

Кўчат етиштириш:
Ўзбекистон шароитидан келиб чиққан ҳолда кўчат уч хил йўл билан тайёрланади:
1. Уруғни тувакчаларга экиш усули;
2. Кўчириб экиш усули;
3. Тўғридан-тўғри далага экиш усули.

Кўчат экиш даври 2 мавсумга бўлинади:
1. Эрта баҳорги мавсум;
2. Баҳорги-ёзги мавсум;
1 га ер майдонига етарли кўчат етиштириш учун 30 000 – 35 000 та уруғ олинади. Уруғлар 0,5-0,8 см чуқурликда экилгани маъқул. Ҳар бир мавсумда помидор уруғидан кўчат етиштирилиб, 30-35 кунда экишга тайёр бўлади, сўнгра ерга экилади.

Кўчат тайёрлаш вақти:
1. Эрта баҳорги мавсум: февраль – март
2. Баҳорги-ёзги мавсум: апрель

Тупроқ: Помидор ўсимлиги бўз, ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқларга экилади. Сизот сувлари юза жойлашган, шўрланган ва нордон тупроқлар помидор учун унчалик ярамайди. Экиш даврида тупроқнинг намлиги 80-90% бўлиши тавсия этилади. рН (тупроқнинг ишқорийлиги) кўрсаткичи 6,5-7 бўлиши мақсадга мувофиқ бўлади. ЕС (тупроқнинг электр ўтказувчанлиги) 1,5-2,5 ms ни ташкил қилиш керак.

Ҳарорат ва нисбий намлик: Помидор ўсиб ривожланиши учун ҳаво ҳарорати 25-28°С бўлгани маъқул. 35°С дан юқори ҳарорат помидор кўчатларига зарарли таъсир этади, экинлар ингичкалашиб кучсизланади, касалликка тез чалинадиган бўлиб нобуд бўлади. 10°С дан паст бўлса кўп хил навларнинг гуллаши тўхтаб қолади. Совуқ ҳаводан сақлаш учун экинлар плёнка ёки агроволокно билан қопланади. У экинни совуқдан сақлаб қолиш билан бирга жадалроқ ривожланишини таъминлайди. Нисбий намлик 65-70% ни ташкил этиши лозим.

Суғориш ва ўғитлаш: Помидор кўчати мева қилгунига қадар иқлим шароитидан келиб чиқиб суғорилади. Энг оптимал шароит оз-оздан тез-тез суғориш ҳисобланади.
1 га ерга 250-300 кг азот (N), 250 кг фосфор (P), 150-250 кг калий (К) солиш тавсия қилинади. Кўчат ёшлик даврида кальций (Са), бор (В), магний (Мg) ли ўғитлар бериш керак.

Азот (N) моддаси ўсимлик баргларининг ривожланиши ва янги барглар чиқиши учун муҳим аҳамиятга эга. Тупроқда азот моддаси етишмаса поялар ва баргларнинг ўсиб ривожланиши сусаяди, бу эса ҳосилнинг кескин камайишига олиб келади. Аммо азот ҳаддан ташқари кўп бўлса меваларнинг етилиши кечикади, ўсимликнинг касалликларга ва паст ҳароратга чидамлилиги пасаяди, шунингдек мевасидаги қуруқ моддалар ҳамда шакар миқдори камаяди.
Фосфор (Р) моддаси меваларнинг тез етилишига ёрдам беради ва улардаги шакар миқдорини оширади. Агар ушбу модда етишмаса, помидор танаси ва барглари сиёҳ ранг тусга киради. Ўсимлик ўсиши секинлашиб гуллашдан тўхтаб қолади.
Калий (К) ли ўғитлар помидор меваларидаги қуруқ модда миқдорининг ортишига ва унинг яхши сақланишига ёрдам беради. Шу билан бирга ўсимликларнинг гуллаш ва мева қилиш пайтида тўқималарни мустаҳкамлайди. Калий моддаси етишмаса, помидор палаги оч тусга кириб сарғая бошлайди. Ўсимлик меваси етилиб пишиши секинлашади ва мевасида ҳар хил яшил доғлар пайдо бўлади.
Экин экиш: Эрта баҳорги мавсумда 35-40 кунлик, баҳорги-ёзги мавсумда 25-30 кунлик кўчат экилади (кўчатлар 5-6 тадан чинбарг чиқарган пайтда). Помидор кўчатлари экиш олдидан суғорилган ерларга экилади.

Экин экиш чизмаси: 40×40-50×120-140


AGROHOUSE



















