Шоли касалликлари

Касаллик шоли ўсимлиги унувчанлигини пасайтириб, кўчатларнинг нобуд бўлишига, ўсимликларнинг вегетация давомида қуриб қолишига, хосилдорликни 20-25 % га камайишига олиб келади. Бу қайси касаллик биласизми?

Ҳосилдорликнинг 20-25%га камайишига сабаб бўлувчи бу касаллик – шолининг пирикуляриоз касаллигидир. Касаллик вегетация давомида шолининг барча ер усти аъзоларини касаллантиради. Касаллик ўсимлик барги қўлтиғида оч қўнғир рангдаги, шакли мунтазам катталашиб борадиган ҳар хил шаклдаги тўқ жигарранг ҳошия билан ўралган доғлар ҳосил қилади. Баргнинг орқа тамонида доғлар юзаси қўнғир моғор билан қопланади. Поя юзасида қорамтир чўзинчоқ доғлар пайдо бўлиб, бўғинлари қораяди, чирийди ва синиб кетади. Бошоқлари қорайиб чирийди, майда сифатсиз уруғ хосил қилади. Замбуруғ тупроқдаги ўсимлик қолдиқларида ва уруғда конидия холида сақланиб, уруғ унаётган вақтида уни касаллантириб, унувчанлигини камайтиради, кўчатларни нобуд қилади, баргнинг ассимиляцион юзасини камайтириб сўлишига сабаб бўлади. Замбуруғ +15 – + 35 даража ҳароратда тарқалиш хусусиятига эга бўлиб, намлик миқдори 90-95 % ва ҳарорат + 22 – + 24 даражани ташкил қилганда жуда тез тарқалади. Замбуруғ конидияси + 51 – + 52 даражадa нобуд бўлади. Инфекция ўсимлик қолдиқлари, касалланган уруғ, дон қипиғида сақланади.

Шолининг касалликларининг яна бири гельминтоспариоздир. Касаллик уруғдан унган кўчатларни ва катта ёшдаги ўсимликларни сўлишига ва илдиз бўғизининг чиришига сабаб бўлади. Катта ёшдаги ўсимликларнинг баргида, поясида, қипиғида чўзинчоқ жигарранг доғлар пайдо бўлиб, маркази тўқ қизил-жигар рангдаги моғор билан қопланади. Кучли касалланган барглар қурийди ва тушиб кетади, пояси синади.
Касаллик қўзгатувчиси тупроқдаги ўсимлик қолдиқларида ва уруғда конидия холида сақланиб, уруғ унаётган вақтида уни касаллантириб, унувчанлигини камайтиради, кўчатларни нобуд қилади, баргнинг ассимиляцион юзасини камайтириб сўлишига сабаб бўлади.
Замбуруғ конидияси нам шароитда хаво харорати + 7 – 38 даражада уна бошлайди. Ўсимликнинг касалланиши баргдаги устицалар орқали конидияларнинг кириб келишидан рўй беради. Касаллик туфайли 5-10 % баъзан 30-40 % га ҳосил камаяди.

Бундай салбий ҳолатларнинг олини олиш учун уларга қарши вақтида кураш чораларини мутахассислар тавсиялари асосида олиб бориш лозим.

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Марғилон шаҳар инспектори Ҳавохон Шомансурова