“Қуруқ ажралган (қоғоссимон) пўстлоқ“ — замбуруғ касаллиги

Дарахт танасига эътибор беринг.

Одатда бундай зарарланиш ёш кўчатларда цикадка сабабли ҳам юзага келиши кузатилган. Лекин айни бу ҳолатда бу зарарланиш “Қуруқ ажралган (қоғоссимон) пўстлоқ“ — замбуруғ касаллиги таъсирида юзага келганлиги кўпроқ ҳақиқатга тўғри келади. Қолаверса, бу расм Баҳмалда oлинган, яъни баҳор ойларида (дарахтлар кесиладиган) ҳаво жуда нам келиши эҳтимоли катта бўлган ҳудуд.

Қуруқ ажралган пўстлоқ — замбуруғ касаллиги, ёши катта олма дарахтларида кўп учрайди. Бу касаллик асосан эътиборсиз қолган ва нотўғри кесилган дарахтларда кўп учрайди. Ушбу замбуруғ шохларнинг кесилган жойларида шаклланади ва дарахт танаси ичигача кириб боради. Зарарланган пўстлоқ ва ёғоч тўқималар қурийди, гупкага ўхшаб қолади ва ранги ўзгаради. Зарарланган пўстлоқ ажаралади ва унинг остидаги қуриб бораётган ёғоч тўқималар яққол кўриниб боради. Нам об-ҳаво шароитларида зарарланган пўстлоқ гупкага ўхшаб кетади ва ҳаво қуриганда xудди қоғозга ўҳшаб қолади. Зарарланган жойлардан баъзида қора суюқлик (елим) ажралиб чиқиши мумкин. Зарарланган жойнинг атрофи дағал айлана шаклида қуриб қолиши ҳам мумкин. Ушбу замбуруғ ривожланиб боргани сари шохларни сиқиб боради ёки агар зарарланиш дарахт танасида бўлса танани бутунлай эгаллаб уни қуритиши мумкин. Зарарланиш дарахт танасини бутунлай қоплаб олган ҳоллардан, дарахт нобуд бўлади. Замбуруғ сабабли юзага келган яраланиш йилига бир неча сантиметрга ўсади.

Зарарланишнинг олдини олиш ёки унга қарши кураш чораси

Дарахтларни тўғри парваришлар ва уларнинг саломатлигини таъминлаш, ҳамда бутоқ қолдирмасдан шохларни кесиш орқали ушбу замбуруғ юзага келишининг олдини олиш мумкин. Зарарланиш пўстлоқ ёки танада кузатилса уни кесиб олинг ва ёқиб йўқ қилинг. Дарахтларни фақат қуруқ ҳавода кесинг, агар намлик юқори ёки ёмғирли ҳавода дарахтлар кесилса, ушбу замбуруғ споралари жуда тез тарқалади. Дарахт кесилгандан сўнг ҳаво камида 48 соат қуруқ (ёмғир ёки қорсиз) бўлиши шарт, шунда кесилган жой яхши ва соғлом битади. Агар дарахтлар ёмғирли ҳавода кесилган бўлса, кесилган жойларни мис купароси, бордо суюқлиги, билан ишлов берилиши тавсия этилади. Дарахтларнинг остини бегона ўтлардан тоза тутиш, уларни тўғри озиқлантириш ва суғориш орқали дарахт саломатлигини таъминлаш мумкин.

Манба: @fruitmaster

 

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!