Малина чириндига бой, сувни яхши ўтказувчи қумоқ тупроқли ерларда яхши ўсади ва мўл ҳосил беради. Оғир тупроқли, шўрхок, ботқоқ, карбонати кўп ерларда малинани экиш ярамайди.
Малинанинг илдиз тизими ҳайдаладиган қатламда горизонтал жойлашади. Шунинг учун ер қанчалик чуқур бўлса, унда озиқ моддалар ва нам шунчалик кўп тўпланади. Илдиз системаси бақувват ривожланиб, экин серҳосил бўлади. Малина экиладиган ер 30-35 см чуқурликда ҳайдалиб, 1 м2 ерга 6-8 кг гўнг ва 80 г суперфосфат солинади. Сўнгра текисланиб, 1,5-2 м оралиқда жўяк олинади. Малина тупларининг илдизлари ер юзига яқин жойлашганлиги боис, қатор оралари 10–12 см, туп атрофи 4–5 см чуқурликда юмшатилади.
Малина кўчатларни экиш жараёни Ўзбекистон шароитида суғориладиган ерларда кузда октабр-ноябр ойларида ёки эрта баҳорда бошланади.
Ярим бутасимон ўсимлик устки қисми икки йиллик, ривожланиш жараёни эса кўп йилликдир. Илдиз тизим кўп йиллик бўлиб, новдалари эса икки йил яшайди. Биринчи йили новда ўсиб-ривожланиб, иккинчи йили ҳосил беради. Ҳосил берилган новда кузгача қуриб қолади. Кузда ёки эрта баҳорда қуриб қолган новдалар кесиб ташланади, ўрнига янги ўсиб чиққан новда қолдирилади, бир йиллик новдаларнинг юқори қисми (150–160 см юқоридан) кесилади. Шунда гул куртаклари яхши ривожланиб, мевалари йирик, сифатли ва мўл бўлади. Малинанинг айрим навлари икки марта ҳосил бериш хусусиятига эга. Ушбу навларда иккинчи йили новдада ҳосил пишиб етилиб бўлгач (майнинг охири ва июнь ойи), август ойига бориб бир йиллик новда ўсиб ривожланиб, новданинг юқори қисмида гул куртаклари ривожланади ва сентябрь ойида меваси пишади.
Малина бир ерда 10–12 йил ва ундан ҳам кўпроқ ўсиб ҳар йили ҳосил беради
Чириндига бой, таркиби яхши ҳамда сувни ўтказувчи қумлоқ ва қумоқ тупроқли ердарда яхши ўсади ва мўл ҳосил беради. Оғир тупроқли, ботқоқ, карбонати кўп ерларда экиш ярамайди. Маълумки, малина ҳар йили жуда кўп миқдорда бачки илдизлар ҳосил қилади ва тупроқдан кўпгина озиқ моддаларни ўзлаштиради.
Кузда экилган кўчатлар яхши ўрнашиб олади ва эрта баҳорданоқ ўса бошлайди. Кўчатларни ораси 50 см дан қилиб, чуқурлиги ва эни 40 см дан қилиб ковланган чуқурларга экилади. Экишдан олдин касалланган, синган, зарарланган илдизлари кесиб ташланади. Жуда узун илдизлари ҳам қисқартириб кесилади. Малина кўчатини ўтқазишнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, кўчатнинг илдиз бўғзи ер сатҳи билан тўғри келиши керак. Илдизлар ҳамма томонга бир хилда таралади, тупроқ билан кўмилган заҳоти 5-6 литр сув қуйилади. Чуқурчалар усти гўнг, торф кабилар билан беркитилади ва қолган қисми кесиб ташланади.
Малина кўчати экилгандан сўнг иккинчи йили ҳосил беришни бошлайди. Учинчи-тўртинчи йиллари эса ялпи ҳосилга киради. Малина меваси ниҳоятда нозик бўлгани учун банди билан узилади. Унинг ўта пишиб кетишига йўл қўймасдан, тезда териб олиш керак. Терилган куни истеъмол қилинадиган, шунингдек қайта ишлашга мўлжалланган малинани банди билан термаса ҳам бўлади. Малинанинг меваси қулупнай тугаш даврларида яъни май ойининг охири ва июн ойининг бошларида пишишни бошлайди. Йиғиб олиш август ойига қадар давом этади.
Пишиш бошланган дастлабки кунларда ҳосил 2 кунда, ҳосил охирлагани сари эса 3–4 кунда терилади. Ҳосилни 1,5–2 кг мева сиғадиган идишларда йиғиб олинади. Чунки катта идишларда йиғилганда меванинг сифати бузилиб кетиши мумкин. Малинани эрталаб ёки куннинг иккинчи ярмида ҳаво салқин пайтда териб олиш керак бўлади.
Шу боис мўл ҳосил олиш учун ҳар йили минерал ўғитлардан 10 сотихга суперфосфат 50–60 кг, калий тузи 10 кг, аммиакли селитра 15–20 кг солиш керак.
Тупроқ унумдорлигига қараб, ҳар йили ёки йил оралатиб 10 сотих майдонга 6–8 т органик ўғитлар солиш керак. Гўнг, фосфорли ва калийли ўғитлар кузда ер ҳайдалаётган пайтда, азотли ўғитлар эса баҳорда ерни юмшатишдан олдин солинади. Вегетация давомида малина 12–15 маротаба суғорилади. Биринчи сув ғунча тугаётганда, иккинчиси гуллаш олдидан, учинчи мева тугиш олдидан, тўртинчидан саккизинчигача мева пишаётганда, тўққизинчидан ўн бешинчигача суғориш ҳосилни йиғиб олишдан аввал ўтказилади. Ўсимликни чидамли қилиш мақсадида суғориш сентябрда тўхтатилади.
Резавор мевалилар ҳосилдорлигини ошириш ҳамда юқори сифатли мева олиш учун навларни танлаш ва агротехникани қўллашдан ташқари, ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш тадбирларини вақтида ўтказиш катта аҳамиятга эга.
Манба: Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа эгалари кенгаши тавсияномаси




















