Гилос бутун дунё миқёсида олма, нок ёки шафтоли меваларига нисбатан анча кам аҳамиятга эга мева ҳисоблансада, экиладиган дарахтлар сонига нисбатан олганда гилос устида сўнгги вақтларда жуда кўп изланишлар олиб борилмоқда. Шубҳасиз, бунинг асосий сабабларидан бири ҳосил қийматининг юқори эканлиги бўлса, иккинчиси гилос ҳосили табиатининг нисбатан яхшиланмаганлиги. Яқин вақтларгача ҳам асосан қадимий гилос пайвандуст навлардан фойдаланилиб, уларнинг ҳосил бериши ўзгарувчан ва мевалар ҳажми майда бўлган. Пакана пайвандтагларнинг йўқлиги натижасида барча гилос дарахтлари жуда баланд ва йирик етилган, бу эса боғбонлар учун бундай дарахтларни парвариш қилишда ўзига яраша қийинчилик ва қўшимча харажатлар олиб келган.
Сўнгги йилларда олиб борилаётган гилос ва олча пайвандтагларини кўпайтириш ва селекция қилиш ишларининг асосий мақсадлари қуйидаги мезонлар билан белгиланмоқда:
1. Дарахт ҳажмини кичрайтириш (олча учун жуда аҳамиятли эмас);
2. Дарахтлар ҳосилга эрта кириши;
3. Ҳосилдорликни ошириш;
4. Ўсиш ва ҳосил солиш барқарорлигини таъминлаш;
5. Совуққа чидамлиликни ошириш;
6. Қурғоқчил, суви яхши тортилмайдиган, сероҳак ва яна бошқа турли хил тупроқларга мослашиш;
7. Тупроқ ҳашаротлари, тупроқ орқали қўзғаладиган касалликлар ҳамда ер устки ҳашаротлар ва ҳаво орқали юқувчи касалликларга чидамлиликни ошириш;
8. Кўпайтиришни осонлаштириш;
9. Сўрувчи новдалардан халос қилиш;
10. Дарахтлар умрининг узоқлигини таъминлаш (12-15 йиллик ҳосилдорлик даври)
Шунингдек, янги чиқариладиган ва тавсия этиладиган пайвандтаглар ҳозирги кунда кенг экиладиган гилос пайвандуст навларнинг аксарияти билан мутаносиб бўлиши ҳам керак.
Янги пайвандтаг навларини яратиш дастурларида юқорида санаб ўтилган мезонларнинг муҳимлилик даражасини (яъни қайси сифатига кўпроқ урғу бериш ҳосиллигини) белгилашда муайян минтақа учун хос атроф-муҳит шароити ва боғ парваришига оид қийинчиликлардан келиб чиқиш лозим. Масалан, ишчи кучи арзон ҳудудларда дарахтларни паканалаштириш иккинчи даражага ўтиб, шу ҳудудда гилосларга кўп зарар етказувчи аниқ бир ҳашарот ёки касалликка дарахтлар чидамлилигини ошириш масаласи биринчи ўринга кўтарилиши лозим. Афсуски барча селекционерлар ҳам ўз ишига бу усулда ёндошавермайдилар ва одатда натижаси осон кўринадиган сифатларга кўпроқ урғу беришга ҳаракат қиладилар, масалан пайвандтагларни кўпайтириш оддийлиги каби.
Гилос пайвандтагларининг ҳосилга киритиш хусусияти бўйича гуруҳларга бўлиш
Гилос пайвандтаглари 3 гуруҳга бўлинади.
▪ «Гизела 3»
▪ «Гизела 5»
▪ «Гизела 6»
▪ «Гизела 12»
Ҳосилга ўрта тезликда киритувчи пайвандтаглар:
▪ «CAB 6P»
▪ «Кримск 5»
▪ «Кримск 6»
▪ «Максма 14»
▪ «Максма 60»
▪ «Олча Данаги»
Ҳосилга секин киритувчи пайвандтаглар:
▪ «Колт»
▪ «Антипка»
▪ «Маззард»
Манба: Замонавий интенсив гилос боғлари [Матн] / Ш. Аброров. – Тошкент : Baktria press, 2018. – 148 б.



















