Сурхондарё вилоятида февраль ойи ўрталаридан эртаки картошканинг биринчи ҳосили олинади

https://www.youtube.com/watch?v=uXQI767TDHc

Денов тумани Хазарбоғ массиви хўжаликларида иссиқхона типидаги майдонларга ўтган йилнинг ноябрь ойида Голландиянинг «Санте»,  «Аризона» картошка навлари плёнка остига экилиб, «термос» усулида етиштирилди. Февраль ойи ўрталаридаёқ ушбу хўжаликларда 1 гектар майдондан ўртача 12 тонна картошка ҳосилини қазиб олиш режалаштирилмоқда.

Сурхондарё вилояти жанубий минтақада жойлашгани боис қиш ойларида ҳам илиқ кунлар кўп бўлади, бу эса иситилмайдиган пластик иссиқхоналарда маҳсулот етиштириш имкониятини беради. Фермерларнинг айтишича, иссиқхонада «термос» усулида экин экишнинг афзаллиги шундаки, унда электр энергияси, кўмир, газ талаб этилмайди. Иссиқлик ва намлик табиий усулда сақланади. Ушбу иссиқхоналарда экилган картошканинг «Санте» нави эса айнан намликка чидамлидир.

– Аввало картошкани эрта муддатларда етиштирган аграрчиларнинг меҳнати ҳамда билимини таъкидлаб ўтиш керак. Зеро, улар тўғри навни танлаган, вақтни тўғри тақсимлай олган, агротехник тадбирларни қўллай билган, – дейди Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Алишер Тўраев. – Вирусга чидамли эртаки картошканинг айнан плёнка остига экилиши яхши натижа беради. Агар сабзавотлар ушбу усулда тўғри экилса, экиш муддати ва ҳосил йиғишни икки ҳафтадан бир ойгача эртароқ амалга ошириш имкони мавжуд бўлади. Натижада келгусида импортни қисқартириш, етиштирилган картошка ва бошқа сабзавотлардан иборат агромаҳсулотларимизни аҳолига ўз вақтида етказиб бериш имконияти туғилади”.

Таъкидлаш жоизки, Сурхондарё вилоятининг айрим туманларида эртаки картошка туганакларини плёнка остига 1-20 ноябрь кунлари экиб етиштириш бўйича етарли тажриба орттирилган. Қолаверса, ўтган йили об-ҳаво шароити қулай бўлгани боис, эртаки экинларни муддатидан илгари экишга эришилди.

“Сурхондарё вилоятидаги фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда аҳоли томорқаларида кичик ҳажмли иситилмайдиган иссиқхона  ёки очиқ майдонларда «термос» усулидан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш кенг қўлланилади. Асосан, оқбош карам, гулкарам, бош салат, салат, редиска, ширин қалампир, кўкат сабзавотлар, шунингдек, полиз экинлари ва картошка каби маҳсулотлар экилади. Об-ҳаво ва иқлим шароитлари ўхшаш бошқа баъзи вилоятларда сурхондарёлик фермерларнинг тажрибасини ўрганиб, салмоқли ҳажмдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини одатий муддатидан илгари етиштириш мумкин. Бу эса ички бозорларда барқарорликни сақлаб қолиш ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлиги ҳамда даромадларини оширишга имконият яратади, – дея таъкидлаб ўтди Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик бўлими бошлиғи Бекзод Нуриддинов.

Манба: agro.uz