Гилос меваларини бозорбоп бўлишида ва юқори нархда сотилишида асосий омиллардан бири бу гилос мевасининг йириклигидир. Умуман гилос навларини танлашда табиатан йирик бўлишга мойил навларни экиш тавсия этилади.
Шунга қарамасдан ҳар қандай навда мева сийраклатиш орқали йирик меваларни етиштиришга эришиш мумкин.
Янги ўз-ўзини чанглатиш хусусиятига эга юқори ҳосилдор навларни Ўзбекистонда етиштириш бошланганига 5-6 йил бўлди. Скина, Лапинс ҳамда Свитхарт навлари ўз-ўзини чанглатиш ва керагидан ортиқ мева тугиш хусусиятига эга бўлган навлар сирасига киради. 2016 ва 2017 йилларда юқоридаги навлар кўп ҳосил қилганидан мевалар бироз кичикроқ бўлди.
Умуман меваларни сийраклатишни тиним даврида ёки ёзғи кесиш вақтида ҳам амалга оширилиши мумкин. Кесиш вақтида мева бериши мумкин бўлган шохлар сийраклатиб кесилади.
Гилос меваларини сийраклаштириш данак қаттиқлашиш даврида ҳали мевалар ранги яшил бўлганда амалга оширилади. Сийраклатишда тўп ҳолда турган мевалар шохнинг пастки қисмидан узиб ташлаш орқали тезликда бажарилади. Бунинг натижасида шохнинг ён тарафидаги мевалар ҳосил бўлган бўш жойга тушади. Бу орқали мева ва барг ўртасидаги мувозанат ҳосил бўлади ва мева ҳажми катта бўлади. бир дона гилос мевасини сифатли етиштириш учун камида 5-6 та барг керак бўлади.
30 мм диаметрга эга гилос меваси 12-13 грамм бўлади. Ярим килограмм мева етиштириш учун 38 тадан 42 тагача мева керак бўлади. Ўртача олганда 0.5 кг мева узунлиги 30 см бўлган мевали шохда етиштирилиши мумкин. Ушбу маълумотлардан келиб чиқиб боғбонлар гектарига маълум бир тоннага эришиш учун қанча метр мевали шох кераклигини ҳисоблашлари мумкин. Кўпчилик боғбонлар эртапишар навлар учун 1 гектардан 10-12 тонна, ўрта пишар навлар учун 15-18 тонна ва кеч пишар навлар учун эса 20-25 тонна мева олиш етарли, деб ҳисоблайдилар. Навлар ҳосилдорлик даражаси бўйича ҳам бир биридан катта фарқ қилади.
Бир гектардан 17 тонна мева олиш режа қилинган бўлса гектарига экилган дарахт сони топилади. Қатор ораси 4.5 метр ва дарахт ораси 2 метр бўлса боғда бир гектарга 1111 та дарахт экилган бўлади. Ҳар 30 см мевали шохда ўртача 0.5 кг мева бўлишини ҳисобга олиб 1 кг мева олиш учун 60 см мевали шох керак. Битта дарахтдан 15.3 кг мева олинса 1111 та дарахтдан 17 тонна мева олинади. Шундай қилиб 9.2 метр мевали шох бўлганда гектаридан 17 тонна мева олишга эришиш мумкин. Мевани кам тугиш эҳтимоли борлиги сабабли бу ҳисоб китобларга 25% кўпроқ мевали шох талаб этилишини эсда сақлаш зарур.
Манба: Замонавий интенсив гилос боғлари [Матн] / Ш. Аброров. – Тошкент : Baktria press, 2018. – 148 б.



















