Дарахтлар саломатлигини таъминлашда суғоришнинг ўрни ва мавсумнинг таъсири

Мевали дарахтларга қанча сув бериш керак?

Мевали дарахтларнинг сувга бўлган эҳтиёжи бир нечта омилларга боғлиқ — дарахт ёши ва тури, мавсумнинг қайси вақти эканлиги, об-ҳаво ва тупроқ шароитлари, ва бошқалар. Янги экилган дарахтлар ёши катта дарахтларга нисбатан кўпроқ ва қисқароқ вақт оралиғида суғорилишга муҳтож бўлади. Лекин, қуруқ мавсумда (ёзда) барча дарахтларга уларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб етарлича сув бериш талаб этилади.

Агар мевали дарахтингиз кўпроқ ва сифатли ҳосил беришини, ҳамда унинг сувли (қарсилдоқ) бўлишини истасангиз уларга етарлича сув беришингиз талаб этилади. Агар дарахтлар қисқа вақт ва тез-тез суғориб турилса уларнинг илдизлари дарахт танаси атрофидан узоқ жойлашмайди, бу дарахт саломатлигига ўз таъсирини ўтказади, чунки нимжон илдизли дарахтлар ёши катта бўлгандан ўзини мустаҳкам тутиб тура олмайди. Шу сабабдан дарахтлар етарлича қондириб суғориш мақсадга мувофиқ. Лекин шуни билингки, ўта кўп сув бериш ҳам дарахт учун xавфли!

Янги экилган дарахтларга қанча сув бериш керак?

Янги экилган дарахтлар яхши ўрнашиб олиш учун катта миқдорда сув талаб қилади, шу сабабдан уларни мунтазам ва етарлича суғориб туриш уларнинг яхши ўрнашиб олиши ва жадал ривожланишида муҳим ўрин тутади.

Яхши ўрнашиб олгандан сўнг (экилгандан 2-3 ҳафтадан ўтиб), янги экилган дарахтларга қуруқ об-ҳаво шароитларида ҳафтасига камида 38-40 литр сув бериш (туп сонига) тавсия қилинади. Умуман олганда, дастлабки 2 (икки) мавсум давомида янги экилган дарахтлар ҳафтасига 1 (бир) ёки 2 (икки) маротаба яхшилаб қондириб суғориб турилса улар яхши ривожланади. Албатта томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилган боғларда бу муаммо бўлмайди, лекин суғориш суви кам бўлган ҳудудларда бу муаммо бўлиши мумкин. Бундай ҳудудларда ёз ойлари дарахтлар сувсизликдан кўп стрессга тушади ва бу уларнинг ривожланишига салбий таъсир қилади.

Қолаверса оралиқ экинлар ҳам янги экилган дарахтларнинг сувга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда танланиши шарт. Оралиқ экин ҳисобига дарахт ости жуда кўп нам бўлиб кетса ҳам xавфли. Шу, сабабдан оралиқ экинлар дарахт экилган қатордан камидa 50-60 см узоқликда экилиши шарт (дарахт катта бўлиши билан бу масофа 1мгача кенгайтирилиши мақсадга мувофиқ) ва дарахтлар учун алоҳида суғориш ариқлари олиниши шарт.

Ёши катта дарахтлар

Янги экилган дарахтларга нисбатан камроқ сув талаб қилса-да, ёши катта дарахтлар ҳам мавсум давомида етарлича стрессга туруширилмасдан суғориб турилиши шарт. Акс ҳолда уларнинг мевалари майдa ва сувсиз бўлиб қолади, муддатидан олдин тўкилиши мумкин ва келгуси мавсумда ҳосил бермаслиги мумкин.

Ёши катта дарахтлар (дарахтлар 3-4 ёки ундан катта ёшдаги) стрессга тушмаслиги учун ҳар 10-20 кунда яхшилаб қондириб суғориб турилиши тавсия этилади. Агар ҳарорат қизиб кетса (+32 градусдан ошса) ёки қуёш нури меъёрдан ортиқ қиздирса, янада қисқароқ вақт оралиғида суғориш мақсадга мувофиқ.

Ёши катта дарахтларнинг ўқ илдизлари чуқурроқ жойлашса-да, дарахтни озиқлантирувчи илдизлари ер юзасидан 30-45 см чуқурликда ва ёнга тарафга қараб тарқалиб жойлашган бўлади. Шу сабабдан суғориш учун мўлжалланган ариқлар дарахт танасидан 80 смдан 1м узоқликда бўлиши тавсия қилинади. Идеал ҳолатда ҳар суғоришда тупроқнинг 25-30 см қатлами (чуқурлиги) етарлича намланиши мақсадга мувофиқ.

Суғорилаётган сув дарахтда “Илдиз Бўғзи Чириши” касаллиги юзага келмаслиги учун унинг танасига зинҳор тегиб оқмаслиги шарт. Шу сабабдан бостириб суғориш боғлар учун жуда xавфли!

Бостириб суғорилиши зарур ва ер ости сизоб сувлари яқин бўлган ҳудудларда (Xоразм, Сирдарё вилоятлари ва Қорақалпоғистонда) дарахт илдизлари ва танаси касалланмаслиги учун дарахтлар олдиндан тайёрланган дўнгликлар (пушталар) устига экилиши тавсия қилинади.

Шўрлик (туз) дўнглик устига чиқиб кетиши xавфи дарахт танасининг сувга тегиб касалланиши олдида унчалик катта муаммо эмас, дарахт танасига теккизмасдан бостириб суғориш оқибатида дарахт илдизи атрофидаги шўрлик доим назоратда бўлади. Дўнглик усти йиғилиши мумкин бўлган туз (шўрлик) бу ҳолатда катта муаммо туғдирмайди.

Гуллаш даврида дарахтларни суғориш керакми ёки суғорса бўладими?

Бу кўпчиликни қизиқтирадиган савол. Ўзбекистон шароитида гуллаш даври асосан баҳорги ёмғирлар ва нам об-ҳаво шароитига тўғри келади. Аммо тупроқ намлиги етарлича бўлмаса, гуллаш даврида ҳам дарахтлар суғорилиши тавсия этилади. Акс ҳолда дарахтлар стрессга тушиб гулини тўкиб юбориши мумкин. Гуллаш даврида керагидан ортиқча сув берилиши ҳам xавфли, дарахт кўп сувдан стрессга тушиб гулларини тўкилиб юборади. Ҳамма нарса меъёрида бўлгани маъқул.

Ёз ойларида мевали дарахтларни суғориш

Мевали дарахтлар ҳосил териш мавсумигача етарли миқдорда суғорилиб туриши тавсия қилинади. Ёз ойлари (ҳосил териш мавсумигача) тупроқнинг 25-30 см қатлами (чуқурлиги) етарлича нам ҳолатда туриши шарт, акс ҳолда дарахт мевалари сувсиз (қарсилдоқ бўлмай) қолади. Ҳаво қуриб исиб борган сари суғориш вақти ва оралиғи ўзгартириб борилиши шарт.

Манба: @fruitmaster телеграм канали