Гўнг таркибидаги озиқ моддаларни бекорга йуқолишига йул қўймаслик ва ўсимликлар томонидан фосфорли ўғитларни ўзлаштиришни яхшилаш мақсадида гўнг-фосфорли ўғитларидан фойдаланиш самарали ҳисобланади.
Ғўзапоя, нажас ва хонадонлардан чиқадиган қаттиқ чиқиндилардан жуда яхши компост тайёрлаш мумкин.
Гўнг-фосфорли ва нажас-ахлатли компостлардан ташқари тут ипак қурти ғумбаклари ва уларнинг экспериментларидан, парранда гўнги, гўнг шалтоғи ва бошқа турдаги органик чиқиндилардан ҳам кенг фойдаланиш мумкин.Компост таркибида ҳар хил микроэлементлар мавжуд.
Бир тонна компост таркибида соф ҳолда азот 6-7 кг, фосфор 5-8 кг ва калий 4-6 кг бўлади. Бир гектар майдонга 30 тонна компост чиқарилишини ҳисобга олсак, бу вақтда соф ҳолда 160- 190 кг азот, 130-210 кг фосфор ва 90-140 кг калий далага чиқарилган ҳисобланади Компост тайёрлаш учун катталиги 1 мм гача майдаланган ғўзапоя, ғўза
пўчоқ, хўжалик чиқиндилари, пахта тозалаш заводининг чиқиндилари, дарахт барглари, ариқ-зовур лойқалари, қора мол гўнги, от гўнги, қўй-эчки қийлари,
фосфорит кукуни ишлатилади.
Бир тонна компост тайёрлаш учун юқоридаги чиқиндилардан 50%, гўнг 20%, фосфорит кукуни 20%, ариқ-зовур лойқасидан 9%, целлюлоза парчаловчи микроорганизмлар биомассасидан (Aspergillus terreus, Penicillium canescens, Trichoderma harzianum) ҳамма масса аралаштирилиб, 70-75% гача намланади. Ҳандақларга жойлаштирилади, устига 15 см тупроқ тортилади.
Ҳандақларнинг катталиги энига 3-3,5 метр, бўйига 10-15 метр ва чуқурлиги 1-1,5 метргача бўлиши мумкин. Компост тайёрлаш муддати 3 ой давом этади. Компостда ишлатилган ариқ-зовур лойқаларида целлюлоза парчаловчи замбуруғлар, бактериялар, актиномицетлар бисёр.
Тайёр бўлган компостда гўнг ва чиқиндилардаги бегона ўтлар уруғи, зарарли микроорганизмлар тугатилади. Натижада экологик тоза компост тайёрланади. Бир гектар майдонга минерал ўғитни нормада солинган ҳолда 2 (икки) тонна компост ишлатса мақсадга мувофиқ бўлади.
Компостлаш жараёнида маҳсулот таркибидаги физиологик фаол моддалар ҳисобланган гумин кислоталар (16-18%), фулвокислоталар (50-62%) ва сувда эрувчан органик моддалар (28-35) миқдори ошади. Тайёрланган компост сифати микробиологик текширишлар натижасида маълум бўлишича микроорганизмлар фаолиятига боғлиқ экан.
Компостда целлюлоза парчаловчи замбуруғлар, бактериялар сонини ортиши компост таркибидаги чиқиндиларнинг, органик моддаларнинг фаол парчаланишини кўрсатади.
Етилган компост ёмон ҳиддан тозаланган ягона массадан иборат бўлади.
Компост таркибидаги озиқ моддаларни бекорга йўқолишига йўл қўймаслик, ўсимликлар томонидан ҳаракатчан фосфорли ўғитларни ўзлаштиришини таъминлаш мақсадида микроорганизмлар иштирокида тайёрланган компост самарали ҳисобланади.
Бундан ташқари ипак қурти ғумбаклари, парранда гўнги, гўнг шарбати ва бошқа турдаги органик чиқиндилардан компост тайёрлашда кенг фойдаланиш мумкин.
Қишлоқ хўжалиги экинлари тагига солинадиган минерал ўғитларни ўрнини 35-50% гача босувчи, тупроқда юқори даражада минерал, органик озиқа моддалари билан таъминловчи биологик фаол ўғитлар, шу жумладан сингиб кетувчи формалардаги азот, гумус, ўсимлик целлюлозасидан углеводлар ҳамда фойдали микроорганизмлар яратилишига имкон яратилади.
Юқоридаги усулда тайёрланган компост ғўза ҳосилдорлигини гектарига 13,2 ц/га, жўхори кўк поясини ҳосилдорлигини 61 ц/га ошириши тажрибада исботланган ва унинг бир тоннасида 11,5 кг азот, 15,4 кг фосфор, 17,6 кг калий элементлари мавжуд, микроэлементлардан эса 1 кг компостда 1,68 мг/кг темир, 0,40 мг/кг марганец, 0,36 мг/кг бор, оз миқдорда мис ва рух микроэлементлари мавжудлиги аниқланган, оғир металлар мавжуд эмас.
Микроорганизмларда азот миқдори 6-8%ни ташкил этади. Тўкилган барг, ғўза пўчоқ, хўжалик чиқиндиларида, биологик фаол балчиқда азот миқдори 1-1,5%ни ташкил қилади.
Органо-маъданли компостлар тайёрлашда органик ўғитларнинг оғирлик миқдорини ва нисбатларини белгилашда ҳар бири учун алоҳида-алоҳида улар таркибидаги ўртача озуқа моддалар (N, Р, К) нинг ўртача миқдорига қараб тенглаштириб олинади.
Компостларнинг оғирлигига нисбатан 1-2% миқдорида фосфорли ва калийли ўғитлар ёки 1 тонна органик ўғитларга 15-20 кг фосфор солиб компост тайёрланса, компост таркибидаги озуқа моддаларни, айниқса азотнинг йуқолиши камаяди ва фосфорни ўсимлик осон ўзлаштиради.
Компост тайёрлашда трактор тиркамаларидан, чизель, юклаш механизмларидан фойдаланилади. Бунда, айниқса, компостни қориштиришга алоҳида аҳамият бериш керак. Чунки чиримаган компостда парчаланиш жараёни бормайди, унга солинган минерал элементлар (фосфор) тупроқ грунтига кириб бормайди ва уларнинг бир турга айланишига имкон бермайди.
Агар уюмни зичлашда ва аралаштиришда чизелдан фойдаланишнинг иложи бўлмаса, у ҳолда уюмнинг кўтарилишига қараб юклагич чўмичдан фойдаланиш мумкин. Агар гўнг қуруқ бўлса, у вақтда компостлаш учун уни сув билан намлашга тўғри келади.
Тайёрланган компост 100-120 кун давомида сақланади. Ана шу муддат давомида гўнгхоналарда сақланган компост ярим чириган ҳолатга келади, бунда бегона ўтларнинг кўпчилик қисми чириб битган бўлади. Бу хилдаги компостлар ерга солиш олдидан бульдозер ёки скрепер ёрдамида қориштирилади.
Фосфорли ўғитлар қўшилган бундай компостлар солинадиган далаларга алоҳида фосфор ва калий ўғитларни тупроққа солиш меъёрларини 25-30 фоизга камайтириш мумкин.
Манба: «Ўсимликларни озиқлантириш ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш» Б.Қ.МУХАММАДИЕВ



















