Оқбош карамнинг эртапишар истиқболли нав ва дурагайларини танлаш

Оқбош карам инсон саломатлиги учун жуда фойдали ҳисобланиб, таркибида қандлар, органик кислоталар, витаминлар (С, Р, В, В2, РР, К, Е) ва каротин, пантотен ва фолат кислоталар, ёғлар, ферментлар, фитонцидлар, калий, кальций, йод, марганец, темир
ва бошқа элементларнинг тузлари мавжуд. Карамдан халқ табобатида турли касалликларни олдини олиш ва даволашда кенг фойдаланилади, овқат ҳазм бўлишида ёрдам беради, иштаҳани очади ва организмда холестеринни парчалаб чиқиб кетишини
тезлашлаштиради, ичакдаги фойдали микрофлорани шакллантиради.
Оқбош карамдан олинган шарбатни истеъмол қилиб панкреатиндан, ошқозон ярасидан, холециститдан, гастритдан, меъёридан баланд юрувчи ошқозон ширасидан, циститдан ва сурункали пилинефритдан фориғ бўлиш мумкин. Карам шарбати калорияли овқатлардан ҳосил бўлган қон томилардаги холестеринни парчалайди,
ортиқча вазндан халос этади. Гепатит касали билан оғриганда ҳам карам шарбатидан ичиш тавсия этилади.
Бугунги кунда ушбу сабзавотни дунёнинг барча мамлакатларида етиштирилиб, аҳоли томонидан севиб истеъмол қилинади. Оқбош карамни бевосита овқатга ишлатилади, тузланади, сиркаланади ва турли хилдаги салатлар тайёрлашда фойдаланилади.
Республикамизда сўнгги йилларда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла
қондириш мақсадида эртанги, ўртанги ва кечки муддатларда маҳсулотлар
етиштириш, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш деҳқон – фермер хўжаликларининг даромадини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу боис сабзавот экинларининг сифати ва ҳосилдорлигини тубдан оширишга қаратилган инновацион агротехнологияларни ишлаб чиқиш ва амалиётга кенг жорий қилиш талаб этилади.
Охирги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ҳукуматимиз томонидан кўплаб қонунлар, қарорлар ишлаб чиқилмоқда, айниқса экин майдонларидан унумли фойдаланиш, яъни бир йилда икки-уч мартагача ҳосил олиш,
эртанги муддатда сабзавотчиликни янада ривожлантириш, эртапишар, экспортбоп ва юқори ҳосилли навларини танлаш, агротехнологияларини такомиллаштириш бугунги кунда долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Оқбош карам дунёнинг кўпгина мўътадил минтақаларида асосий экин сифатида етиштириб келинади. Шу боис, унинг юқори ҳосилдор, турли муддатларда экишга яроқли навларини танлаш ва яратиш устида кўплаб олимлар йиллар давомида изланишлар олиб бормоқда. Ҳосилдорлик ва унинг сифати кўпроқ навга боғлиқ
бўлганлиги боис, энг истиқболли навларни, дурагайларни танлаш ва яратиш бўйича МДҲ мамлакатларида бир қанча тадқиқотчилар томонидан изланишлар олиб борилган [1; 2; 3;.].
Республикамиз тупроқ-иқлим шароитида оқбош карамни эртанги муддатда вақтинчалик плёнка остида етиштириб, ундан барвақт ҳосил олиш мумкин. Бироқ маҳаллий навлар яхши самара ҳосил бермайди. Шу муносабат билан Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти тажриба майдонида 2021 йил
оқбош карам коллекциясини ўрганиш ҳамда истиқболли, эртапишар нав ва дурагайларини танлаш мақсадида маҳаллий ва турли давлатларда яратилган 40 дан ортиқ нав намуналарини эртанги муддатда вақтинча плёнка остига экиб тадқиқотлар олиб бордик.
Тадқиқот услублари. Оқбош карамнинг Тошкент вилояти шароитида эртанги муддатда вақтинча плёнка остида етиштириш учун истиқболли, ҳосилдор нав ва дурагайларини танлаш мақсадида тажрибалар ўтказилди.
Тадқиқотлар услубнома бўйича олиб борилди [4]. Тажрибада ҳар бир нав намуналари 70х30 см схемада эгатлар узунлиги 12 метр. Экиш муддати 20 феврал. Нав намуналарини таққослаш учун 1-стандарт Грегориан F1 дурагайи ва 2-стандарт сифатида маҳаллий Наврўз нави хизмат қилди. Стандарт навлар ҳар 10 та нав намуналардан сўнг жойлаштирилди.
Тадқиқотлар натижалари : Ўрганилган нав намуналар биологик хусусиятлари, морфологик, хўжалик белгиллари билан ўзаро фарқ қилган.
Нав намуналар орасида ҳосилдорлиги 17,1 дан 58,9 т/га гача ўзгарган. Баъзи намуналар кечпишарлиги ёки бошқа омиллар сабаб карамбош ҳосил қилмай, фақат барг ҳосил қилган ва эртанги муддатда экиш учун яроқсиз деб топилган (1-жадвал).
Ҳосилни йиғиш даврида нав намуналари карамбошлари ўртача вазни ҳисобланганда 1-стандарт Грегориан F1 дурагайининг карамбошлари ўртача вазни 1100 грамм, 2- стан-
дарт Наврўз навиники 950 грамм, барча нав намуналарининг ўртача кўрсаткичи 992 граммни ташкил этди.
Нав намуналари карамбошларининг ўртача вазнини стандарт навлар билан
таққосланганда, Emily F1 дурагайида 1400 грамм, Магнус F1 дурагайида 1290 граммни ташкил қилиб, 1- стандартга нисбатан 17.3-27.3 фоизга, 2-стандартга нисбатан 35.8-47.4 фоизга юқори бўлди.
Хитой давлатида яратилган БАН8398 F1 ва Саннонг F1 дурагайларининг карамбошлари ўртача вазни ҳисобланганда тегишли равишда: 1650; 1620 граммни ташкил қилди.
Ушбу дурагайларнинг карамбошлари вазнини стандарт навлар билан таққосланганда: 1-стандарт Грегориан F1 дурагайига нисбатан 50.0-47.2 фоизга, 2-стандарт Наврўз навига нисбатан 74.5-70.5 фоизга, барча нав намуналар ўртача (992 грамм)
кўрсаткичига нисбатан 66.3-63.3 фоизгача юқори бўлган.
Нав намуналарининг ҳосилдорлик кўрсаткичлари ҳисобланганда, ҳосилдорликнинг юқори ёки паст бўлиши карамбошлари ўртача вазни ва нотовар ҳосил миқдорига боғлиқ бўлди. Нав намуналар ичда Emily F1 ва Магнус F1 дурагайлари умумий
ҳосили тегишли равишда: 49.9-46.1 т/ га оралиғида бўлиб, нотовар ҳосили
миқдори умумий ҳосилидан 2.0-0.5 фоизни ташкил этди. Ушбу дурагай-
ларнинг товар ҳосили гектаридан 45.1-49.6 тоннани ташкил қилиб, 1-стандарт
Грегориан F1 дурагайига нисбатан 15.3-26.8 фоизга, 2-стандарт Наврўз навига нисбатан 35.4- 48.9 фоизгача юқори бўлди (2-жадвал).
Ўрганилган нав намуналар ичида, Саннонг F1 ва БАН-8398 F1 дурагайларининг умумий ҳосили тегишли равишда: 58.9-57.8 т/га ни ташкил этиб, нотовар ҳосили Саннонг F1 1,0 %, БАН-8398 F1 1,2 % ни ташкил қилиб, товар ҳосили гектаридан 58.3-57.1
тоннани ташкил этди. Ушбу дурагайларнинг ҳосилдорлиги 1-стандарт Грегориан F1 дурагайига нисбатан 49.1-46.0 фоизга, 2-стандарт Наврўз навига нисбатан 72.5-71.4 фоизгача юқори бўлди. Саннонг F1 ва БАН-8398 F1 дурагайлари ҳосилдорлиги барча
нав намуналарининг ўртача (33.1т/га) ҳосилдорлик кўрсаткичига нисбатан
72.5-76.1 фоизгача юқори бўлди.
Хитой давлатида яратилган Саннонг F1 ва БАН-8398 F1 дурагайларининг карамбошлари вазни 1620 -1650 граммни ташкил қилиб, гектаридан олинган ҳосилдорлик стандарт навлар ва барча нав намуналарининг ўртача кўрсаткиларига нисбатан 49-71 фоизгача энг юқори бўлиб, эртанги муддатда етиштириш учун истиқболли деб топилди.
Хулосалар. Тадқиқотларимиз натижаларига асосланиб қуйидаги  хулосалар чиқарилди: оқбош карам кўчатларини эртанги муддатда вақтинча плёнка остида етиштиришда,
2 -стандарт (маҳаллий Наврўз нави) карамбошининг вазни ва ҳосилдорлиги жиҳатидан 1- стандартга (Грегориан F1 дурагайи) га нисбатан анча паст бўлди.
1-стандартга нисбатан 6 та дурагайлар ҳосилдорлиги юқори бўлди. Улардан Хитойдан келтирилган Саннонг F1 ва БАН-8398 F1 дурагайлар умумий ва товарбоп ҳосилдорлиги ҳамда карамбош ўртача вазни бўйича энг юқори кўрсаткичларга эга бўлган. Ушбу дурагайлар эрта баҳорда вақтинча плёнка остида экиш учун тавсия этилади.

Нилуфар ИБРАГИМОВА, таянч докторант,
Ровза МАВЛЯНОВА, қ.х.ф. д., профессор.
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти.

Манба: «ЎЗБEКИСТОН ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ» аграр-иқтисодий, илмий-оммабоп журнали №1. 2022