Маккажўхори – кўп тармоқли фойдаланишда қимматли, юқори ҳосилли донли экиндир. У озиқ-овқат, ем-хашак ва техник ўсимликдир. Маккажўхоридан яхши концентрат, кўк масса ва силос олиш мумкин. 1 кг донида 1,34 озуқа бирлиги мавжуд. Маккажўхорини сўталаридан сут-мум пишиш даврида тайёрланган силос – чорва ҳайвонлари учун энг яхши озуқа сифатида истеъмол қилинади. 100 кг силосда 24 озуқа бирлиги бор. Айниқса маккажўхори силоси дуккакли экинлар аралашмаси билан тайёрланса, емни ҳазм қилувчи протеин билан бойитади.
Маккажўхорини тишсимон ва кремнийли турлари ишлаб чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Маккажўхорини тишсимон тури бақувват, кучли, юмшоқ пояли, йирик сўтали ва донли, дони таркибида 68-75,8 % крахмал ва 8-13,5 % оқсил мавжуд. У ўрта-кечпишар навлар турига киради, сўталари сут-мум пишиш даврига келганда юқори кўк масса ҳосили беради. Маккажўхорини кремнийли тури асосан силос учун етиштирилади. Бу навлар кечпишар, поялари йирик ва сўталари майда бўлади. Дони шохланган, ҳар хил ҳажм ва рангланган кўринишда. Нави ва етиштириш минтақа шароитидан келиб чиқиб дони таркибида 65-83 % крахмал, ҳамда 7,7-14,5 % оқсил бор. Ҳар бир кенжа турнинг сўта мардаги шакли ва донини рангига кўра хилма-хил турларга бўлинади.



















