Биологик ва кимёвий ҳимоя воситаларини қўллаган ҳолда боғ ва токзороларни ҳимоя қилиш

Мева экинларининг касалликлари ва қарши кураш чоралари. Олма ва нок калмарази (паршаси). Бу касалликни олмада Vinturia inaegualis (Cooke) Wint замбуруғи чақириб, нокда эса Vinturia pirina Aderh замбуруғи паразитлик қилади. Ўсимлик барги, мевалари, нокда новдалари ҳам зарарланади. Барглар ёзилиши билан оч рангли мойсимон доғлар ҳосил бўлиб, сўнгра қораяди, тўқ рангли бахмалсимон ғубор билан қопланади. Меваларда қора кул рангли юмалоқ доғлар ҳосил бўлиб, пўкакланади.
Кураш чоралари: Касалликни йўқотиш учун 2-3 % ли Нитрофен, олдини олиш учун 2-4 % ли Бордосс суюқлиги, ўсув даврида 0,15-0,20 %ли Байлетон, 0,5 % ли Вектра, 1 % ли Топсин-М препаратлари билан 10-12 кун оралатиб 3 мартагача ишлов берилади.

Монилиоз касаллиги. Бу касалликни Monilia fructigena Pers такомиллашмаган замбуруғи чақиради. Асосан олма ва нок мевалари зарарланиб, кичкина қўнғир доғлар ҳосил бўлади ва тезда мевани қоплайди. Бужмайиб, мумланиб қолган мевалар дарахтда қолиб инфекция манбаи бўлиб хизмат қилади. Ҳосилни 50-70% гача нобуд қилади.
Кураш чоралари: Калмараз касаллигига ўхшаш бўлиб, биринчи марта барг ёзганда, 2-марта гуллаш олдидан, 3-марта гуллагандан кейин ишланади. Гуллашдан олдин 1 % ли Бордосс суюқлиги, кейин 0,5 % ли ИСО, мис купороси (15-20 кг/га) қўлланилади.
Олма ва нок занг касаллиги. Чақирувчиси олма дарахтида –Gymnosporangium tremelloides Hartig, нокда эса – Gymnosporangium sabinae (Dicks) Wint замбуруғи ҳисобланади. Касаллик барг, барг банди, новда ва мевани зарарлайди. Бунда баргларда юмалоқ яшил сарғиш доғлар ҳосил бўлиб, кейинчалик доғлар қизил тусга киради.
Кураш чоралари: 0,2 % ли Вектра, 0,5-1,0 % ли Топсин-М препаратлари билан ишлов берилади.
Тешикли доғланиш ёки кластероспориоз касаллиги. Касаллик баҳорда пайдо бўлиб, уни Clasterosporium carpophilum Adern замбуруғи чақиради. Ўсимлик барг куртаклари очила бошлаганда ёққан ёмғирлардан сўнг кейин баргларда юмалоқ қўнғир доғлар
ҳосил бўлиб, улар қуриб қолгач тушиб кетади, натижада тешик жойлар қолади.
Кураш чоралари: Кузда ва баҳорда куртаклар уйғонишгача 3 %ли Бордосс суюқлиги, оҳакнинг 8 % ли сувли суспензияси билан, ўсув даврида гуллаш тугаши билан 10-12 кун оралатиб 3 мартагача 1 % ли Бордосс суюқлиги билан ишланади.
Монилиал қуриш касаллиги. Бу касалликнинг чақирувчиси Monilia cinerea Bon замбуруғи ҳисобланади. Эрта баҳорда совуқдан эмас, балки замбуруғдан дарахтнинг ёш мева шохлари гуллаб бўлиши Билан бирданига сўлиб, қуриб қолади.
Кураш чоралари: Кузда ёки эрта баҳорда куртаклар уйғонмасдан дарахтларга 5 % ли Бордосс суюқлиги ёки ИСО, 15-20 кг/га мис купороси пуркаш, ўсув даврида гуллаш фазасидан сўнг 1 % ли Бордосс суюқлиги билан ишланади. Зарурат бўлса, 10-12 кундан сўнг ишлов такрорланади.Мева экинларининг зараркунандалари ва қарши кураш чоралари.

Олма қурти. Барча ҳудудларда олма, нок ва беҳининг асосий зараркунандаси ҳисобланади. Ҳосилнинг 50% игача зарар етказади.
Кураш чоралари: Карбофос ёки бензофосфат, Золон (100 литр сувга 200-300 грамм ҳисобида), бир гектарга эса 2,5-4,5 кг сарфланади. Пиретроидлардан – Цимбуш, Ширпа, Нурелл – Д, Рипкорд (100 литр сувга 50-60 грамм ҳисобида) бир гектарга эса 0,6-2 литргача сарфланади.
Олма куяси. Куя қуртлари уйғонаётган куртакларни, кейин эса баргларни ҳам еб қўяди. Қаттиқ зарарланган дарахтлар ҳосил қилмайди. Қуртлар тўп-тўп бўлиб яшайди ва битта шохнинг баргларини еб бўлгач, ҳаммаси гала бўлиб, иккинчи шохга ўтади. Дарахтнинг бутун шох-шаббалари ўргимчак тўри билан қоплангандек бўлиб қолади.
Кураш чоралари: Аваунд (0,35 л/га), Арриво (0,16 л/га), Циракс (0,16-0,32 л/га), Ширпа (0,2 л/га), Золон (2,5-4,5 л/га), Децис (0,5 л/га), Нурелл – Д (0,5 л/га) кабилар қўлланилади.
Олма қон бити. Сўрувчи зараркунанда бўлиб, феврал-март ойи бошида уйғониб, дастлаб қишлаган жойида озиқланади, сўнгра ўрмалаб чиқиб дарахтнинг пўстлоғи юмшоқ ёки зарарланган (шикастланган) жойларига ўрнашади. У тез кўпаяди ва ёз бўйи 17-20 мартагача насл беради. Қанотсиз урғочисининг танаси чўзинчоқ, тухумсимон, 2 мм узунликда оқ мум ғубор билан қопланган, эзилганда қонга ўхшаш суюқлик чиқади. Дарахтнинг қон битидан зарарланган жойларида шишлар ҳосил бўлади.

Кураш чоралари: Эрта баҳорда куртаклар уйғонмасдан олдин дарахтларга 3 % ли Нитрофен ёки 3 % ли препарат № 30 билан ишлов берилади. Ўсув даврида эса 3,0-3,5 л/га Карбофос ёки 1,5-1,7 л/га БИ-58 ёки 3,0-3,5 л/га Золон препаратлари пуркалади.
Қалқондорлар. Мевали дарахтларда бинафша тусли ва калифорния қалқондори кўп учрайди. Улар шох, новда ва меваларни сўриб зарар етказади, зарарланган новдалар нобуд бўлади, меваларда доғ ҳосил бўлиб, уларнинг сифати пасаяди. Калифорния қалқондори олма танасига кўплаб тушганда новдалар қинғир – қийшиқ бўлиб ўсади, дарахт танаси ёрилиб кетади.
Кураш чоралари: Эрта баҳорда куртаклар уйғонгунга қадар 5 % ли № 30 препарати ёки 3 % ли Нитрофен пуркаш тавсия этилади. Шунингдек, томорқалардаги дарахтларга 200 грамм кирсовунни 2 литр сувга эритиб, сўнг 800 грамм солярка ва унга 7 литр сув аралаштирилиб дарахтларга пуркалади.
Ўсимлик битлари (ширалари). Мева дарахтларига олма яшил бити, шафтоли бити, қизил бўртмали олма бити ҳамда бошқа турлардаги битлар зарар келтиради. Улар барг, новдалар ва ўсув нуқталаридаги ширани сўриб озиқланади, натижада барглар бужмаяди, шаклини ўзгартиради, муддатдан олдин тўкилади, новдалар ўсишдан қолади, шунингдек битлар шираси билан барглар ифлосланади. Шира билан зарарланган дарахтлар меваси кичик бўлиб, мазаси бузилади.
Кураш чоралари: Ўсув даврида БИ – 58 (1,5-2,0 л/га), Децис (0,5-1,0 л/га), Каратэ (0,4-0,8 л/га) ёки Карбофос (2,5-4,5 л/га) пуркалади.
Каналар. Мевали боғларда мева ўргимчакканаси, нок канаси, олма қизил канаси каби кўплаб турдаги каналар жиддий зарар етказади. Каналар баргларни, бир йиллик ёш новдаларни, ўсув нуқталарини ҳамда ёш ғўра меваларни сўриб зарар етказади. Зарарланган мевалар доғланиб, сифати пасаяди. Новдалар эса ривожланишдан орқада
қолиб, қишга ва совуққа чидамлилиги пасаяди.
Кураш чоралари: Мевали дарахтлардаги каналарга қарши ўсув даврида 1 % ли ИСО, Омайт (2,5-3 л/га), майдаланган олтингугурт (25-35 кг/га), Неоран (1,2 л/га), Ниссоран (0,2 кг/га), Узмайт (2,5-3,0 кг/га), Ортус (0,75-1,0 л/га) каби акарицидларни қўллаш тавсия этилади.