Дунё бўйича қовоқ меваларини қайта ишлаш бўйича кўплаб ишланмалар ишлаб чиқилган. Бу тадқиқотлар асосан қовоқ меваларидан пектин ажратиб олиш, унинг уруғларидан мой олиш ҳамда қовоқнинг фармакологик хусусиятларини тадқиқ қилиш
каби йўналишларда олиб борилган. Айниқса, Европа давлатлари ва Хитойда қовоқ уруғидан мой олиш бўйича ишланмалар кенг жорий қилинган. Бироқ бу мамлакатларда қовоқнинг шарбатбоп навлари агробиологик ва технологик хусусиятлари, уларни
сақлаш, ҳамда шарбат олиш технологияси соҳалари салмоғи юқори эмас. Ўзбекистонда қовоқ етиштириш ва истеъмол қилиш бошқа сабзавотлар каби кенг тарқалмаган. Унинг районлаштирилган навлари ушбу товар маҳсулотини мамлакатимизнинг кўпгина
минтақаларида аҳолининг талабини қондирадиган даражада ишлаб чиқариш ва реализация қилиш имконини беради. Турли минтақаларда етиштириладиган ҳар хил тур ва навдаги қовоқ меваларининг товарбоплиги, озиқавий қиммати, тури ва навлари
бўйича уларни сақлаш режимлари ҳамда қайта ишлаш усуллари кам ўрганилган.
Сақлаш технологик циклнинг нисбатан мураккаб ва узоқ давом этадиган босқичи ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги экинлари мавсумий бўлганлиги сабабли, бу соҳа долзарбдир. Кўп тадқиқотчиларнинг қайд этишига қараганда, бошқариладиган
шароитда (6-8°С ҳарорат ва ҳавонинг нисбий намлиги 75-80% бўлганда) навига қараб қовоқни 2-4 ойдан бир йилга қадар сақлаш мумкин. Аммо, бошқарилмайдиган муҳитда ва кесилган ҳолатда сақлашнинг таҳлили бўйича адабиётлар етарли эмас.
Тадқиқот 2018-2019 йиллар давомида қовоқнинг қуйидаги навлари бўйича олиб борилди: “Испанская-73”, “Волжская серая-92”, “Медовая”, “Нон кади”, “Кустовая оранжевая”, “Кашгарская-1644”.
Танланган навлар бўйича қуйидагилар ўрганилди:
1. Қовоқ меваларини тилим шаклида кесиб, уни яримтайёр маҳсулот сифатида сақлаш муддатлари;
2. Тилим шаклида кесиб сақлашга хос бўлган қовоқ навларини аниқлаш;
3. Сақлаш давомида қовоқ тилимининг органолептик хусусиятларининг ўзгариб бориш динамикасини ўрганиш.
Тадқиқотни олиб бориш услуби қуйидагича:
Қовоқнинг танлаб олинган навларини бир хил шароитда сақлаш ва кузатув олиб бориш.
Сақлаш давомида вақти-вақти билан таҳлиллар олиб бориш.
Органолептик хусусиятлар ўзгариб боришини методика асосида ташкил этиш.
Қовоқ меваларини тилим ҳолатда совутиб сақлаш.
Сотувда кўпинча қовоқни кесилган ҳолат – 0,5-1,5 кг массадаги тилимлар шаклида реализация қилишга эҳтиёж юқори бўлади. Бунга сабаб, қовоқнинг битта меваси уй шароитида бир мартада ишлатиш учун одатда кўплик қилади. Шу нуқтаи назардан, уларни яримтайёр маҳсулот сифатида сотувга чиқариш мақсадга мувофиқ бўлади. Шу сабабли совутилган, тилим ҳолатида кесилган яримтайёр маҳсулот сифатида
қовоқ меваларини сақлаш бўйича тажрибалар олиб борилди.
Бунда тилим ҳолатида қовоқ меваларини сақлашнинг оптимал муддатларини ўрганиш асосий мақсад қилиб олинди.
Тадқиқот натижаларига кўра, уй шароитида тилим ҳолатида кесилган қовоқ мевалари 3-5 кун сақланиши маълум бўлди. Аммо баъзи ҳолларда кўпроқ муддат сақлаш талаб этилади. Кесилган ҳолатда қовоқ меваларини сақлаш давомида унинг биокимёвий
таркиби, органолептик хусусиятлари ва бошқа кўрсаткичларининг ўзгариши ҳақидаги маълумотлар адабиётларда келтирилмаган.
Биз тажрибаларимизда ушбу тадқиқотларни ҳам амалга оширдик.
Қовоқ мевалари истеъмол қийматларининг ўзгаришини ўрганиш мақсадида тадқиқот олиб борилаётган навлардан 500 граммдан ошмаган ҳолда кесиб олиб, сақлашга тайёрладик. Кесилган қовоқ тилимлари совутиш камерасида +2…+4°С ҳароратда
ва ҳавонинг нисбий намлиги 80-90% бўлган шароитда сақланди.
Органолептик ва микробиологик кўрсаткичларни аниқлаш бўйича таҳлиллар 5, 10 ва 15 кун, биокимёвий кўрсаткичларини аниқлаш бўйича тажрибалар 3, 6, 9, 12, 15 кунлар оралиғида олиб борилди.
Тадқиқот олиб борилаётган қовоқ навлари мевалари бўлакларининг органолептик хусусиятларини ўрганиш қуйидаги кўрсаткичлар асосида олиб борилди: ташқи кўриниши, ранги, этининг консистенцияси, унинг мазаси ва хушбўйлиги.
Баҳоланаётган кўрсаткичлар тадқиқот объектининг ўзига хос хусусиятлари ва истеъмолчилар талабига мос равишда шакллантирилди. Бу кўрсаткичлар мева-сабзавот маҳсулотларига органолептик баҳо беришда кенг қўлланилади.
Бу тажрибада ҳар бир кўрсаткич бўйича стандарт оғиш 0,5 дан ошмади ва 0,0-0,45 оралиғида бўлди. Шу сабабли умумий баҳолар бир хил бўлди. Тилим шаклида кесиб сақланган қовоқ бўлаклари органолептик таҳлил қилинганда, барча навларда 10
ва 15 кун сақлаганда сезиларли ўзгаришлар қайд этилди.
Сақлашнинг биринчи даврида (5 кун) қовоқ тилимларининг сифати сезиларсиз пасайди ва бу пасайиш ўртача 7,28-8,28 баллни ташкил қилди. Энг яхши тилим шаклида сақланган қовоқ Кустовая оранжевая (С. pepo L.) навида кузатилди. Барча органолептик кўрсаткичлар бўйича ўзгаришлар таҳлил қилинганда тажриба олиб борилаётган ҳамма навларда мева этининг хушбўйлиги ва таъмининг мос равишда ўртача 0,43-0,57 ва 0,42-0,71 баллга пасайганлиги кузатилди. Бизнинг фикримизга
кўра, бу ўзгаришлар сақлаш мобайнида маҳсулот таркибидаги биокимёвий ўзгаришлар туфайли содир бўлади.
Умуман олганда, сақлашнинг биринчи даври мобайнида асосий навларда умумий баҳо 80,29-88,57 баллни ташкил қилди ва ўз-ўзидан яхши деб баҳоланди.
Фақатгина сақлашга қўйилишидан олдин 84,71 баллга баҳоланган “Медовая” навида умумий баҳо 71,14 баллни ташкил этди ва қониқарли деб баҳоланди.
Сақлашнинг иккинчи даврида (10 кун) сифат сезиларли даражада пасайди.
Сақлаш давомида намуналарнинг мазаси ва хушбўйлик кўрсаткичлари кескин (0,85-1,14 ва 0,71-1,14) пасайди. Бу ўзўзидан уларнинг умумий баҳосига сезиларли таъсир қилди ва 13,86-18,71 баллга пасайиб кетди. Натижада қовоқ тилимларининг умумий баҳоси 70,83-78,00 баллни ташкил этиб, қониқарли деб баҳоланди.
Сақлашнинг охирида, айниқса, 13-15-кунларда барча тадқиқот олиб борилаётган навларда сифатнинг кескин пасайиши кузатилди ва умумий баҳоси 40-48 балл оралиғини ташкил этди.
Барча намуналарнинг консистенцияси, хушбўйлиги ва мазаси қониқарсиз, ташқи кўриниши ва ранги эса қониқарли баҳоланди.
Бу эса маҳсулот истеъмолга яроқсиз эканлигини билдиради.
Кўп йўқотишларнинг асосий сабаби – сақлаш давомида фитопатологик касалланишлар сабаб бўлди.
Сақланган қовоқ тилимларини органолептик баҳолаш натижасида қуйидагича хулоса қилиш мумкин:
кесилган қовоқ тилимларини +2….+4°С ҳароратда ва ҳавонинг нисбий намлиги 80-90% бўлган шароитда сақлаганда чегараланган сақлаш муддати 10 кунни ташкил этади.
“Испанская-73” ва “Волжская серая-92” навлари мевалари тилимларини 10 кунгача сифатли сақлаш мумкин, бироқ бошқа навлар мевалари тилимларини 5 кун сақлаш тавсия этилади.
Йирик мевали қовоқ турига мансуб “Медовая” нави мевалари тадқиқот олиб борилган шароитда тилим шаклида сақлаш учун умуман яроқсиз эканлиги маълум бўлди.
Дилноза ТЕМИРОВА, мустақил тадқиқотчи.
Шавкат УМИДОВ, қ.х.ф.ф.д.(PhD), Тошкент давлат аграр университети.
Манба: «Агро-илм» журнали №6. 2021



















