Бодрингда бактериоз сўлиш касаллигини Erwinia tracheiphila бактерияси қўзғатади. Бодрингда очиқ дала ва иссиқхоналарда кенг тарқалган, қовун, тарвуз ва қовоқ ҳам зарарланади. Бактериоз айрим баргларнинг баъзи қисмлари кулранг-яшил доғланиши ва сўлишидан бошланади; бундай баргларда иккита – ўнбир нуқтали (Diabrotica undecimpunctata) ва йўл-йўл бодринг (Acalymma vittata) бурга-қўнғизчалари зарарлаб пайдо қилган тешикчаларни топиш мумкин. Сўнгра битта ёки бир нечта палаклар ёхуд бутун ўсимлик сўлиб қолади. Кўпинча ўсимликлар гуллаш ва мева тугиш фазаларида сўлийди.

Иссиқхоналарда зарарланган ўсимликлар 2-3 кун ичида сўлиб қолиши мумкин. Далада ёки иссиқхонада касаллик бактериоз сўлиш эканлигини қуйидаги усул ёрдамида аниқлаш мумкин: сўлган ўсимлик поясини кесиш ва уни қўл билан сиқиш лозим; ўтказувчи тўқималардан оқ суюқлик чиқиши, ва унга қаламтарошнинг учини тегизиб, секин тортганда суюқлик ингичка ипга ўхшаб чўзилиши бактериоз сўлиш мавжудлигидан далолат беради. Бактерия қўнғизчаларнинг овқатни ҳазм қилиш органлари ичида сақланади; қўнғизчалар баргни кемирганда, бактериялар барг ичига кириб олади. Бактерия ўсимлик қолдиқларида сақланмайди.
Манба: ҲИМОЯЛАНГАН ЖОЙ ЭКИНЛАРИ КАСАЛЛИКЛАРИ (услубий қўлланма)
Тузувчилар: Биология фанлари номзоди доцент У. Х. Рахимов Ассистент Б. С. Содиқов



















