Гоммоз ғўзани бутун ўсиш даврида барча органларини зарарловчи хавфли касалликдир. Гоммознинг биринчи аломатлари ниҳол чиққандан 7-10 кундан сўнг яхши кўринади. Уруғбаргларида тўқ-яшил, думалоқ, сув шимиб олганга ёки мой томганга ўхшаган доғлар пайдо бўлади. Улар кейинчалик қуриб, сарғиш-жигарранг, сўнгра қўнғир, атрофи қизғиш тусга киради. Гоммоз кучли ривожланганда, барг банди, пояча ва ўсимликнинг ўсиш нуқтаси ҳам зарарланиши кузатилади. Поячада чўзинчоқ, қора доғлар пайдо бўлиб, улар поячани ўраб олади ва ниҳол нобуд бўлади. Чинбаргларда доғлар тўқ-яшил, мой томганга ўхшаш, қиррали (кўпбурчакли) кўринишда пайдо бўлади. Об-ҳаво гоммоз учун жуда қулай келганда барг банди яқинидаги бош томирлари бўйлаб тарқалган узун тўқ-яшил, сўнгра қўнғир некротик доғлар (яралар) ривожланади. Кўсакларда ҳам уруғбарглардаги каби тўқ-яшил, сув шимиб олганга ўхшаш, ботиқ, думалоқ ёки бироз чўзинчоқ, вақт ўтиши билан тўқ-қўнғир ва охири қора тус олувчи доғлар ҳосил бўлади. Зарарланган ўсимликда ҳосил бўлган бактериялар ёмғир, шабнам ва шамол ёрдамида ғўзанинг юқориги қисмларига ҳам ўтади ва касалликнинг чинбарг, поя, шох, гул, кўсакларда ривожланишига олиб келади. Зарарланган органлар устида ҳосил бўлган елимсимон модда касалликнинг бошқа ўсимликларга ҳам тарқалишига олиб келади. Гоммоз таъсирида ингичка толали ғўза навларида зарарланган поя синиши кузатилади. Зарарланган барглар одатда тўкилиб кетади. Зарарланган ёш кўсакчалар тушиб кетиши, кечроқ зарарланганлари, тола етилганда ҳам, чаноқлари бир-бирига ёпишиб, очилмаслиги ёки ярим очилиши мумкин. Кўсаклар ғўзанинг гоммозга энг чидамсиз органлари ҳисобланади. Кўсакнинг зарарланган жойлари емирилади ва бактериялар толага ўтади. Тола сарғиш-қўнғир тус олади, бир-бирига ва кўсак чаноғининг ички деворчаларига ёпишиб қолади. Натижада чигит пишмайди, нимжон бўлиб қолади ва ҳаётчанлигини йўқотади. Ҳосилнинг сифати ва ҳажмига сезиларлри даражада зиён етказади.
Унга қарши самарали курашишда мутахассис тавсияларига амал қилиб, белгиланган кураш чораларини вақтида олиб бориш керак.
Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фитосанитария лабораторияси мудири Абдурауф Маҳмудов



















