Пекан ёнғоғи – сердаромад мева

Белоруссияда ҳам пеканнинг “Буссерон” нави экилади. У совуққа ўта чидамли, тез ҳосилга киради, мағзи сариқ тусда, ширин, мазали ва ёғли. Россияда яратилган пекан
навлари бизнинг иқлим шароитимизга тўлиқ мослашган. Ўзбекистонда биринчи марта 1926 йилдан бошлаб пекан ёнғоғи экилган.
У экилиб ёки пайвандланиб кўпайтирилади. Пекан ёнғоғининг энг муҳим хусусияти – у инсон организмнинг иммун тизимини ошириб, қон томирлар деворларини мустаҳкамлашда катта ёрдам беради. Шунингдек, бу ёнғоқни истеъмол қилиш кўз касалликларини даволайди ва кўриш қобилиятини оширади, организмда қонни ҳар хил зарарли моддалардан тозалайди ва турли касалликларининг олдини олишда профилактика вазифасини ўтайди. Организмда холестерин миқдорини камайтиради ва тўқ тутади. Юрак-қон томир касалликлари билан оғриш хавфини камайтиради. Бу ёнғоқлар ўзида саратон касали пайдо бўлишининг олдини олувчи антиоксидантларни сақлайди.
Пекан ёнғоғи таркибида Витамин B1, Витамин B5, Витамин B6, Витамин B4, Витамин Е ва Витамин B9 фолий кислоталари мавжуд. Пекан ёнғоғи таркибида инсон организми учун зарур бўлган барча минерал моддалар мавжуд бўлиб, унда марганец миқдори 4,5 мг, мис 1,2, рух 4,5 мг, фосфор 277 мг, магний 121 мг, темир 2,5 мг, кальций 70
мг ва, ҳатто, коронавирус учун кўп қўлланиланиладиган селен моддаси 3,8 мг миқдорда мавжуд. Бу ёнғоқни инсон соғлиги учун зарур бўлган хазиналар манбаи деб, аташ мумкин.
Аммо, меъёридан (100 г) кўпроқ истеъмол қилинса, бошни оғритади. Меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш баъзан айрим кишиларда аллергия белгилари тошишига сабаб
бўлиши мумкин.
Пекан ёнғоғи Сурхондарё шароитида кўпдан бери экилиб келинишига қарамасдан, у аҳолига кам таниш бўлган ўсимликлардан биридир. Вилоятда 1936 йиллларда Дендрология парки ташкил қилинган бўлиб, унга 1000 дан ортиқ турдаги дарахтлар тури келтирилиб экилган. Бу ўсимликларнинг кўплари вилоят тупроқ-иқлим шароитига
мослашади, айримлари ҳар хил сабабларга кўра йўқолиб кетади. Аммо мана шу ўсимликлар ичида пекан ёнғоғи бизнинг шароитга тўлиқ мослашиб, бугунги кунда ушбу дендропаркда унинг бир неча хил турлари ва навлари яхши ҳосил бермоқда. Бу ёнғоқ биологик хусусиятига кўра, дастлабки икки йилда жуда секин ўсади, аммо учинчи йили ривожланиши тезлашади, шу йили илдизлари энг чуқургача кириб
боради ва кейин ер устки пояларининг ўсишига зўр беради.

Ушбу мева тупроқ намлигига талабчан, лекин доимий намликни ёқтирмайди. Иссиққа ва сояга бардошли.
Ўзимизда экиладиган оддий ёнғоқларга қараганда у совуққа чидамли бўлиб, -32-36°С совуққа чидайди. Масалан, вилоятда 2007 йилдан 2008 йилга ўтар қишида -28 даража совуқ бўлди ва барча субтропик дарахтларни совуқ уриб кетди, аммо пекан дарахтларига совуқ таъсир қилмади. Об-ҳаво шароитларига қараб май ойида ёки июнь бошларида гуллайди. Меваси сохта данак, ёнғоғининг узунлиги навларига қараб 3,5-8 см .ни ташкил қилади. Кўчатларидан катта бўлган дарахти бизнинг шароитида 5-6-йили ҳосил қилади. Вояга етган битта дарахт (20 ёшлиси) 250 кг. гача ҳосил қилади. Олиб борган кузатишларга кўра, пекан ёнғоғи оддий ёнғоқдан вегетация даврининг узунлиги билан ажралиб туради.
Грек ёнғоғининг вегетация даври 150-160 кунни ташкил этиб, сентябр ойларида пишиб етилса, пекан ёнғоғининг ўсув даври узунроқ бўлиб, 190-200 кунга чўзилади.
Пекан ёнғоғининг бўйи қулай шароитда 50 метргача, 40-45 ёшли катта дарахтининг шохланиш диаметри 35-40 м. гача боради, 300-400 йил яшайди, 300 йилгача мўл
ҳосил олиш мумкин. Четдан чанглангани учун камида иккита пекан ёнғоғи ниҳолини бирданига, қуёш тушиб турадиган очиқ жойга экиш лозим, аммо у шамолни унчалик хоҳламайди.
Унинг илдиз қисми яхши ривожлангани учун қурғоқчилик йиллари ҳам вегетатив органлари ва мевалари сувсизликдан қийналмайди. Илдизлари тупроқнинг пастки
қатламларидаги сувни ўзлаштириб, ўзини таъминлайди ва 10-15 метр чуқурликка кириб боради. Пекан ҳашаротларга жуда чидамлидир, унинг қаттиқ қобиғи
ҳашаротларнинг мағзигача кириб боришига йўл қўймайди.
Пекан кўчатларини ўтқазиш ва парвариш қилиш усуллари грек ёнғоғиникига ўхшаш. Кўчат ўтқазиш учун сизот сувлари чуқур жойлашган унумдор тупроқли ерларни танлаш керак. Экиладиган майдон худди мевали экинларга тайёрлангандек ишланади. Ҳосилга кирган пекан ёнғоғи дарахтлари жуда баланд ўсиши туфайли, кўчатлар бир-биридан тупроқ шароитига қараб 10х10 м, 10×14 м, унумдор ерларда 12×16 м узоқликда схемаларида экилади.
Кўчатлар кузда ўтқазилгани маъқул, баҳорда эса эртароқ экиш тавсия этилади. Ҳосилга кирган боғларга 3 йилда бир маротаба ҳар гектарига 30-40 тонна гўнг ва ҳар
йили 90-120 кг дан азот, 60-90 кг дан фосфор соф ҳолда солинади. Йилига 5-6 маротаба суғорилади. Дастлабки ёш пайтида шакл беришда дарахт танаси ердан 1,5-2 м баландликда қолдирилади. Умуман, яхши парваришланса, ҳосилдорлиги ошиб боради.
Бизда эса, ёнғоқларга умуман агротехник тадбирлар ишлатилмайди, аммо пекан ёнғоғи парваришни талаб қилади ва шунга яраша ҳосил беради. Қанча парвариш қилинса, шунча ҳосилдорлиги ошади. Пекан ёнғоғи тез ҳосилга кириши учун аввал питомникда кўплаб кўчатлари ўстирилиб тайёрланади ва уч йиллик ниҳолларга пайвандланади, чунки пайвандланган кўчатларда ўсиш ва ривожланиш тезроқ боради. Бу дарахтнинг агротехникаси деярли ўрганилмаган, бу борада қилинадиган изланишлар энди бошланмоқда.
Пекан ёнғоғининг самарадорлигини ҳисоблаб кўрсак, қуйидагича маълумотлар оламиз: бир туп дарахтдан ўртача 100 кг ҳосил олиниб, бир килограмми 30 минг сўмдан сотилса, бир туп пекан ёнғоқ дарахтидан 3 млн.
сўм даромад қилиш мумкин. Агарда сизда 100 туп пекан ёнғоғи бўлса, унда сизнинг қиладиган даромадингиз электрон ҳисоблаш машиналари рақамларига сиғмайди.
Академик Махмуд Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Сурхондарё илмий-тажриба станциясининг илмий ходимлари
томонидан пеканнинг иккита: “Ҳосилдор” ва “Ўзбекистон” номли навлари яратилган. Аммо ушбу пекан ёнғоғи навлари бугунги кунда фақатгина Сурхондарё вилояти
тупроқ-иқлим шароитида юқори ҳосил бериб турибди.
Ҳозирги бозор ислоҳотлари шароитида ички ва ташқи бозорда харидорбоп ҳамда экспортга мўлжалланган экологик тоза маҳсулот бўлган пекан ёнғоғи майдонлари
кўпайтирилса ва аҳоли томорқаларида камида иккитадан туп пекан ёнғоғини экиш йўлга қўйилса, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан катта натижа беради. Чунки пекан
ҳам аҳолининг соғлигига ёрдам бўлади, ҳам у бозорга олиб чиқиб сотилса, мўл даромад келади.
Халқимиз генофондининг соғлом ва бақувват бўлиши учун аҳолига экологик жиҳатдан тоза ва таркиби турли минерал ва витаминли моддаларга бой бўлган маҳсулотларни етказиб беришга ўргатиш лозим.
Эндиликда шунчалик даромад берадиган серҳосил пекан ёнғоғи кўчатчилиги билан ҳам шуғулланиш даркор. Аммо бу ишларни бошида ким туради? Балки мутасадди
ташкилотлар ўйлаб кўришар.
Пекан ёнғоғидан экологик тоза ва юқори сифатли мўл ҳосил олишнинг илмий-назарий ҳамда амалий асослари ишлаб чиқилиб, тавсиялар тайёрлаб берилиши керак.
Бу ўсимликни ўрганиш бўйича докторантлар ва илмий изланувчиларни тайёрлаш керак бўлади. Эндиликда Ўзбекистон тупроғига мослашган ва юқори ҳосил берадиган, ҳали деярли нотаниш бўлган қимматбаҳо пекан ёнғоғи агротехникаси билан жиддий шуғулланиш лозим. Чунки бу ёнғоқнинг маҳсулоти экспортбоп, сердаромад ва камхаражат ҳисобланади.

Дилором ЁРМАТОВА, ЎзДЖТУ профессори,
Абдужаббор МИРЗАЕВ,
М.Мирзаев номидаги БУваВИТИ,
Сурхондарё илмий-тажриба станцияси директори ўринбосари.

Манба: «ЎЗБEКИСТОН ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ» аграр-иқтисодий, илмий-оммабоп журнали №1. 2022