Зарпечаклар “cuscutaceae” оиласига мансуб бир йиллик ўсимлик бўлиб, дунё бўйича уларнинг 274 тадан ортиқ турлари аниқланган ва ундан 36 таси МДҲ давлатларида, 17 та тури эса Республикамизда рўйхатга олинган. Республикамизда учрайдиган ушбу зарпечак бегона ўтидан 13 та тури ўсимликларга энг кўп зарар келтиради. Зарпечакларнинг паразит ҳаёт кечириш тарзи уларнинг тузилишида кўпгина ўзгаришларни содир бўлишига олиб келган. Зарпечаклар вегетация даври, ривожланиши ва бошқа жиҳатлари билан оддий гулли ўсимликлардан тубдан фарқ қилади. Масалан, уларда барг бўлмайди, фотосинтез жараёни умуман кузатилмайди, илдиз системаси, устицалари йўқ, илдиз вазифасини эса ўсимлик танасига ёпишиб олувчи гаусториялар бажаради. Зарпечаклар қишлоқ хўжалиги экинларига жуда катта зарар келтиради. Улар барча ўт ўсимликлар, дарахтлар, бутасимонлар, мевали ва манзарали ўсимликларни зарарлайди. Бу паразитдан асосан, беда экинлари, зиғир, махсар, лавлаги, сабзи, пиёз ва бошқа кўпгина экинлар жиддий зарар кўради. Бир паллали ўсимликлар, жумладан бошоқли ўтлар ва ғалла экинлари зарпечаклар билан нисбатан камроқ зарарланади. Зарпечаклар маданий экинлар танасига гаусториялари ёрдамида ёпишиб олиб, органик ва ноорганик моддаларни сўриб олади, ўсимликни нимжонлаштиради, ўсишдан қолдиради, натижада ўсимлик бутунлай нобуд бўлади. Зарпечакларнинг танаси ва уруғи таркибида бир нечта заҳарли алколоид моддалар (кускудин ва кусталин) мавжуд бўлиб, улар ҳайвонларда заҳарланишни келтириб чиқаради. Шу сабабли зарпечак билан кучли зарарланган ўсимликлардан кўк масса ёки силос тайёрланганда, улар моғорлаб, ўз озуқа қийматини йўқотади, уларни истеъмол қиладиган ҳайвонлар заҳарланиши ҳам мумкин.
Зарпечак билан зарарланган ўсимликлар касаллик ва зараркунандаларга чидамсиз бўлиб қолади. Бундан ташқари айрим зарпечак турлари ўсимликларнинг вирусли касалликларини ҳам тарқатувчи бўлиб ҳисобланади. Яъни ўсимлик ширасини гаусториялари билан сўриб олишда вирус ҳам ўтади ва улар бошқа ўсимликка ёпишиб олганда гаустория орқали вирус иккинчи ўсимликка ўтиб олади. Буларга қанд лавлаги, помидор, дуккакли экинлар ва гречиханинг мозайка касалликлари мисол бўлади.
Зарпечаклар зарарланган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари орқали, зарарланган уруғ орқали, яхши чиримаган гўнг билан, экинларни суғоришда, транспорт воситалари, уруғ тозалаш машиналари, яйловдаги парранда қушлар ва ҳайвонлар орқали тарқалади. Бундан ташқари шамол, зарарланган майдон, қишлоқ хўжалик қуроллари, темир йўл вагонлари ва таралари орқали ҳам тарқалади. Тупроққа тушган зарпечак уруғлари бир неча йилларгача унувчанлигини сақлаб қолади.
Зарпечак уруғининг қобиғи жуда қаттиқ бўлиб, сувни жудаям суст ўтказади. Шунинг учун тўлиқ пишиб етилмаган уруғининг қобиғи юмшоқлик вақтида униб чиқиши тез юз беради. Зарпечак уруғи спиралсимон чўзинчоқ йўлдошлардан ва оқсил қатламли массадан ташкил топган. Йўлдошларнинг спиралсимон буралиб ўсиб чиқиши уларга ўсимлик танасига ёпишиб олиш имкониятини яратиб беради. Аввалига, зарпечак уруғдаги озиқ моддалар ҳисобига ривожланади, бу давр 5 кундан бир неча ҳафтагача давом этиши мумкин. Уруғдан ўсиб чиққан зарпечак тез ўса бошлайди, қанчалик тез ўсишига қараб уруғдан келадиган озуқа моддаси ҳам камая бошлайди ва секин аста зарпечак хўжайин ўсимлик танасига ёпишади, уруғдан бутунлай узилади. Уруғдан ўсиб чиққан бир дона зарпечак танаси атрофдаги бир қанча ўсимликларни зарарлайди. Зарпечакнинг ён шохлари ҳоҳлаган жойидан униб чиқиши мумкин ва атрофидаги кўплаб ўсимликларга ёпишиб олади. Июн-июл ойларида зарпечаклар гуллайди, иссиқ об-ҳаво шароитида зарпечаклар ёппасига гуллайди. 2-3 ҳафта ўтгандан сўнг уруғи пишиб етилади. Уруғларнинг тиним даври ҳар хил, бир неча кундан, бир неча йилгача бўлиши мумкин. Зарпечак билан зарарланган ўт ўсимликлар ўриб олингандан кейин, улар ёш майсаларда ўса бошлайди ва уруғланиб тупроққа минглаб уруғлари тушади. Зарпечакларга қарши агротехник ва механик кураш чоралари етакчи ўринда туради. Ўсимлик майдонлари зарарланишига қараб кучли ёки кучсиз зарарланган тоифаларга ажратилади. Кучли зарарланган экин, ўсимликлар чопиб ёки кесиб ёқиб юборилади ёки чуқурга кўмиб ташланади. Ўртача зарарланган экинларни тегишли қисмлари кесиб ёки чопиб олиниб, ёқиб юборилади. Тадбир ўтказилган майдонлар доимий назоратга олиниб, зарпечак бутунлай йўқолиб кетгунча ҳар 7-10 кунда назорат қилинади. Экин экиладиган далалар яхшилаб текисланади, экишдан 10-15 кун олдин бороналаш ишлари амалга оширилади.
Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фарғона шаҳар ўсимликлар карантини инспектори
Ўктамжон Ҳайитов



















