Зарарли ҳасва

  Зарарли ҳасва  ярим қаттиқ қанотлилар ёки қандалалар туркумининг, қалқонлилар оиласига мансуб хашорат. Бу жуда кенг тарқалган зарарли организм бўлиб, дунёнинг барча ғалла экиладиган мамлакатларида учрайди. Бу зараркунанда етук зот шаклида дала атрофларидаги уватларда, қир, тоғ олди шароитида ўсимлик қолдиқлари, ҳамда тош, кесаклар остида тўдаланиб қишлаб чиқади.

Хасванинг уйғониш даври ўртача ҳарорат 10-12°С га етганида бошланади. Қишлов жойининг ўртача ҳаво харорати 15-20°С бўлганида, хасва ғаллазорлар томон учиб тарқала бошлайди. Ёппасига ғаллазорларга учиб ўтиши бошланганидан 7-15 кун ўтгач, урғочилари тухум қўя бошлайдилар (бу март ойининг охири-апрелнинг бошига тўғри келади). Битта урғочи хасва 35-42 тагача, айрим вақтларда 150 тагача туҳум қўяди.

Ҳаво хароратига қараб личинкаларнинг ривожланиши 25 кундан 50 кунгача давом этиши мумкин. Бешинчи марта пўст ташлаганидан кейин ёш хасвадан вояга етган етук зотлар пайдо бўлади.

Зарарли хасванинг буғдойга етказадиган зарари ҳосилдорлик ва ғалла сифати билан белгиланади. Бу эса зараркунанданинг зичлигига боғлиқ бўлади. Қишловдан чиққан хасва буғдойнинг ҳамма ер устки қисмларига, айниқса поя ва бошоққа зарар келтиради. Хасва асосан ўсимликнинг юқори қисмидаги ва бошоқнинг ўсаётган майин тўқималаридаги озиқа моддаларини сўриб озиқланади. Агарда ўсимлик ривожланишининг эрта фазаларида зарарланган бўлса, зарарланган жойдан юқориси қинғир-қийшиқ бўлиб, барглари сарғайиб кетади. Хасва бошоқ асосига ёки бирор қисмига зарар етказса, ҳосил бўлаётган дон ривожланишдан тўхтаб, бошоқ қисман ёки бутунлай оқариб қолади. Ҳасва билан зарарланган ўсимлик майдонларида ҳашорат зичлигига қараб ҳосилдорлик 30-40% гача камайади. Янги дон уруғининг  унувчанглиги эса 50% гача пасайиши мумкин.

Хасвага қарши биологик қарши курашда пардақанотли паразит кушандаларидан бири теленомус яхши самара бериши мумкин. Теленомус зарарли хасва тухумини қидириб топиб ичига ўз тухумини қўяди. Натижада   зарарли хасва тухумлари зарарланади, улардан ҳашорат чиқмайди. Кузда дала атрофида тўп-тўп похол қолдириш теленомусларнинг ривожланиши учун шароит яратади. Бундан ташқари хасва тухуми ва кичик ёшдаги личинкаларига қарши курашда хонқизи ҳамда олтинкўз энтомофаглари қўлланилса, самарали натижага эришилади.

Ҳасвага қарши курашда агротехник тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга. Ҳосил йиғилгач биринчи галда хасва билан зарарланган далаларни шудгорлаш лозим. Зудлик билан ўтказилган бу тадбир натижасида хасва учун қўшимча ем бўлиши мумкин бўлган тўкилган дон ва улар билан  озиқланаётган хасвалар ерга кўмилиб нобуд бўлади. Эрта баҳорда кузда экилган ғаллани минерал ўғитлар билан озиқлантириш ва суспензия қўллаш, юқори сифатли уруғни эрта муддатларда экиш ҳам хасва зарарини бирмунча камайтиради. Эрта пишар навлар экилганда хасва уларда тўлиқ ривожланиб улгурмайди. Ҳозирги даврда хасва таъсирига чидамли навлар мавжуд бўлиб, мўл ва сифатли ҳосил олиш учун ана шундай навларни экиш тавсия этилади. Йиғим-терим ишларини кечиктирмай ўтказиш ишлари зараркунанда тўлиқ озиқланишнинг олдини олади. Кўплаб хасвалар озиқлана олмай қирилади. Механик тадбирлар сабаб кўпгина хасва личинкалари ҳам нобуд бўлади.

Зараркунандаларнинг зичлиги юқори бўладиган экин майдонларини кимёвий усулда ҳимоя қилиш керак бўлади. Зарарли ҳасва ва бир қатор бошқа ҳашоратларнинг асосий қишлаб чиқадиган жойи дала четидаги уватлар бўлганлиги сабабли, ҳашоратлар аниқланган уватларда ҳаво ҳарорати 10-12°дан ошганидан кейин ғалла экилган даланинг 20-30 м четига ва уватларга тавсия этилган препаратларни трактор пуркагичини биртарафлама қилиб ишлов бериш керак.

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси фитосанитария лабораторияси мудири Абдурауф Маҳмудов