Илдиз шиш кўзратувчи нематодаси юмалоқ чувалчанглар синфига, тиленхидлар туркумига ва гектеродеридлар оиласига мансуб. Илдиз нематодаси тухум шаклида ўлган она зот танасида қишлайди. Баҳорда тухумлардан чиққан личинкалар ўсимлик илдизларидаги шишлардан ташқарига чиқиб, ҳаракат қила бошлайди ва янги илдизларни топгач, унга ёпишиб озиқлана бошлайди. Бу излаш даврида личинкалар озиқланмай яшай олади, аммо вояга етган личинкалар ўсимликдан ажралса тезда ўлади. Нематодалар ўсимликнинг ёш илдизларининг учига ҳамда шикастланган жойларига ёпишиб олади. Озиқланиш даврида ажратадиган суюқлиги таъсирида личинка ёпишган жойида шиш (галл) ҳосил бўла бошлайди. У шу даражада кенгаядики, личинкани ўраб олади. Личинка ривожланиш даврида 4 марта пўст ташлаб вояга етади. Вояга етган эркак зот шишдан ташқарига чиқиб, урғочи нематодани ахтариб топиб, шиш ичида урчийди ва кўп ўтмай ўлади. Урғочи зот эса жинсий ривожланишни давом эттириб, ичида тухумлар етила бошлайди. Бунинг натижасида нематода нок шаклидаги, ичи тухумлар билан тўлган қопчага айланади. Ҳар бир урғочи зот 400 тадан 2000 тагача тухум етказиб шиш ичига қўяди. Биологик вазифасини бажариб бўлгач ўлади.
Илдиз шиш қўзгатувчи нематодаси ҳаммахўр зараркунандадир. У 1000 га яқин турли ботаник ўсимликларни зарарлаши мумкин. Маданий экинлардан бу зараркунанда кўпгина дала, полиз ва боғ ўсимликларига, жумладан помидор, қовун, тарвуз, бодринг, сабзи, картошка, беда, ҳатто олма ва шафтоли дарахтларига ҳам шикаст етказади. Нематода ўсимликни кучсизлантириб, ривожланишини секинлаштиради, ҳосилини камайтириб юборади, баъзан ўсимликни бутунлай қуритиб ҳам қўяди.
Зараркунандага қарши алмашлаб экиш яхши натижа беради. Зараркунанда тарқалишининг олдини олиш мақсадида зарарланган жойдан уруғлик тайёрламаслик, агротехник ишлов ўтказишда зарарланган даладан чиққан техникани дезинфекция қилиш лозим. Белгиланган тартибда кимёвий кураш чораларини ўтказиш ҳам унинг ҳосилга салбий таъсирининг олдини олиш мумкин.
Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Қува тумани инспектори Матлуба Шарипова



















