Экинларнинг ўғитга бўлган талабини аниқлашнинг физиологик асослари

Озиқ моддаларни ўсимликлар томонидан ўзлаштирилишининг даврийлиги. Озиқ моддаларнинг ўзлаштирилиши ўсимликлар ёшига қараб ўзгариб боради. Танглик
(критик) ва энг кўп (максимал) ўзлаштириладиган даврлар фарқланади. Озиқланиш муҳитида маълум бир модданинг етишмаслиги ва уни ўсимликларнинг ривожланишига
кучли таъсир кўрсатиши озиқланишдаги танглик давр деб юритилади. Экинлар кейинчалик мазкур элемент билан етарли таъминлансада, танглик даврнинг асорати узил-кесил йўқолмайди.
Тадқиқотлар асосида экинларда азот ва фосфорга нисбатан танглик давр ниҳоллар пайдо бўлгандан кейинги 10— 15-кунларда кузатилиши аникданган. Ривожланишнинг илк даврларида калий танқислигида ҳам экинлар ҳосилдорлиги кескин камаяди. Азот ва фосфорга нисбатан танглик давр одатда эрта баҳорда, микроорганизмлар фаолияти суст бўлганда намоён бўлади.
Ривожлаиишнинг нисбатан кечроқ муддатларида ўсимликларнинг озиқланишга бўлган талаби кучаяди, қайсики, озиқ моддалари энг кўп (максимал) ўзлаштириладиган давр деб юритилади. Кўп ҳолларда бу давр ўсимликлар томонидан энг кўп қуруқ биомасса тўпланадиган муддатга тўғри келади.
Кўпчилик экинларда озиқланиш даври ўсув даврига нисбатан сезиларли даражада қисқа бўлиб, бундай экинлар жумласига экинбоп наша, зиғир ва аксарият бошокди дон экинларини киритиш мумкин. Айрим экинларда эса (қандлавлаги, картошка, карам ва бошқа) озиқланиш жараёни экиннинг бутун ўсув даврида содир бўлади. Ўсимликлар озиқланишини уларнинг биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда бошқариш мумкин. Маълумки, ўғитнинг йиллик меъёрини фақат бир марта, тупроқнинг маълум қатламларига бериш йўли билан экинлардан кўзланган ҳосилни олиб бўлмайди. Шу сабабдан ўсимликларни тўғри озиқлантириш тизимида асосий ўғитлашни экиш олдидан ўғитлаш ва қўшимча озиқлантиришлар билан уйғунлаштирилиб амалга оширишга тўғри келади.

Манба: «Агрокимё» Б.С.МУСАЕВ