Саримсоқ пишиб етилганда барглари сарғайиб, сохта пояси сўлиб, қурий бошлайди, саримсоқ бошининг сиртқи қобиқлари юпқалашади, қурий бошлайди ва ранги ўзига хос кўринишга эга бўлади.
Ана шу пайтдаёқ ҳосилни йиғиштириш лозим. Йиғим-терим кечиктирилса, пиёзбошлари паллаларга ажралиб кетади, бу эса ҳосил даланинг ўзидаёқ нобуд бўлишига, маҳсулот сифати ҳамда сақлашга яроқлилик қобилияти пасайишига сабаб бўлади.
Саримсоқ ҳосилини йиғиштириш муддати июнь-июль ойларидир. Уни йиғиштириб олишга 20-30 кун қолганда суғориш тўхтатилиши шарт. Саримсоқ бошларини қуёш таъсиридан сақлаш учун улар барглари остига яшириб қўйилади.
Саримсоқ шу ҳолатда 10-15 кун давомида тўлиқ етилтирилади. Саримсоқ барглари қуригач, сохта пояси 3 см қолдирилиб кесилади ва катта-кичикка, соғлом-носоғломга ажратилади. Йиғим-теримда саримсоқнинг механик шикастланишига йўл қўймаслик лозим, акс ҳолда маҳсулот сифати пасаяди, сақланиши ёмонлашади.
Кичик майдонлардаги ҳосил қўлда йиғиб олинади. Агар катта майдонларда бўлса, лавлаги ковлагич (свеклоподьёмник), картошка ковлагич, пиёз ковлагич (ЛКГ-1,4) ва бошқа машиналар ёрдамида ковланади ва ҳосил барги билан бирга қўлда йиғиштирилиб тўпланади.
Саримсоқдан гектарига 10-15 тонна ва ундан ортиқ ҳосил олинади. Ҳоваки пиёзчалардан экилганда эса 1,5-2 тоннагача ҳосил олинади. Саримсоқ уруғчилигида уруғлик саримсоқпиёз бутун ва ифлосланмаган, шакли ва ранги ботаник навга хос, зараркунанда ва касалликлар билан зарарланмаган, қуруқ, умумий пўсти яхши ва қаттиқ таглиги, қуруқ юпқа бўйинчаси бўлиши зарур.
Уруғ учун экиладиган саримсоқпиёзни кўндаланг ди-аметри бўйича ўлчами 30-40 мм. дан кам бўлмаслиги лозим. Уруғлик саримсоқни кузги-қишки даврда чиқиши ва ара-лашмага йўл қўйиш массасига нисбатан 6-9 фоизни ташкил этиши лозим. AGROBLOGER канали



















