган чилпиш муддатларида ғўзани суғоришдан 5–7 кун аввал ёки суғоришдан 5–7 кун кейин ОВХ ва бошқа пуркагич мосламаларда 250–300 л/га сувга аралаштирилиб сепилади.
Шунда дорилар ғўзанинг барги орқали яхши сингиб, танаси бўйича тарқалади ва ўсимлик ҳужайраларининг бўлинишини тўхтатади, натижада ғўза бирваракайига бўйига ва ёнига ўсишдан тўхтайди, барглари тўқ яшил рангга киради, ўсимликнинг ривожланиши ва ҳосил тўплаши жадаллашиб, тупи ихчам арчасимон бўлиб, қаторлар орасида ҳаво алмашинуви ва микроиқлим яхшиланади.
Энг асосийси пишиб етилиши 10–12 кунга тезлашади, биринчи терим салмоғи 6–7 центнер, умумий ҳосил 5–8 ц/га ва ундан ҳам ортиб, пахтани қисқа муддатларда юқори навларда йиғиштириб олиш имкони яратилади. Кимёвий чилпишдан кейин қўлда чилпишга ҳожат қолмайди, қўл меҳнатига барҳам берилади, механизмда чилпишга нисбатан ёнилғи сарфи 5–6 марта тежалади.
Чилпиш учун ишлатиладиган юқоридаги препаратлар кам заҳарли, атроф-муҳитга ва ҳайвонларга зарарсиздир. Кимёвий усулда чилпиш қуйидаги тартибда амалга оширилади: аввал тракторнинг сув баки ярмигача тоза сув билан тўлдирилади, сўнгра белгиланган препарат меъёри иккала бакка бир хил миқдорда бўлиб-бўлиб солинади ва унинг устидан сув қуйилиб охиригача тўлдирилади. Тракторнинг махсус аралаштиргичи ёки қўлда бирор мослама билан яхшилаб аралаштирилади, шундан сўнг далага сепишга рухсат берилади.
Республикамиз минтақаларида ғўзанинг ривожланиши ҳолатига қараб, Сожеан ва Энтожеан гектарига 150 г, Далпикс 1,5–2 л миқдорда қўлланилиши тавсия этилади. Сожеан ва Энтожеан препаратлари ғўзанинг ёшлик даврларида шоналаш даврининг бошида 15 г/га, гуллаш бошланганда (ғўза бўйи 55–60 см) 45 г/га сепилган бўлса, чилпиш даврида 90 г/га сепиш етарли.
Жорий йилда ғўзанинг ўсиб-ривожланиши, навларнинг морфо-биологик хоссалари ва тупроқ шароитларидан келиб чиқиб республикамиз минтақаларида чилпишда қуйидагиларга эътибор қаратиш талаб этилади. Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида С-6524 ғўза нави экилган, унумдорлиги юқори бўлган ерларда гектарига 90–100 минг туп кўчат парваришланаётган бўлса, 13–14 ҳосил шохида, унумдорлиги ўрта ва паст, сизот сувлари яқин жойлашган ерларда 100–110 минг туп кўчат зичлигида 12–13 ҳосил шохида, Наманган–77, Ан-Боявут–2, Султон ғўза навлари экилган унумдор ерларда 100–110 минг кўчат қалинлигида 13–14 ҳосил шохида, ўрта ва паст унумли жойларда 110–120 минг кўчати мавжуд бўлса 11–12 ҳосил шохида чилпиш ўтказилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Агарда Бухоро–102 нави ўстирилаётган бўлса, кўчат сони 90–100 минг қолдирилганда 13–14 ҳосил шохида, 100–110 минг кўчатда эса 12–13 ҳосил шохида чилпиш ўтказиш керак.
Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари шароитида тупроқ унумдорлиги паст майдонларда Омад, Ан-Боявут–2, Султон ва С-6541 ғўза навлари гектарига 110–120 минг туп кўчат қалинлигида парваришланган бўлса 12–13 ҳосил шохи пайдо бўлган муддатда, Бухоро–6, Бухоро–102, Бухоро–8 навларида 100–110 минг кўчатда 12–13 ҳосил шохида, унумдорлиги ўртача тупроқларда Омад, Ан-Боявут–2, С-6541 ва Султон навлари гектарига 100–110 минг кўчат қалинлигида 13–14, Бухоро–6, Бухоро–102 ва Бухоро–8 навларида 90–100 минг кўчат сонида 13–14, унумдорлиги юқори бўлган жойларда экилган Омад, Ан-Боявут–2, С-6541 ва Султон навларида гектарига 100–110 минг кўчат қолдирилиб ўстирилаётган ерларда 13–14, Бухоро–102, Бухоро–6 навларида 90–100 минг кўчат қалинлигида 13–14 ҳосил шохида чилпиш ўтказилиши энг мақбул муддат ҳисобланади.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида унумдорлиги юқори бўлган тупроқларда С-6524, Султон, Наманган–77, АН-16, Андижон–35, Андижон–36 ва Андижон–37 ғўза навлари гектарига 90–100 минг туп кўчат сонида 13–14, ўртача унумдор тупроқларда гектарига 100–110 минг туп сонида 12–13, унумдорлиги паст ерларда гектарига 110–120 минг туп сонида 11–12 ҳосил шохида чилпиш ўтказилса, ер ости суви юза бўлган тупроқларда ҳам 110–120 минг кўчат қолдирилиб парваришланган пайкалларда 12–13 ҳосил шохида чилпилади.
Қашқадарё вилоятида экилган Бухоро–6 ва Бухоро–8 ғўза навлари шохланиб ўсишини ҳисобга олиб, тупроқ унумдорлиги паст бўлган майдонларда гектарига 110–120 минг кўчат сонида 11–12, унумдорлиги ўртача бўлган чўл, ярим чўл ва дашт ҳудудларида 100–110 минг туп сонида 12–13, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида экилган Бухоро–102 навида 95–100 минг кўчат сонида 13–14, Наманган–77, Султон навларида 110–115 минг туп сонида 13–14 ҳосил шохида, тупроқ унумдорлиги юқори бўлган ерларда Бухоро–102 навида 90–100 минг туп сонида 14–15, Наманган–77, Султон, Бешқаҳрамон навларида 100–110 минг туп сонида 13–14 ҳосил шохида чилпиш ўтказилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида экилган С-4727, Дўстлик–2, Чимбой–5018, Меҳнат, Хоразм–127, Ибрат, Хоразм–150 ғўза навларида унумдорлиги юқори ерларда гектарига 90–100 минг туп сонида 13–14, ўртача унумдор тупроқларда 100–110 минг туп сонида 12–13, унумдорлиги паст ерларда 110–120 минг туп сонида 11–12 ҳосил шохида, Бухоро–102 нави экилган унумдор ерларда 85–90 минг туп сонида 13–14, ўртача унумдор жойларда 95–100 минг туп сонида 12–13, паст унумдор ерларда 100–110 минг туп сонида 11–12 ҳосил шохи тўпланганда, Омад ғўза навида 100–120 минг туп сонида 13–14 ҳосил шохида чилпиш ишлари ўтказилиши тавсия этилади.
Чигит қўшқатор экилган барча жойларда 10–11 ҳосил шохида чилпиш ўтказган маъқул. Ҳар бир фермер хўжалиги ўз далаларидаги ғўзаларда юқоридаги тавсиялардан келиб чиқиб, ғўзани суғориш ва чилпишни тўғри ҳамда сифатли амалга ошириши ўта муҳимдир. Ушбу тавсиялар асосида парваришланган ғўза ҳосили мўл, сифати юқори бўлиш билан бирга теримни ёмғирли кунларга қолдирмай, қисқа муддатда саранжомлаб олиш, маҳсулотни юқори навларга сотиш ва пировардида иқтисодий самаранинг ортишига эришилади.
Б.Ҳолиқов, Ш.Абдуалимов, М.Ҳасанов

Манба: https://agro.uz/uz/services/recommendations/4626/