Гилос ва олча дарахтларини кесиш ва тарбиялаш усуллари

Гилос навларининг деярли барчасида кучли учки устунликни кузатиш мумкин. Агар дарахтлар кесилмаса узун новдаларнинг фақатгина учки куртаклари новдаларга айланиб пастки куртаклар тиним даврида барг чиқарган ҳолатда қолиб кетади. Бу нарса 1-1.5 метр узунликдаги новдаларнинг пастки қисмида 2-йилда умуман ён новдалар пайдо бўлмайди. Шу сабабли гилослар экилган йили ва ундан кейинги йилларда новдалар кесилиши натижасида ён шохлар пайдо бўлади. Айрим ҳолларда эса куртаклардан новдалар ўсиб чиқиши учун новдаларни эгиш, куртак устидан кертиш (кербовка) ва ўсишни бошқарувчи препаратлардан фойдаланишга тўғри келади.

Бир йиллик новдаларни баҳорда куртакларига Промалин (гибберелин А4+7 ва бензил аденин) ёки Перлан (гибберелин А4+7 ва бензил аденин) препаратларидан сув асосидаги эмульсия аралаштириб суртиш орқали керакли жойлардан новдалар ўсиб чиқишига эришиш мумкин. Гилос дарахтларига асосан очиқ вазасимон ёки марказий лидер усулларида шакл бериб келинади. Қуйида марказий лидер усулида шакл бериш тўғрисида тўхталиб ўтилади.

Турли кучда ўсувчи пайвандтаглар ва уларга мос тушадиган шакл бериш усуллари

Гилос дарахтларига шакл беришда қуйидаги усуллардан кенг фойдаланилади.

сийраклатиб кесиш Сийраклаштириб кесишда шох ўсиб чиққан жойидан ёки ўзидан катта ёшли шохгача қисқартирилиб (қайтариб) кесилади. Бу кесиш усули гилос дарахтларининг баландлигини пасайтиришда ёки соя ташлаётган шохлар ҳажмини қисқартиришда фойдаланилади. Сийраклатиб кесиш дарахтларга кўпроқ ёруғлик кириб келишига олиб келади ва қисқартириб кесишдан (қисқартириб кесиш мевага киришни кечиктиради) устун ҳисобланади. Бу усулда кесиш тиним даврида ёки ёзги кесиш даврида амалга оширилиши мумкин.

Новда ўсиб чиққан шохгача қисқартирилиб кесилади.

Голландча кесишнинг кўриниши.

Голландча кесиш натижаси

Мева юкини камайтириш ва мевалар йириклигини ошириш мақсадида бир ёшли новдалар қисқартириб кесилади

Голландча (эгарча, тирноқли) кесиш

Голландча кесиш сийраклатиб кесишнинг бир тури ҳисобланиб, кесилган жойда горизонтал бутоқча қолдирилади. Бутоқча остидаги «яширин» куртаклардан кенг бурчакли кучсиз новда пайдо бўлади. Бу кесиш ёш дарахтларда пайдо бўладиган кучли ва тик новдаларни кучсиз мевали новдаларга айлантириш учун қўлланилади. Голландча кесишни барча мевали дарахтларда ва ҳатто ёнғоқ дарахтида ҳам қўлласа бўлади. Бу усулда кесиш тиним даврида амалга оширилади.

Бир ёшли новдани қисқартириб кесиш

Бу кесиш усули ён шохлар ўсишини кучайтиради ва гилос дарахтларини тарбиялашнинг илк йилларида шохлатиш учун қўлланади. Қисқартириб кесиш қуйида жойлашган куртакларни ўсишини кучайтиради ва ёш дарахтларда мевага киришни кечиктиради, айниқса ёш мева куртаклари шаклланмаган дарахтларда. Мевага кирган дарахтларда 1 ёшли новдани қисқартириш юқори ҳосилдорликка эга бўлган навларда ёки пайвандтагларда ўстирилаётган навларнинг мева юкини камайтириш учун қўлланилади. Бу орқали келажакда мевали куртакка айланиши мумкин бўлган куртаклар сони камаяди ҳамда мева ва барг ўртасида мувозанат ҳосил бўлади.

Бутоқ қўйиб ёки янгилаш учун кесиш

Бутоқ қўйиб кесиш мевали шохларни янгилашда ва уларни ҳосилдор бўлиб туриши учун қўлланилади. Бутоқ қўйиб кесиш қисқартириб кесиш бўлиб бунда шохнинг 20-30 см қисми қолади ва қолгани кесиб ташланади. Шох нисбатан ёш бўлса бутоқ қўйиб кесганда пастки куртаклар ўсади ва бу орқали шох янгиланади. Агар кесиш вақтида кўзга кўринадиган куртаклар бўлмаса пўстлоқ остидаги тиним ҳолатда турган куртаклардан янги новдалар ўсиб чиқади.

Бутоқ қўйиб кесишнинг яна бир кўриниши бу тик ёши катта шохни қисқартиришдир. Агар тик шохнинг қуйи қисмида ён шох бўлса уни ён шохнинг бироз юқорисидан кесинг. Бутоқ қўйиб кесишни тиним даврида ёки гуллаш вақтида амалга оширилганда янги новдаларнинг ўсиб чиқиш эҳтимоли энг юқори бўлади.

Икки-марта кесиш

Бу кесиш усули гилос дарахтларида тиним даврида тик ва кучли шохни 3-4 куртак қолдириб қисқартириб кесиш орқали амалга оширилади. Энг учки куртак тепага қараган ҳолатда бўлиши шарт. Баҳорда ўсиш бошланиши билан энг учки тепага қараган куртак кучли тик новдага айланиб ўсади ва пастида жойлашган бир ёки иккита куртакдан эса горизонтал кучсиз новдалар ўсиб чиқади. Пастки новдалар 20-30 см узунликка етганда юқоридаги тез ўсаётган новда тагидан кесилади, пастки горизонтал новдалар сақланиб қолинади. Агар йил давомида энг юқоридаги новдани кесиш имконияти бўлмаса 1 йилдан кейин тиним даврида кесиш мумкин. Шу орқали тик кучли новда ёки шох горизонтал новдаларга айлантирилиши мумкин.

Икки марта кесиш усулини амалга оширишдаги босқичлар

Икки марта кесишни ўсиш даврида амалга ошириш ҳам мумкин

Бу кесишнинг яна бир кўриниши йилнинг исталган вақтида амалга оширилиши мумкин. Ўсиш даврида кучли ўсаётган новдани май ёки июнь ойида худди шу усулни қўллаб кесиш мумкин.

Бу кесиш қуйидагича бажарилади: биринчи кесиш – новда 3-4 куртак қолдирилиб тепага қараган куртак устидан кесилади. Тепага қараган куртакдан тик ўсувчи новда чиқади ва пастидаги куртаклардан ривожланаётган новдаларни горизонтал ўсишга мажбур қилади. Пастдаги кучсиз ўсаётган новдалар 15-20 см узунликка етганда энг юқоридаги тик ўсаётган новда тагидан кесиб ташланади (иккинчи кесиш).

Шохларни эгиш

Гилос дарахти шохларини эгиш қуёш нурларини киришига, шохлар ўсиш тезлигини қисқаришига, тезроқ мевага киришига ҳамда асосий тана билан шохларни кенг бурчакда ўсишига ёрдам беради. Янги ўсаётган новдаларни эгишнинг энг қулай вақти бу 8-10 см ўсиш бўлганда амалга ошириш ҳисобланади. Новдаларни кенг бурчак остида ўсишига олиб келиш учун новдалар 8-10 см ўсганда тиш тозалагичдан фойдаланилади. Бундан ташқари кийим қисқичдан ҳам шу мақсадда фойдаланиш мумкин. Қисқични янги ўсаётган новданинг юқорисига ўрнатиб уни 90 градус бурчак остида ўсишига мажбурлаш мумкин.

Гилосда ён шохларни эгиш жуда муҳим бўлганлиги сабабли йил давомида турли мосламалардан фойдаланиб буни амалга ошириш тавсия этилади.

Новдалари ўз вақтида эгилган дарахтда ён шохлар яхши шаклланади

Новдаларни эгишда кенг қўлланиладиган усуллардан бири бу уларни ип ёрдамида боғлашдир. Гилос дарахтларида ҳосил бўладиган ён новдаларни тиш тозалагич ёки кийим қисқич ёрдамида горизонтал ўсишга ундалмаган бўлса у ҳолда новдаларнинг узунлиги 60 смга етганда уларни горизонтал ҳолда эгиб бойлаш тавсия қилинади. Агар бу иш амалга оширилмаса Ўзбекистон шароитида ўсиш кучи тезлашиб новда тик ва жуда қувватли новдага айланади ва уни кесишга мажбур бўламиз. Бу эса ўз навбатида мева бериши мумкин бўлган новданинг йўқотилишига олиб келади.

Агар новдалар август ёки сентябрь ойигача эгилмаган бўлса, у ҳолда кучли ўсаётган новдаларнинг пастки қисмини бураб ёғочли қисмини деформациялаш орқали эгиб бойлаш мумкин. Деформациялашда новданинг ички қисми синади, пўстлоғида чизиқлар пайдо бўлади. Тиним даврида ҳам шу усулда эгиб ён новдаларни боғлаш мумкин.

Манба: Аброров, Ш. Замонавий интенсив гилос боғлари – 2018.