Қўзиқориннинг хусусиятлари 2-мақола

Мухомор

Унинг ташқи кўриниши истеъмолга яроқли қўзиқоринлардан кескин фарқ қилади. Шундай бўлса-да, кўпинча болалар бу фарқни англамай териб келиши ва истеъмол қилиши натижасида заҳарланиш улар ўртасида кўпроқ учрайди. Мухомор қўзиқоринининг заҳри биринчи галда асаб тизимига таъсир кўрсатади. Ошқозонга тушгандан сўнг 30 дақиқадан ва 3 соатгача бўлган вақт ичида ножўя таъсирини кўрсатади. Заҳарланган кишида кучли сўлак ажралиши, терлаш, кўнгил айниши, қусиш ва ич кетиш кузатилади. Бронхларда балғам йиғилиб нафас олиш қийинлашади. Оғир ҳолларда бош айланиш, талваса, алаҳлаш рўй беради.

Булардан ташқари яна жуда кўплаб заҳарли қўзиқорин турлари бор. Шуни ҳам айтиб ўтишимиз керак, катта йўллар бўйидаги, кимёвий

моддалар ишлаб чиқариш корхоналари ёки улар сақланадиган омборларга туташ ҳудудларда ўсган еса бўладиган қўзиқорин турларини ҳам истеъмол қилиш ярамайди. Чунки, қўзиқоринлар атмосфера ҳавоси, сув ва тупроқдаги заҳарли кимёвий моддаларни ўзига тез сингдириб олиш хусусиятига эга. Шунинг учун баъзида еса бўладиган қўзиқоринлардан заҳарланиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Руҳланган идишларда сақланган қўзиқоринлардан ҳам одам заҳарланиб қолиши мумкин экан. Чунки идишни қоплаган руҳ қўзиқоринларга таъсир қилиб, унинг сифатини бузади.

Шаҳарлараро автомагистраль йўлларида, бозорларда сотилаётган, келиб чиқиши номаълум бўлган қўзиқоринларни сотиб олмаганингиз маъқул. Бу билан ўзингиз ва оила аъзоларингизни хавфли, оқибати номаълум егуликдан асраган бўласиз.

Ёввойи ҳолда ўсадиган қўзиқоринларнинг истеъмол учун хавфлилиги шундаки, уларга термик ишлов берилганда, яъни қайнатилганда,

қовурилганда ҳам таркибидаги заҳарли моддалар парчаланмаслиги ёки заҳарлилик хусусиятини сақлаб қолиши мумкин. Шунинг учун уларни болаларга беришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўрган маъқул.

Қўзиқориндан заҳарланиш белгилари истеъмол қилинган маҳсулотнинг турига қараб, 20 дақиқадан бир неча соатгача чўзилиши мумкин. Асаб тизимидаги ўзгаришлар заҳарланиш учун характерли белги ҳисобланади. Бундан ташқари, сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши, кўнгил айниши, қоринда оғриқ пайдо бўлиши ва қайт қилиш кузатилади. Томир уриши (пульс) секинлашади ва сустлашади, алаҳсираш (галлюцинация), титраш кузатилади. Бундай беморга тез тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кундан кейин соғайиб кетади. Акс ҳолда беморнинг аҳволи оғирлашиб, айрим ҳолларда ўлим билан тугайди.

Бундай нохуш ҳолатларга дучор бўлмаслик учун адабиётлардан ва шу мавзудаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда, қўзиқоринларнинг истеъмолга яроқлиси билан заҳарлисини ажрата билиш керак. Мактаблар, олий ва ўрта махсус билим юртларида бу ҳақда маълумотлар берилиши мақсадга мувофиқ.

Манба: ТОМОРҚА – ДАРОМАД МАНБАИ Ўқув услубий қўлланма