Кўп йиллик тажриба натижаларига кўра кузги буғдойда ҳар қандай шароитда ҳам физиологик жараён, давом этади, унинг ривожи учун энергия зарур бўлади. Кунлик ҳарорат +5ºС бўлганда қишлаш даврида фотосинтез жараёни тўхтаб, фақат нафас олиш жараёни устунлик қилади. Бунда ғаллани экиш даврида экиш билан берилган фосфорли ва калийли минерал ўғитлардан илдиз орқали синтез қилинган органик моддалар ҳисобига нафас олиш содир бўлади. Айтиш жоизки, кузги буғдой совуқ даврда энергияни фақат нафас олиши жараёнида танасидаги захира моддаларни парчаланиши эвазига ҳосил қилади. Шу билан бирга, қишда кундуз кунлари ўсимликда фотосинтез жараёни ўтмайди. Ўсимлик қуёшнинг ёруғлик энергиясидан фойдаланиши сабабли хлорофил доначаларини тўплайди. Бунинг натижасида ўсимлик кечаси кучаядиган совуққа чидамлилигини оширади.
Республикамиз ғалла майдонларида макро ва микроэлементлар тақчилигини қоплаш мақсадида куз, қиш, ва баҳор ойларида тўғри ва ўз вақтида кузги буғдойни парвариш қилиш ўсимликни ноқулай шароитларга чидамлилигини ошириш ва маҳсулдорлигининг юқори бўлишини таъминлашимиз зарур.
Март ойида ривожланиши орқада бўлган, яъни кечки муддатларда экилган ғалла майдонларида туплаш жараёни об-ҳаво ва тупроқ ҳароратига қараб, март ойининг иккинчи ўн кунлигига қадар давом этиши мумкин.
Юқоридагиларни ҳисобга олиб, қуйидаги агротехник ишларни амалга ошириш зарур:
Мутахассислар томонидан ҳар бир ғалла майдонларидаги экилган ғалланинг ўсиш ва ривожланиши фазалари бўйича мониторинг ўтк азиш асосида аниқ хулосалар асосида ғаллани баҳорги озиқлантиришдан ташқари қўшимча ишлов бериш баргдан озиқлантириш, яъни суспензия сепиш, шарбат усулида суғориш, таркибида микроэлементлар ҳамда гумин кислоталарга эга бўлган биопрепаратларни суспензия қилиб қўллаш каби агротехника тадбирларини амалга ошириб бориш самарали ҳисобланади.
Март ойида ғалла майдонларига минерал ўғит бериш, суспензия сепиш ўсимликларнинг ривожланиш жараёнини тезлаштиради. Шунга асосан, март ойи давомида суспензиялаш тадбирини 2 марта ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Суспензия учун эритма тайёрлашда ғалланинг туплаш даври учун 10 кг, найчалаш даврида эса 12 кг карбамид минерал ўғитга, Гео Гумат (1 л/га), УзГуми, Гумимакс (0.5 л/га), Агрозим, Байкал-М каби кимёвий воситаларни 3 л/га), 300 литр сувга аралаштириб махсус пуркагич механизмлар ёрдамида ғалла майдонларига сепиш ғалла ҳосили ва сифатига ижобий таъсир кўрсатади.
Бунда ғалла ўсимлиги илдизидан оладиган озиқа элементларидан ташқари баргдан озиқлантирилиши натижасида ўсимл ик барг сатҳининг қалинлашиши ҳисобига ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини ошиши билан бирга баргдаги фотосинтез жараёни яхшиланади.
Ўсимлик баргида ҳосил бўладиган органик модданинг кўпайиши натижасида ўсимликларнинг ўсиш ва ривожланиши тезлашади.
Март ойида ғаллачиликда амалга ошириладиган энг муҳим агротехник тадбирларидан бири бу азотли ўғитлар билан иккинчи озиқлантиришни амалга ошириш ҳисобланади. Ғалла март ойида туплаш жараёнидан найчалашга ўтади.
Бу фазада ўсимликнинг вегетатив органлари, энг асосийси поялар сонининг кўпайиши ҳисобига азотли ўғитга бўлган талаби энг юқори даражада бўлади. Шундан келиб чиқиб, бу даврда азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 40 фоизини, яъни физик ҳолда аммиакли селитра ҳисобида гектарига 300-320 кг. меъёрда берилиши тавсия этилади. Ҳар бир озиқлантириш ўтказилган ғалла майдонларини пешма-пеш ҳар бир минтақалар тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, гектарига 600-800 м3 меъёрда суғориш ишларини ўтказиб, чекланган дала нам сиғимининг 70-75-70% бўлишини таъминлаш зарур.
Суғориш ишларининг маҳаллий ўғитлар билан шарбат усулида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Ўсимликнинг найчалаш даврида маҳсулдор поялар, поялар ичида бошоқлар шаклланади. Найчалаш фазасининг давомийлиги 25-30 кунни ташкил этади.
Бошоқли дон экинлари бу фазада бутун ўсув даври давомида тўплайдиган қуруқ модданинг 50-60 фоизини тўплайди.
Ғалланинг найчалаш фазасида намлик ва озуқанинг етишмаслиги олинадиган ҳосилдорликка ўз салбий таъсирини кўрсатади.
Ғалла майдонларида март ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб, об-ҳаво ҳароратига қараб, тавсия этилган гербицидлар билан уларга қарши дастлабки ишлов бериш бошланади. Бу даврда зарарли хасва тарқаладиган ва занг касаллигининг ўчоқлари бўлган майдонларда, биринчи навбатда, профилактика ишловининг уйғунлашган ҳолда ўтказилиши зарарли хасва ва занг касаллиги кенг тарқалишининг олди олинади.
Ғалла майдонлари озиқлантирилиб, суғорилгандан кейин ғалла ўсимлиги билан бир вақтда бегона ўтларнинг бир ва икки йиллик турлари (жағ-жағ, бурган, шўра, олабута, бангидевона, қўйтикан, итузум, мачин, сутлама, райграс, тулкидум, ёввойи сули ва бошқа) ўсиб ривожланади.
Ғаллазорлардаги бегона ўтлар ғаллага берилган минерал ўғитларни, сувни, ғалла ниҳолларига тушаётган ёруғликни тенгма-тенг, айрим ҳолларда кўпроқ ҳам истеъмол қилиши ҳисобига, ғалладан олинадиган дон ҳосилининг камайиши, унинг сифатига салбий таъсир кўрсатиши олиб борилган кўп йиллик тажриба натижаларида ўз исботини топган.
Шунинг учун бегона ўтлар ривожланган ғалла майдонларида уларнинг тури ва сонига қараб бир йиллик икки паллали бегона ўтларга Гранстар ДФ 75% (15-20 г/га), Опус (15-20 г/га), Химби 24% (0,15-0,2 л/га), бир йиллик бир паллали бошоқли бегона ўтларга қарши Топик 8% (0,3-0,4л/га), Атлантис 3% (250-300 г/га), Атлантис Стар 25% (0,2-0,3 кг/га), Топ-Дим 8% (0,3-0,4 л/га), кўп йиллик икки паллали бегона ўтларга Гранстар Плюс 75% (30 г/га), Энтостар Плюс 75% (30 г/га), Химране (0,375-0,5 л/га) каби гербицидлардан фойдаланиш тавсия этилади.
Ғалла майдонларида сариқ, қўнғир занг ҳамда ун-шудринг касалликларига қарши олдини олиш ёки бўлмаса касалликлар билан зарарланган майдонларга Давлат кимё комиссияси рўйхатидан ўтган фунгицидлар ҳаво ҳарорати ҳаво ҳарорати 15-180С бўлганда1-марта ҳамда 2-марта 30-35 кундан сўнг таъсир этувчи моддаси Пропиконазол бўлган Титул 390 к.э.к. 0,26 л/га, Тилтазол 500 к.э.к. 0,170 л/га, Бампер 25% эм.к. 0,5 л/га, Крест 25% эм.к.
0,5 л/га, Тилзол 25% эм.к. 0,5 л/га; Пропиконазол+ципроконазол бўлган Альто Супер 33% эм.к. 0,3 л/га, Файтер 33% эм.к. 0,3 л/га, Супер Коназол 33% эм.к. 0,3-0,35л/га, Виальто Супер 33% 0,3 л/га, R-ULTRA Super 33% к.э 0,3 л/га, Пропиконазол +тебуконазол бўлган Колосаль Про м.эм.к. 0,2-0,3 л/га, Суперфар 50% эм.к. 0,16-0,18 л/га, Титул Дуо к.э.к. 0,2 л/га, Дуазол к.э.к. 0,2 л/га, БИ-КОНАЗОЛ 40% к.э.к. 0,2-0,25 л/га, Уредазол 40% к.э.к. 0,2-0,25л/га, Топ-Кроп 40% к.э.к. 0,25-0,3л/га, Титус Микс 40% к.э.к. 0,2л/га, Диканазол 40% к.э. 0,2 л/га, Тебуконазол+триадимефонбўлган Дуплетт ТТ, 22,5%эм.к. 0,3-0,5 л/га, Торсо 22,5% эм.к. 0,3-0,5 л/га,Энтоликур 22,5% эм.к.0,3-0,5 л/га, Дифеноко-назол + Тиаметоксам Дуэт Экстра 55% н.к.,0,25 кг/га, билан гектарига 250-300 литр меъёрда ишчи эритма сарфлаган ҳолда ишлов беришни амалга ошириш ўзининг ижобий самарасини беради.
Юқорида келтирилган агротехника чора-тадбирлар республиканинг ҳар бир минтақаси тупроқ – иқлим шароитива ғалланинг ривожланиш фазаларига ҳамда бегона ўтларнинг униб чиқиш даврига қараб 5-10 кун олдин ёки кейин амалга оширилиши мумкин.
Бошоқли дон экинларидан мўл ҳосил етиштиришда юқоридаги тавсиялар асосида белгиланган агротехника чора-тадбирларининг ўз муддатларида, сифатли бажарилишини таъминлаш талаб этилади.
Равшанбек СИДДИҚОВ, директор, қ.х.ф.д., РФА академиги,
Илҳомжон АДАШЕВ, таянч докторант,
Наргизахон ЮЛДАШЕВА, лаборатория мудири, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти.
ЎЗБEКИСТОН ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ аграр-иқтисодий, илмий-оммабоп журнал 2022 йил, Март №3.



















